МЎЪМИННИНГ МЕЪРОЖИ−НАМОЗ

Намоз луғатда – дуо деган маънони билдиради. Шариатда − такбир билан очиладиган, салом билан тугатиладиган махсус сўзлар ва амаллардир. Беш вақт намозда фарзлик, витрда вожиблик ва у иккисидан бошқаларда суннатлик намознинг сифатидир.
Беш вақт намознинг фарз эканлигига Қуръондан далил: (Ҳаж 78)
فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَاعْتَصِمُوا بِاللَّهِ هُوَ مَوْلَاكُمْ فَنِعْمَ الْمَوْلَى وَنِعْمَ النَّصِيرُ} (78) سورة الحـج
Ҳадисдан далил:
Ибн Умардан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ислом бешта нарса устига қурилгандир: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг элчиси деб гувоҳлик бермоқ, намозни қоим қилмоқ, закотни бермоқ, ҳаж қилмоқ ва рамазон рўзасини тутмоқ”.
Намознинг шариатга киритилишининг бир қанча биз билган ва билмаган ҳикматлари мавжуд. Намоз – муножот, хушуъ, руҳий риёзат ва дунё ташвишларидан узилишдир. У қувват, руҳий таянч ва илтижо жиҳатидан сезиш мумкин бўлган Холиқ ва махлуқи орасидаги алоқадир. У руҳий меърож ва такрорланиб турувчи кундалик ҳаёт дарсидир. У руҳни гуноҳлар кирлигидан поклаш, ёмонликлардан сақлаш, қалбларни ислоҳ этиш ва Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукронадир. Намоз Маккада фарз қилинди, у аввал қуёш чиққанда икки ракъат ва ботганда икки ракъат эди. Кейинроқ исроъ ва меърож воқеасида беш вақт намоз фарз қилинди. Бу воқеъа ҳижратдан бир ярим йил олдин рамазон ойининг 17 сида бўлиб ўтди. Намознинг адо этилиши вожиблигининг сабаби Азал бўлган Аллоҳ таолонинг хитоби эканлигидан унинг ўзидир. Чунки ҳукмларни фарз қилувчи ёлғиз Аллоҳдир. Намознинг вожиб бўлишининг зоҳирий сабаби бу вақтдир. Шу вақт ичида кенгайтирилган тарзда вожиб бўлади-ки уни адо этишда вақт зиқлигидан шикоятга ўрин қолмайди, лекин шу узун вақт мобайнидан ҳам кечга сурса батаҳқиқ гуноҳкор бўлади.
Унинг вожиб бўлиш шартлари:
1. Ислом (мусулмонлик)
2.Балоғат
3.Ақл
Намозни тарк этувчининг ҳукми:
1. Унинг фарзлигини инкор қилган киши кофир бўлади
2.Уни беэътиборлиги сабабли тарк қилувчи киши фосиқ бўлади.
3. Намозни ўз вақтида адо этишдан кечиктирувчи гуноҳкор бўлади.
Намоз вақтлари:
Вақт бу намоз фарз бўлишининг зоҳирий сабабидир ва у намоз адо этилишининг шартидир, вақтдан олдин адо этиш мумкин эмас.
Аллоҳ таоло айтади:
{إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَّوْقُوتًا} (103) سورة النساء
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил алайҳис салом менга байтнинг олдида икки марта имомлик қилди. Бас, улардан биринчисида пешинни соя кавушнинг тасмасича бўлганида ўқиди. Сўнгра асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда ўқиди. Сўнгра шомни қуёш ботиб, рўзадор ифтор қиладиган пайтда ўқиди. Сўнгра хуфтонни шафақ ғоиб бўлганда ўқиди. Сўнгра бомдодни фажр ярақлаб, рўзадорга таом ҳаром бўладиган пайтда ўқиди. Иккинчи мартада пешинни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганида , кечаги аср вақтида ўқиди. Сўнгра асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлганида ўқиди. Сўнгра шомни биринчи ўқиган вақтда ўқиди. Сўнгра хуфтонни кечанинг учдан бири кетганда ўқиди. Сўнгра бомдодни ер ёришиб кўринганда ўқиди. Сўнгра Жаброил менга ўгирилиб қаради-да: “Эй Муҳаммад, мана шу сендан олдинги анбиёларнинг вақтидир. Вақт ушбу икки вақтнинг ўртасидадир” деди”, дедилар.
