МОТУРИДИЙ ТАЪЛИМОТИГА КЎРА ИМОН НИМА?

Бугунги кунда мусулмонлар орасида имоннинг заиф ёки кучли бўлиши ҳақидаги хато эътиқодий тушунча тарқалмоқда. Бу эса, ўз навбатида мусулмонлар ўзаро бир-бирларини имонда табақалаштиришга олиб борувчи, бир-бирини кофирга чиқаришга етаклайдиган иллатли тушунчадир. Мана шу каби янглиш фикрларни олдини олиш мақсадида, аввало, ислом дини асосларида имон тушунчаси қандай эканлигини аниқлаб олишимиз лозим.
Имон исломнинг биринчи шарти ҳисобланади. Имон сўзи луғатда «ишониш», «тасдиқлаш» маъноларини англатади. Имоннинг истилоҳий маъносини эса, қуйидаги ҳадисдан билиб олишимиз мумкин: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом имон ҳақида берилган саволга: «Аллоҳга, унинг фаришталарига, китобларига, расулларига ва охират кунига, яхши ва ёмон тақдирга имон келтирмоғинг» деб жавоб бердилар.
Юқоридаги ҳадиси шарифда имоннинг шариат истилоҳидаги маъноси ўз аксини топган. Демак, ҳадисда келтирилганларнинг барчасига ишонч билдириш имон ҳисобланади.
Имоннинг моҳиятини янада кенгроқ очиб бериш мақсадида, уламолар имонни таркиб жиҳатидан ҳам таърифлайдилар. Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ имонга қисқа қилиб, шундай таъриф берадилар: «Имон – иқрор ва тасдиқдир». Яъни, имон тилда иқрор қилиб, қалб билан тасдиқлашдир. «Моида» сурасининг 83-85-оятларида шундай дейилади: «Расул (Муҳаммад)га нозил қилинган нарса (Қуръон)ни эшитганларида, унинг ҳақлигини англаганларидан кўзлари ёшга тўлаётганини кўрасиз. Айтадилар: «Эй, Раббимиз! (Биз Муҳаммадга) имон келтирдик. Бизни шаҳодат аҳли билан бирга ёзгин! Аллоҳга ва бизга келган ҳақ (пайғамбар)га қандай ҳам имон келтирмайликки, ўзимиз Раббимиздан солиҳларга қўшиб (жаннатга) киритишини умид қилаётган бўлсак?!» Айтган (шу) гаплари туфайли Аллоҳ уларни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари билан мукофотлагай ва у ерда абадий қолурлар. Бу чиройли иш қилувчиларнинг мукофотидир». Ояти каримадан кўриниб турибдики, имон қалбда тасдиқлаш (унинг ҳақлигини англаганларидан кўзлари ёшга тўлаётганини кўрасиз) ва тил билан иқрор қилишдир (айтган (шу) гаплари туфайли Аллоҳ уларни остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари билан мукофотлагай ва у ерда абадий қолурлар).
Имом Мотуридийнинг «Китоб ат-тавҳид» асарида ҳам, имон қалб билан тасдиқланиши таъкидланиб, қалб тасдиғисиз имон калимаси ҳақиқатга ўтмайди. Мотуридия давомчиси Абул Юср Паздавий имон – тил билан иқрор ва қалб билан эътиқод қилиш, деб келтиради. Имом Мотуридий «амаллар имоннинг шарти эмас»лигини Аллоҳнинг қуйидаги сўзи билан далиллайди. Қуръони каримда Аллоҳ имонни алоҳида, амалларни алоҳида ажратиб, шундай марҳамат қилади: «Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир…» (Бақара, 277). Бу ояти каримада яхши амалларни қилиш доимо лозимлиги ҳақида гап бормоқда. Қуйидаги оятдан ҳам имон ва амалларининг алоҳида-алоҳида эканлигини фаҳмлаш қийин эмас: «Кимки, мўмин бўлган ҳолда эзгу ишларни қилса, бас, у зулмдан (қилмаган гуноҳларга жавоб беришдан) ҳам, камайишдан (савоби тўла берилмай қолишдан) ҳам хавфсирамас» (Тоҳо, 112). Аллоҳ таоло мазкур оятларда амал қилмасдан аввал ҳам уларни мўминлар деб атади. Шунингдек, Қуръонда зикр этилган Фиръавн ва Мусо алайҳиссалом қиссасида сеҳргарларнинг Мусо алайҳиссаломга имон келтирганлари ва улар ҳали амалсиз бўлсада, имонлари тўғри эканлиги борасида аҳли илм орасида ихтилоф йўқ.
