ТАВБАНИНГ МУКОФАТИ

Тавба сўзи аслида “қайтиш” маъносини англатади. Истеълоҳда эса банданинг гуноҳдан қайтиши ҳам тавба дейилар экан. Тавба нима учун керак? дейилганда Аллоҳ бизларга раҳмат эшикларини очади. Агар бизга тавба қилиш имкони берилмаганида эди ер юзида биронта ҳам инсон жаннатга кирмаган бўлар эди. Қачонки гуноҳ қила туриб тавба қилса шу бандани Аллоҳ яхши кўради. Тавба инсонларга келаётган балони ҳам қайтаришга сабаб бўлади. Масалан Юнус алайҳиссалом қавмига шиддатли азоб келиши муқаррар бўлиб турган пайтда, бутун қавм эркаклар аёллардан аёллар болалардан ажралиб қаттиқ тавба қилишиб йиғлашиб то саҳар вақтигача тавба қилганларидан кейин уларга келиши лозим бўлган балони Аллоҳ Таоло қайтарди. Кўряпмизки Тавба нақадар улуғ неъмат.
Али Тантовий Дамашқ масжидидаги маърузаларидан бирида шундай деган экан: “Бу масжиднинг номи “Тавба” бўлиб, эндиликда файзли маскан ҳисобланади. Масжиднинг номи нега “Тавба” дерсиз? Сабаби шундаки, илгари бу ер турли гуноҳ ишлар қилинадиган жой бўлган. Ҳижрий еттинчи асрда бир подшоҳ уни сотиб олади. Сўнг бинони бузиб ташлаб, ўрнига шу масжидни қурдиради. Бу масжидда Шайх Салим Суютий исмли олим етмиш йил имомлик қилдилар. Қишлоқ аҳли имомга қаттиқ ишонар, диний ва дунёвий ишларида унга кўп мурожаат қилишарди.
Масжидда фақирлик ва нафсини сақлашда зарбулмасал бўлган бир талаба яшар эди. Талаба икки кун туз тотмади: егулиги тамом бўлган, сотиб олишга пули йўқ… Очлик забтига олавергач, талаба чидамабди:
“Жон сақлаш учун ўлимтик ейишим ёки бирон егулик ўғирлашим мумкин”, деган хаёлга бориб, иккинчи фикрида тўхталибди…
Масжид жойлашган кўчадаги уйларнинг томи бир-бирига туташиб кетганди. Кўчанинг бу бошидаги уй томига чиққан одам нариги бошигача худди ерда юргандек кетиши мумкин эди.
Талаба ҳам масжид томига чиқиб, ундан қўшни ҳовлига ўтди. Қўшни ҳовлида аёллар бор экан, уларга назари тушмаслиги учун кўзини юмдида, наригисига ўтди. Қейинги ҳовлида ҳечса йўқ, боз устига пишаётган таом ҳиди келарди. Талаба бир сакраб айвонга тушди. Ошхонага кириб кўрдики, қозонда бақлажон пишмоқда! Шартта биттисини олиб, қайноқ эканига ҳам қарамай тишлади. Тишлаганини ютиб улгурмасидан ақли жойига келди: “Толиби илм бўла туриб, ўғирликка қўл уряпманми-а? Аллоҳим, Сендан паноҳ сўрайман… Ўзинг кечир…” Қилиб қўйган ишидан надомат чекиб, истиғфор айтди. Қўлидаги бақлажонни қозонга ташлаб, ортига қайтди. Масжидга келиб, Шайхнинг илм халқаси қўшилди. Қорни очлигидан сабоқ қулоғига кирмасди. Дарс тугаб, ҳамма тарқалгач, бир мастура аёл Шайхнинг ҳузурига кириб, биров эшитмайдиган даражада нималардир деди. Аёлнинг гапини эшитгач, Шайх ён- атрофига қаради. Талабадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Шунда Шайх талабани ёнига чорлади ва: Уйланганмисан? деди. Талаба йўқ, деб жавоб берди. Шайх: “Уйланишни ҳоҳлайсанми?” Талаба: “Эй хожам, менда пул йўқ, нимамга уйланаман?” Шайх айтди: Бу аёлнинг эри вафот этибди. Қари амакисидан бошқа ҳеч кими йўқ экан. Эрининг уйи ва молу давлати аёлга мерос қолибди. Аллоҳ ва Расулининг суннатига мувофиқ турмушга чиқиш ниятида келибди. Ёлғизликдан ўзига зарар етиши эҳтимолидан қаттиқ хавотирда экан… Хўш, унга уйланасанми? Талаба “Ха”, деб жавоб берди. Шайх аёлга юзланди. Сенчи, шу йигитга турмушга чиқишга розимисан? Аёл ҳам розилигини билдирди. Шайх аёлнинг амакисини чақирди ва икки инсон гувоҳлигида никоҳ ўқиди. Никоҳдан сўнг талаба аёл билан унинг уйига келди. Уйга киргач, аёл юзини очди. Талаба жуда гўзал ёш бир аёлни кўрди. Аёлнинг чиройига маҳлиё бўлган йигитнинг кўнглига бирдан хавотир оралади. Негаки, бу уй боя ўзи ўғирликга кирган хонадон эдида. Аёл “Овқатланасизми?” деб сўради. Йигит “Ха” деди. Қозонни очган аёл ҳайратдан донг қотди.
Ажаб, кимдир кириб бақалажонни тишлаб кетибди! Йигит йиғлаб юборди ва бўлган воқеани айтиб берди. Йигитнинг иқрорини тинглаган аёл шундай деди: Бу омонатдорликнинг мевасидир. Сиз ҳаромдан ўзингизни тийдингиз, бунинг эвазига эса Аллоҳ таоло мана шу уйни ҳам, эгасини ҳам сизга ато этди…

Тавба шу даражада улуғ, аҳамиятли амаллардан бири эканки, Қуръони Каримда 114та сурадан биттасини Тавба деб ажратиб қўйди ва уни Басмаласиз бошлади. Бунинг сабаби инсонларни тавбага чақириш, гуноҳкорларни гуноҳдан тийилишига бир ишора эди.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус билим юрти
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*