Пешиннинг вақти қуёшнинг заволидан кейин бошланади, бунга далил Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: (Исро-78 оят)
أقم الصلاة لدلوك الشمس
Пешиннинг энг афзали қуёш бироз совуганидан кейин ўқишдир, бу ҳукм айниқса иссиқ мамлакатларда яшайдиганларга хосроқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Саъид ал Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейдилар: “Пешинни салқинлатиб ўқинглар чунки ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир”
Қиш ва баҳор ойларида намоз энг аввалги вақтида ўқилиши лозимлиги хусусида келган ҳадислардан умумий тарзда олиниб, пешинни тезроқ ўқиб олиш мустаҳаб бўлади.
Аср вақти нарсаларнинг сояси ўзининг мислича бўлганидан бошланиб, қуёш ботгунигачадир. Ёз ва қишда уни кечиктириш мустаҳаб ҳисобланади. Бунга далил Али ибн Шайбоннинг ҳадисидир: “Мадинага расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келганимизда у зот асрни қуёш оппоқ бўлгунича кечиктирар эдилар”. Асрни қуёш сарғайиб ранги ўзгаргунича яъни шомга оз вақт қолгунича кечиктириш макруҳи таҳриймий ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадислари бунга далилдир: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Асрнинг вақти қуёш сарғайгунчадир” Булутли кунларда асрни эртароқ ўқиш мустаҳабдир. Бурайда ал Асламий айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда эдик, У зот: “Булутли кунларда намозни эртароқ адо этинглар, чунки ким аср намозини ўтказиб юборса унинг амали ҳабата бўлибди” дедилар.”
Шомнинг вақти қуёшнинг ботиши билан бошланиб, шафақнинг ғойиб бўлиши билан тугайди. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Шомнинг вақти шафақ йўқолгунчадир.” Барча мазҳабларнинг иттифоқига кўра қуёш ботганидан кейин шомни тезлаштириш мустаҳабдир.
Сафар, касаллик ёки дастурхон атрофида ўтиришлик каби сабаблар билан оз миқдорда кечиктириш жоиздир
Хуфтон ва витрнинг вақтлари қизил шафақ йўқолишидан бошланиб, субҳи содиқнинг чиқишигачадир. Хуфтонни кечанинг учдан бирининг аввалига кечиктириш мустаҳаб бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агарда умматимга машаққат бўлмаганида эди уларга хуфтонни кечанинг учдан бирига ёки ярмига кечиктиришни буюрар эдим.”
Фажрнинг вақти субҳи содиқдан қуёш чиққунича давом этади.
Бунг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг ҳадислари далил бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “бомдоднинг вақти қуёшнинг илк нурлари чиққунчадир” дедилар. Бомдодни жуда кам вақт қоладиган миқдорда кечиктириш ҳаром ҳисобланади.
Фарз намозларини ўқиш ҳаром бўладиган вақтлар:
1.Қуёш чиқадиган вақти, ҳатто-ки бир ёки икки найза бўйи кўтарилгунча.
2. Қуёш тикка келган вақт ҳатто заволгача
3. Қуёшнинг сарғайган пайти ҳатто ботгунича
Бу вақтларда ҳеч қандай намоз ўқиб бўлмайди, Маккада бўладими ёки бошқа шаҳардами фарқи йўқ, агар вожиб бўлган қазолар бўлса ҳам, бу вақт киришидан олдин зиммада лозим бўлган намозлар бўлса ҳам, худди витр, назр, икки ракъат тавоф намози, бу вақтдан бошқада ўқилган сажда ояти кабилар. Ҳар қандай намозга киришилган вақтда қуёш чиқишига, тикка келишига ва ботишига тўғри келиб қолса ҳадисга биноан фосид бўлади. Имом Абу Ҳанифа ва Муҳаммад наздиларида киши бомдод намозини ўқиётган пайтда қуёш чиқса намози ботил бўлади. Абу Юсуфнинг наздиларида макруҳи таҳримий бўлган ҳолда тўғри бўлаверади. Имом Абу Юсуф айтадилар: “Биз авом халқдан дангаса бўлганларини бутунлай намозни тарк этмасинлар деган мақсадда қуёш чиқаётган пайтдаги намоздан қайтармаймиз, бу намозни тарк қилишдан афзалдир.”
