Миссионерларнинг найранига алданманг

Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг маънавиятни юксалтириш, диний қадриятларни тиклаш борасида катта ишлар қилинди. Мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия ўртасида тотувлик, бағрикенглик хукм сураётганини алоҳида айтиш мумкин. Лекин диний қадриятлар эркинлигидан ғаразли мақсадда фойдаланувчилар чиқиб қолгани ҳам ҳақиқат. Бундайлардан баъзилари муқаддас Ислом дини номидан иш юритиб, унга доғ тушираётган экстремистик ҳамда террористик оқим ва ташкилотлар бўлса бошқалари христиан динини ниқоб қилиб олган секталар ва уларнинг « Миссионерлари» дир . Ушбу сўз лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.
Ҳўш, секталар ва уларни тарғиб қилаётган “миссионер”ларнинг нима зарари бор, деган савол туғилиши мумкин. Асосий эътиборни мана шу жиҳатга қаратсак.
Биринчидан, миссионерлик натижасида маълум бир динга эътиқод қилувчилар орасига анъанавий диндан ташқари ўзга дин кириб келади. Унинг ортидан ўзгача дунё қараш, урф-одат ҳам ёйила бошлайди. Бу эса ўз навбатида одамлар ўртасида диний, эътиқодий, ғоявий, фикрий бўлиниш ва қарама-қаршиликни вужудга келтиради.
Иккинчидан, “ташвиқот” натижасида бир динни иккинчи диндан устун қўйиш, ўз “диндошлари”га бошқача муносабату “ғайрилар”га ўзгача муносабат шаклланади ва бу муносабат оила, қавм-қариндошчилик, қўни-қўшничиликка ҳамда жамият бирдамлигига жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Учинчидан, бундай бўлиниш одамларнинг хусуматлашиши, жамиятдаги муаммоларни якдил ҳал қилмаслиги, охир-оқибат иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳаларда ҳам муаммолар бузилишига олиб келади.
Тўртинчидан, ўзга таъсир доирасига тушганлар миссионерларнинг тобеъларига айланиб қолишлари, уларнинг буйруқлари, кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилишлари натижасида разил ишларга ҳам қўл уради. Умуман олганда, бу услуб давлат ва жамиятни парчалаш, уни таназзулга юз туттириш, маънан қашшоқлаштириш, ўз муаммолари билан машғул қилдириб, мамлакатнинг бошқа муҳим вазифаларидан чалғитишнинг энг яхши воситаларидан ҳисобланади.
Жамоа аъзолари секта ғояларини фаол тарқатиш, сектага тааллуқли ишларни қолган барча нарсадан устун қўйиб, уни биринчи галда бажариш, керак бўлса, бу йўлда оила, ота-она, фарзанд, яқинлар, жамиятни тарк қилиш ёки уларга қарши чиқишга тарғиб қилинади. Шунингдек “тарғиботчилар” янги аъзоларини “Худога олиб боришлари” ҳам шарт ҳисобланади. Бу йўлда улар ҳеч нарсадан тап тортишмайди: алдаш, хийла ишлатиш, ўзини ростгўй, тақводор, бахтли, омадли, бой ёки қийналган, эзилган қилиб кўрсатиш каби бир қанча услублардан фойдаланишади.
Виждон эркинлиги диний ташкилотлар тўғрисидаги қонуннинг 5-моддасида бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик фаолияти ман этилади.
Исломнинг муқаддас китоби бўлган Қуръоннинг «Оли Имрон» сураси 18-оятида “Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом (дини) дир …”–дейилган. Қуръоннинг «Оли Имрон» сураси 85-оятида “Кимки исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса) ундан (у дин) сира қабул қилинмагай ва у охиратда зиён кўрувчилардандир ”–дейилган.
Хозирги илм-фан тараққиётга эришган вақтда кўплаб олимлар ўзларининг илмий кашфиётлари орқали Аллоҳнинг мўъжизаларига шоҳид бўлмоқдалар ва охир- охибат Исломнинг ҳақ дин эканига иқрор бўлиб, уни ўз ихтиёрлари билан қабул қилганларини эълон қилмоқдалар. Мана шундай бир пайтда ота-боболаримиздан қолган азалий ҳақ дин бўлмиш Ислом динидан кечиб, Аллоҳнинг назарида мақбул бўлмаган динларни қабул қилаётганлар аниқ адашганлардир!

“Хадичаи Кубро”
ўрта махсус ислом билим юрти
2-босқич талабаси
Араббоева Муслима

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*