Борингга минг шукр қиёматли дўст

Аллоҳ субҳанаҳу таоло биз бандаларига чексиз неъматлар ато этган. Шундай бебаҳо неъматлардан бири ҳақиқий дўстликдир. Ҳар бир инсон ўз умр йўлини босиб ўтар экан чинакам дўст-у биродарга эҳтиёж сезади. Дўстлик сўзи садоқат сўзи билан бир хил маънода ишлатилади. Садоқат сўзи араб тилидаги “ сидқ” сўзидан олинган бўлиб, “ тўғрилик”, “ҳаққонийлик”, “ самимийлик” каби маъноларни англатади. Шундай экан ҳар бир инсон ўз дўстига фақат ҳақиқатни гапирмоғи ва самимий муносабатда бўлмоғи лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “ У кунда ( яъни қиёмат кунида) тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирига душмандир “ ( Зухруф 67 )
Ояти каримада зикр қилинганидек фақатгина Аллоҳ учун дўст бўлган тақводор бандаларгина бу дунёда ҳам охиратда ҳам Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўладилар. Чунки ҳақиқий дўстлик Аллоҳ таоло йўлидаги дўстликдир. Тақводор дўстларнинг орасини моддий ёки маънавий манфаат эмас балки иймон номли энг кучли ришта бўлаб туради.
Аллоҳ таоло розилигидан бошқа нарса устида бино қилинган дўстликнинг асосида эса турли хил моддий ёки маънавий манфаатлар ётади. Кимдир обрў-еътибор учун дўстлашса, яна баъзи инсонлар мол-дунё илинжида дўстлашадилар. Бундай дўстликнинг умри қисқа бўлиб, бундай дўстларнинг манфаатлари тўқнаш келиб қолганда ёки кутилган манфаатга эриша олмаганда уларнинг дўстлиги завол топади. Бундай дўстларнинг қиёмат кунидаги аҳволи ҳам ачинарли бўлади. Чунки Аллоҳ розилигидан бошқа нарса учун дўст бўлганларнинг барчаси қиёмат кунида бир-бирларига душманга айланадилар. Дунёда бир-бирларини ёмон ишлардан қайтармаганликлари ва яхши ишларга буюрмаганликлари сабабли дўзахдаги ўринлари аниқ бўлиб қолади. Ўша кунда бундай дўстлар бир-бирларини маломат қилиб, сени деб шундай бўлди, бу гуноҳга сен бошладинг деб бир-бирларини айблайдилар.
Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “ Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстлардир, Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар …” ( Тавба71)
Бир-бирларини хайрли амалларга буюрган тақводор дўстлар эса жаннатга тушадилар. Бундай дўстларнинг оқибати хайрлидир. Чунки улар бу дунёда фақат яхши амалларни қилган ва ёмонликлардан қайтган бўладилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “ Агар икки киши Аллоҳ йўлида дўстлашса, улардан бири машриқда, иккинчиси мағрибда бўлса ҳам Аллоҳ таоло қиёмат куни иккаласини жамлаб қўяди ва: “ Мана Менинг йўлимда яхши кўрган дўстинг” деб бирига бирини айтади”, дедилар.
Шундай экан биз ҳам ўз ҳатти-ҳаракатларимизни мушоҳада қилайлик. Аллоҳ йўлида дўстлашган тақводор бандаларга ваъда қилинган жаннатни умид қилиб, бир-биримизни ислоҳ қилайлик, яхшиликкка буюриб, ёмонликдан қайтарайлик.
Аллоҳ субҳанаҳу таоло барчамизга тақводор дўстлардан бўлишликни насиб айласин!

Хадичаи Кубро аёл – қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 2 – курс талабаси
Абдуллаева Мухсина

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*