Фарзанд иқболи – юрт истиқболи

Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган неъматлар ичида энг салмоқлиси, бу фарзанд неъматидир. Ҳар бир неъматнинг шукрини адо этиш шарт бўлганидек, ота-онанинг зиммасида фарзанд неъматини шукрини адо этиш вазифаси туради. Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи ва вазифаларининг энг муҳими, уларни соғ-саломат ўстириш билан бир қаторда ахлоқу одобли, дину-диёнатли қилиб вояга етказишдир. Фарзандларнинг дунё ва охиратлари обод ёки аксинча хароб бўлишида ота-оналарнинг ҳиссаси каттадир.
Ҳар бир ота – она ўз ҳаётининг давомчиси, истиқболининг таянчи бўлган фарзанди учун бутун борлиғини бағишлайди. Туғилган кунидан бошлаб ўсиб, улғайиб то балоғату камолот ёшига етиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгунга қадар ҳам меҳр мухаббат билан парвариш қиларкан унга илм, касб-хунар ўргатиб, хулқу-одобини ва феълу-атворини яхшилаш мақсадида куч-қуввати, ғайрати ва бор имкониятини қалб қўрига қўшиб армуғон этади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада ота-оналарга қарата : “Фарзандларингизга одоб ўргатинглар ва одобини чиройли қилинглар”-деганлар. Бошқа бир ҳадисда “Отанинг фарзандига берган нарсалари ичида энг яхшиси гўзал хулқдир”-деб мархамат қилганлар.
Боболаримиз ўтмишда ўз фарзандларига бир неча касбларни, жумладан отда чопиш, камон отиш, сузишни, икки-уч хорижий тилни ўргатганларки, ўша пайтдаги аксари ёшлар адабиёт, санъат, ухравий ва дунёвий илмлардан анча бохабар бўлганлар. Шунингдек, уларнинг ўтмиш меросимиздан ҳам оқилона баҳраманд бўлганликлари яхши маълум. Лекин ҳозирда айрим ота-оналар «болани ёшликдан меҳнатга кўниктирай, ишлаб пул топсин, ёнимга кирсин», деб илм олишни чеклаб қўяётган бўлсалар, баъзилар эса аксинча «ҳа, энди даврида ўйнаб қолсин, бизга ўхшаб меҳнатда эзилмасин, пулга ўрганмагани маъқул», деб фарзандларини ҳунарсиз, меҳнатга лаёқатсиз қилиб тарбиялаб қўймоқдалар. Бу маънода тарбия бир томонлама бўлиб қолмаслиги муҳимроқ.
Инсоннинг жисмоний, руҳий ва ақлий камолотига асосан болаликда пойдевор қўйилади. Инсон шахсиятини тарбиялаш ҳам асосан унинг ёшлигидан бошланади. Яхши, гўзал тарбия олган болалар улғайгач хуш ахлоқли, гўзал, одобли инсонлар бўлиб етишади. Тарбияси бўш ёки ёмон тарбия кўрган болалар ношукр, ахлоқсиз ва беодоб кимсалар бўлиб улғаяди ва бундайлардан жамият катта зарар кўради.
Фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом ўсиши, уларнинг бахтли, саодатли, фаровон ҳаёт кечиришлари учун жуда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Фарзандларимизга бундай катта эътибор ва ғамхўрликларга муносиб бўлишларини уқтирайлик. Биз ўзимиз ҳам фарзандларимиз, набираларимиз бахти учун суюниб яшайлик. Бундай дориломон саодатли кунлар тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт маҳсули эканини фарзандларимизга тушунтирайлик, токи улар бу кунларнинг қадрини чуқур англаб етсинлар.
Аллоҳ бир нарсани иккинчисига сабаб қилиб қўйган. Мисол учун: кимни қорни очса, озиқ-овқат тановул қилмаса ўша очликни кетмайдиган қилиб қўйган. Аллоҳ туғилган фарзандни ким бўлиб етишига тарбияни сабаб қилиб қўйди. Фарзанд тарбияси яхши бўлса, у яхши инсон бўлиб етишади. Аввало ота-она фарзандларига намуна бўлиши керак. Пайғамбаримиз: “Бир аёл ўз фарзандига бу ёққа кел, сенга мана бу нарсани бераман, деб чақирса-ю, боласи келганда бермаса, ёлғончилигига шуни ўзи кифоя қилади”-дедилар. Чунки она соф табиатли фарзандига ёмон намуна кўрсатди. Ёлғончилик қилди. Фарзанд ўзига энг яқин зотдан мана шуни кўриб тақлид қилишни ўрганади ва мен ҳам ёлғон гапирсам, одамларни алдасам бўлаверар экан, деган хулосага келиб қолади.
Абдулла Авлоний шундай деган: “Тарбия қилувчилар табиб кабидир-ки, табиб хастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл иллатига “яхши хулқ” деган давони беради. Ортидан “поклик” деган давони бериб катта қилмоғи лозим бўлади. Бу сўзлар замирида юксак тажриба самараси ўлароқ, тарбияни тарбиячи ўзидан бошламоғи зарурлиги келиб чиқади. Зеро бола эшитганларидан кўра кўпроқ кўрганларига эргашади”.
Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизнинг илму фан ва касб ҳунар соҳиблари бўлиб етишишлари учун давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрлик билан бирга ота-оналарнинг бу борадаги доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.
Фарзандларимиз ота-онаси, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини доимо ҳис қиладиган, комил инсон бўлиб етишишида Парвардигорнинг Ўзи мададкор бўлсин.

“Хадичаи Кубро”
ўрта махсус ислом билим юрти
мударрисаси Ходжимуратова З.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*