Бу вақтларда қазо намозлари ўқилмайди чунки улар комил суратда вожиб бўлган эди шунинг учун ноқис суратда адо этилмайди. Лекин бу вақтларда нафл намози, қайд этилган назр намози, шу вақтлардан бири ичида бузилган нафл намози, шу вақтларда олиб келинган жаноза намози, шу вақтларда ўқилган тиловат саждасигина макруҳи таҳримий эканлиги билан бирга мумкин бўлади. Афзали шуки, бу вақтларнинг бирида нафл намозига киришган киши намозини тўхтатиб, уни макруҳ бўлмаган пайтларда ўқимоқлигидир. (яъни унда фарз намозларини адо этиш ҳаром ва нафл намозларини ўқиш макруҳ бўлган пайтлар)
Бундай макруҳ пайтларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш билан шуғулланиш қуръон тиловатидан афзалдир, чунки қироъат намознинг асосий рукнларидан биридир.
Нафл намози ўқиш макруҳ бўлган пайтлар:
Нафл намозини қуйидаги вақтларда ўқиш макруҳ ҳисобланади :
1.Фарз намозларини ўқиш макруҳ бўлган пайтлар
2. Фажрнинг кириши ва қуёшнинг чиқишидан олдин, бомдоднинг суннати бундан мустасно. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳозир бўлган ғойиб бўлганларга етказсин-ки, бомдод кирганидан кейин шу куннинг бомдоди суннатидан бошқа намоз ўқилмайди.” Байҳақий ривояти Бунинг сабаби бомдод вақтининг барчасида фарз билан машғул бўлишлик учундир.
3. Бомдод намозидан кейин қуёш чиқиб кўтарилгунича бошқа нафл намозини ўқиш макруҳи таҳриймийдир. Бунга далил Абу Саъид ал Ҳудрий розияллоҳу анҳунинг ҳадислари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аср намозидан кейин қуёш ботгунича ва бомдод намозидан кейин қуёш чиққунича ҳеч қандай намоз ўқилмайди.” Муслим ривояти
4. Юқоридаги ҳадисга мувофиқ аср намозидан кейин қуёш ғойиб ҳам макруҳ ҳисобланади.
Бу икки вақтда яъни бомдод намозидан кейин қуёш чиқиб кўтарилгунича ва аср намозидан кейин қуёш ғойиб бўлгунича бўлган даврда қазо намозлари, жаноза ва тиловат саждаси кароҳиятсиз амалга оширилади, илло нафл ва бошқа вожиб намозларни ўқиш макруҳ бўлади.
6. Хатибнинг минбарга чиққан пайти ва жума ёки икки ҳайит хутбасини ўқишга ё улрдан бошқа хутбани ўқиш учун турган пайтида намоз ўқиш макруҳ
7. Фарз намозга иқомат айтилган пайтда. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу сўзлари далил:
“қачон намозга иқомат айтилса фарз намозидан бошқа намоз ўқилмайди.” Муслим ривояти .
Лекин масжидга бомдод намози учун иқомат айтилаётган пайтда кириб келса, аввал бомдоднинг суннатини ўқиб олади, сўнг имомга эргашади. Агар жамоатга етиша олмаслигидан хавфсираса суннатини тарк қилиб имом билан фарзни адо этади.
8. Ҳайит намозидан олдин уйидами, масжиддами нафл намозини ўқиш макруҳдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайитида ёки фитр ҳайитида (рамазон) чиқиб икки ракъат ҳайит намозини ўқидилар ундан олдин ҳам кейин ҳам бошқа намоз ўқимадилар. Муслим ривояти
9. Вақт кам бўлиб фарзнинг вақти ўтиб кетадиган ёки кечикадиган даражада кам муддат қолган пайтда ҳам нафл ўқиш макруҳдир
10. Арофат ва Муздалифадаги икки намознинг орасини жам қилиб ўқилганда. Бунга далил сифатида Жаъфар ибн Муҳаммаднинг отасидан ривоят қилган ҳадисини келтирамиз: у айтади “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арофотда бир азон ва икки иқомат билан пешин ва асрни ўқидилар, у иккисининг ўртасида тасбеҳ айтмадилар, шом билн хуфтонни бир азон, икки иқомат билан ўқидилар ва у иккисининг орасида тасбеҳ айтмадилар.” Муслим ривояти

Xadichai Kubro ayol qizlar islom bilim yurti katta o’qtuvchisi Ibragimova Surayyo

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*