Бирни кўриб фикр қил…

Шифохонада эканман, бир қизнинг аҳволи мени ларзага солди. Ўн гулидан бир гули очилмаган, ўн саккиз ёшлардаги бу қиз оғир хасталикка чалинганди. Касаллиги инсонларга ибрат бўларли эди. Бечора қиз оғиз ракига чалинган, тупук безлари қуриб, ишдан чиққанди. Нам бўлмаганлиги сабабли оғзи қуриб, парча-парча бўлиб ёрилиб кетган, лабларида ҳам қон қотиб қолганди. Оғзи очилмас, тили айланмас, ютинолмасди.
Эй Аллоҳим! Бу нечук даҳшат, нечук ибратли бир аҳволки, ҳамма ижирғанадиган, туфлаб ташлайдиган тупук бечора қиз учун нодир-ноёб неъматга айланса!
Отаси бадавлат киши экан. Унинг фарёдларини ҳеч унутолмайман:
—Мадад бер, Аллоҳим! Бизларга ёрдам қил. Ожиз қолдик. Бир туфлам тупукка зор бўлиб қолдик. Уни тополмайман, сотиб ололмайман. Давлатим, кучим бунга етмайди. Мил-мил мол-мулким қизимга бир туфлам тупук олишга етмайди! – дея ёлворарди. «Ўзини қидирган аёл» китобидан
Инсоният учун яратилган Аллоҳнинг неъматлари бисёр. Уларни ҳар томонимиздан топишимиз мумкин. Бу ҳақда Аллоҳ толонинг каломи:
وَآتَاكُم مِّن كُلِّ مَا سَأَلْتُمُوهُ وَإِن تَعُدُّواْ نِعْمَتَ اللّهِ لاَ تُحْصُوهَا إِنَّ الإِنسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ (34) سورة إبراهيم
“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар”. (Иброҳим 34)
أَلَمْ تَرَوْا أَنَّ اللَّهَ سَخَّرَ لَكُم مَّا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ وَأَسْبَغَ عَلَيْكُمْ نِعَمَهُ ظَاهِرَةً وَبَاطِنَةً (20) سورة لقمان
“Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизларга бўйсундириб қўйганини, сизларга барча зоҳирий ва ботиний (моддий ва маънавий) неъматларини комил қилиб берганини кўрмадингларми?” (Луқмон 20)
فَبِأَيِّ آلَاء رَبِّكُمَا تُكَذِّبَانِ (13) سورة الرحمن
“Бас (эй инсонлар ва жинлар), Парвардигорингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея (яъни инкор қила) олурсизлар” (Раҳмон 13)
Баданимиз соғ, Ватанимиз осойишта, ейиш-ичиш, кийим-кечак, сув ва ҳаво, кеча ва кундуз, барчаси неъматдир. Бизнинг икки кўзимиз, икки қулоғимиз, икки лабимиз, икки қўл ва икки оёғимиз бор. Икки оёғимизда юришимиз оддий ҳолатдай гўё ваҳоланки қанча-қанча оёқлар кесиб ташланган ёки юролмайди. Қорнимизни мазали таомлар билан тўйғазишимиз, муздек сувдан хўплаб-хўплаб ичишимиз, таъмни сезишимиз-чи? Касал бўлганимизда оз фурсатга таъмни билмай қолсак, “Бунча тахир бу? Шунақаям бемаза бўладими?” дея нолишга тушамиз. Ахир дунёда умр бўйи ширин билан шўрни ажратолмайдиган касаллар, таомлари ифлосланиб, тоза сув ичиш орзуларига айланганлар қанча?!
Қулоқларимиз ҳақида тафаккур қилиб кўрайлик, улар карликдан саломатдир, ҳар турли сасларни эшитади. Кўзларимиз ҳақида тааммул қилайлик, улар сўқирликдан омондадир. Кеча ва кундузни, рангларни ажрата оламиз. Аслида биз буюк неъматлар ва улкан фазллар ичидамиз, лекин буни билмаймиз, доим ғамгин, тушкун, нолиган ҳолатда яшаймиз. Биз йўқ нарсалар ҳақида фикр қиламиз-у, бор нарсаларга шукр қилмаймиз, молиявий зарарлардан тинчлигимизни йўқотамиз ваҳоланки бизда бахтнинг калитлари, беҳисоб яхшиликлар, иқтидорлар, турли неъматлар ва бошқалар мавжуд.
Мана шундай улуғ неъматлар ичида ФИКРЛАШ таъкидлаш жоиз бўлган алоҳида бир неъматдир. Фикрлашни Аллоҳ таоло фақатгина ИНСОНга ато қилган.
إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لَآَيَاتٍ لِأُولِي الْأَلْبَابِ

Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир.

الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللَّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَى جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذَا بَاطِلًا سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) «Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин! (Оли Имрон сураси, 190-191-оятлари)
Фикрлаб биз оқни қорадан, яхшини ёмондан ажратиб оламиз. Ҳақнинг қудратини фикрлаб, Унга яқинлашамиз ёки нотўғри фикрлаб Ундан узоқлашамиз.
Атрофимиздаги инсонларни кузатиб, фикрлаб, улардан ўрганамиз ибрат ва ҳикмат оламиз. Яхши инсонлар бизга дарс беради. Ёмонларидан эса тажриба оламиз. Инсонларнинг яхши одатларини ўрганиб, улар каби бўлишга интиламиз. Баъзи одамларнинг ёмонликларини кўриб, биз ҳам шундай эмаслигимизга шукрлар келтирамиз. Шунинг учун ҳам доно халқимиз: “Бирни кўриб фикр қил, мингни кўриб шукр қил”, деганлар. Доно халқимизнинг ушбу сўзи Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларига ҳамоҳанг.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қачон бирингизнинг назари молда ва хилқатда ўзидан афзал қилинган кишига тушса, ўзидан пастга назар солсин”, дедилар”. Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Яна у кишидан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўзингиздан пастга назар солинг. Ўзингиздан баландга назар солманг. Мана шу Аллоҳнинг сизга берган неъматига беписанд бўлмаслигингизга муносиб”, дедилар”. Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадислари орқали инсоннинг ўз фикрини қай даражада назорат қилишни таълим берганлар. Биз дунё ишларида ўзимиздан юқорига қарасак, ҳавасимиз кучайиб, бора-бора ҳасадга айланиши ва бойликка ружу қўйиш каби ёмон иллатлар эгасига айланишмиз мумкин. Дин ишларида ўзимиздан пастга назар солсак, ўзимизнинг ишимиз ўзимиз учун улуғ кўриниб, “Мен ҳаммадан яхши қиляпман?” деб яхши амалларимизни чегаралаб, ёмон одатларга ўрганиб қолишимиз мумкин. Шундай экан, мол-дунё ва ҳуснда ўзимиздан пастроққа қараб бизга ато этилган неъматларга ҳамд айтишимиз, дин ва ибодат ишларида ўзимиздан устунроққа назар солиб улардан ибрат олишимиз лозим.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида: “Икки хислат бор. Кимда ўшалар бўлса, Аллоҳ уни собир ва шокир, деб ёзади: ким дунёсида ўзидан пастга назар солса ва ўзини ундан афзал қилиб қўйгани учун Аллоҳга ҳамд айтса ва ким динида ўзидан афзалга назар солса ва унга иқтидо қилса”, дейилган.
Фикрлаш бизни ҳаётда қандай инсон бўлишимизга ёрдам берадиган сифатлардан бири. Инсонлар бор одамларнинг фақат яхши томонларини кўради, баъзи инсонлар бор одамларнинг фақат ёмон томонларини кўради. Жалолуддин Румий айтганларидек бўлишимиз тўғри йўл тутишдир: “Атиргулга қараганда баъзилар унинг тиконини, баъзилар унинг гулини кўрадилар. Лекин атиргулни тикони билан севолсанг ҳақиқий севгидир”. Буюк шоир Алишер Навоийнинг қуйидаги байтлари ҳам гапимизни қуллаб қувватлайди:
Иллат излаганга иллатдир дунё
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё
Ҳар ким нени изласа топгай бегумон
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё.

Хадичаи Кубро билим юрти
мударрисаси Д. Махмудова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*