Амаллар имоннинг бир бўлаги бўлиш ёки бўлмаслиги уламолар орасида баҳсни юзага келтирган. Бу мавзудаги баҳснинг мантиқий давоми имоннинг зиёдалашуви ва нуқсонли бўлиши борасидаги кейинги баҳсни тақозо этади. Амал имоннинг бир қисми, деб ҳисоблайдиган ақидавий йўналишлар, имон зиёдалашади ва ноқис бўлади, деб ишонадилар. Уларнинг фикрича, имоннинг таркибий қисми ҳисобланган амалларнинг зиёдалашуви ёки камайиши ўз навбатида имоннинг ҳам зиёдалашуви ёки камайишига олиб келади. Имом Мотуридий ва мотуридийлик йўналиши олимлари эса амални имонга қўшмайди, шу сабабли уларнинг наздида имон зиёдалашмайди ва камаймайди (нуқсонли ҳам бўлмайди) ҳамда ҳар бир мўмин-мусулмон комил имон соҳибидир. Имом Мотуридий буни шундай изоҳлайди: “Инсоннинг қалбида имон худди осмонда ой ягона бўлгани каби ягона бўлади. Агарда у камайса, яримта, кўпайса бир ярим ёки иккита бўлиши керак. Бу эса ҳақиқатга зиддир. Имоннинг фақат қалбдаги нуригина яхши амаллар сабабли ёруғлашиши ва хиралашиши мумкин. Шунингдек, гуноҳ ишлар қилиниши имон нурининг хиралашишига олиб келади”. Мана шу ёндашув Қуръон ва суннага тўлиқ мосдир.
Мотуридия ва ашъария ақидалари орасидаги саноқли фарқлардан бири ҳам айнан имоннинг зиёдалашуви ва ноқис бўлиши борасидадир. Яъни, Имом Ашъарийдан икки хил қараш ривоят қилинган: бири, имон зиёдалашади ва ноқис ҳам бўлади, чунки амал мукаммал имоннинг бир бўлаги ҳисобланади. Иккинчиси, имон зиёдалашмайди ва ноқис ҳам бўлмайди. Лекин кейинги даврларда имоннинг зиёдалашуви ва ноқис бўлиши ҳақидаги ақида ашъарийлар орасида асосий ўрин тутди. Аммо ашъарийликда амаллар таъсирида имоннинг ўзи зиёдалашади ва ноқис бўлади, дейилиши билан бирга фақат мукаммал ёки комил имон амални тақозо қилиши айтилиб, амал қилмаган мўмин имондан чиқмаслиги таъкидланади.
Аҳли сунна ва жамоа эътиқодига кўра, агар бирор киши имон келтирса-ю, лекин амалларни тўлиқ бажармаса, ўзи эса гуноҳлардан узоқ бўлмаса, ундай киши «аҳли қибла» дея эътироф этилади ҳамда мўмин деб ҳисобланади. “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Роббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остида анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!…”(Таҳрим, 8). Гуноҳ содир этган мўминларга юқоридаги оятда “Эй, имон келтирганлар” дея мурожаат қилиниши эътиборга молик.
Набий алайҳиссалом: «Уч нарса имоннинг аслидир: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кимсага тегмаслик, гуноҳи туфайли уни куфрда айбламаслик, амали туфайли уни исломдан чиқармаслик», деган эдилар. Ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кимсага тегмаслик, уни кофирга чиқармаслик ва диндан чиқармаслик имоннинг асли ҳисобланади. Ҳатто Имом Ашъарий амални мукаммал имоннинг бир бўлаги сифатида қараса ҳам, амал қилмаган кишини «кофир» деб билмайди. Ислом умматининг илк бўлиниши натижасида юзага келган хорижийлар амал қилмаган, гуноҳкор кишини «кофир» деб билганлар, мўтазилийлар эса имонсиз деб ҳисоблаганлар. Бу ёндашув эса, ўз вақтида мўмин-мусулмонлар ўртасида тўхтовсиз уруш, низо ва келишмовчиликларни келтириб чиқарган.
Аллоҳ таоло ўз бандаларига: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг” (Оли Имрон, 103) деб буюради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Расули Акрам алайҳиссалом: «Ихтилоф қилманглар, яна қалбларингиз ихтилофли бўлиб қолмасин», деб бежиз огоҳлантирмаганлар. Шундай экан, ақида илмининг имон каби нозик масаласида эҳтиёткорлик билан фикр юритишимиз, бу борада фирқаланмаслигимиз мақсадга мувофиқдир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
ўқитувчиси Н.Хакимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*