ШАРҲЛАБ ЎҚИТИШ УСУЛИ

Шарқ мамлакатлари, айни замонда, Марказий Осиё мадрасаларида асосий ўқитиш усулларидан бири – шарҳлаб ўқитиш усули тарихий анъанага эга. Шарҳлаб ўқитиш Х асрдан эътиборан мадрасаларга ҳамда қисман мактабларга татбиқ этила бошланди. Шарҳ фақат мадрасаларда ўқитиладиган асарлар учун эмас, балки барча илмий асарларга кенг изоҳ бериш, муаллифнинг фикрларини кенгайтириш, соддалаштириш учун хизмат қилган. Маълумки, мадрасаларда аниқ фанлардан: риёзиёт, фалакиёт, ҳандаса, жўғрофия, тиб илмлари; ижтимоий фанлардан: мантиқ, фиқҳ, илми қофия, илми бадеъ, илми маоний кабилар ўқитилган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, бу фанлар йўналишида улуғ олимлар томонидан яратилган илмий асарлар талабалар билим савиясидан анча юқори эди. Олимлар кўп ҳолларда ушбу асарларини ёзаётган вақтда мадраса талабаларининг билим савиясини, ёшлик хусусиятларини ҳисобга олмаган ҳолда ўзларининг билимларини асарга киритганлар. Чунки бу асарлар дарслик эмас-да. Шунинг учун талабалар ўқиётган асар материалларини пухта ўзлаштира олмаганлар, қийналганлар. Буни яхши тушунган кенг маълумотли мударрислар – олимлар бундай асарларни талабаларбоп қилиб қайта ишлаб чиққанлар. Улар мадрасада ўқитиладиган ҳар бир асар учун шарҳ ёзганлар. Мазкур шарҳловчи олимлар асарнинг бошидан охиригача шарҳ беришга, асар муаллифининг фикрларини кенг миқёсда очишга ҳаракат қилганлар. Бундай шарҳлар мадраса талабаларининг асарни тушунишлари учун катта ёрдам берган. Демак, талаба илмий асарни ҳам, унга ёзилган шарҳни ҳам ўқишга мажбур бўлган. Шарҳ асардаги ҳар бир муаммони очишга хизмат қилган. Айниқса, мантиқ илмини, илми аруз, илми маоний, илми бадеъ каби адабиётга оид илмларнинг моҳиятини очишда шарҳлаб ўқитиш усули катта ёрдам берган.
– Мударрислар талабалар таълим-тарбиясига ниҳоятда катта масъулият билан қараганлар. Ўз даврининг олимлари томонидан ёзилган ва дарслик сифатида фойдаланиладиган асарлар талабалар руҳиятини, билим савиясини яхши билган мударрис – педагоглар, бундай асарларга шарҳ ёзганлар. Шарҳловчи мударрис дарслик-асарнинг бошидан охиригача тушунтириш матнини ёзган, асар муаллифининг илмий фикрларини кенг таҳлил этган, керакли ўринларда шу мавзудаги бошқа илмий асарлар билан муқояса қилган. Шундай шарҳ берувчиларни шориҳ – деб атаганлар. Шориҳлар мударрис-педагог бўлиш билан бирга, ўз даврининг билим доираси анча кенг олимлари ҳам бўлганлар. Кўп ҳолларда шориҳлар шарҳларни китобнинг ҳар бети ҳошиясига ёзганлар. Бундай шарҳни шарҳи муҳашшо ёки ҳошияйи шарҳ деб атаганлар.
– Маълумки, Шайх Саъдийнинг «Гулистон» асари неча-неча асарлар давомида мадрасаларда ўқитилган. 1909 йилда Муродхўжа домла Солиҳхўжа ўғли уни ўзбек тилига таржима қилган; шу билан бирга, талабаларга ва мударрисларга қулай бўлсин учун кўпгина сўфиёна фикрларга, жўғрофий номларга, тарихий исмларга кенг шарҳ берган. Шундай шарҳлар талабалар учун асар мазмунини, бадииятини, ижодкорнинг фалсафий қарашларини чуқур идрок қилиш имконини берган. Шунинг учун ҳам китобга шарҳ берувчи мударрис турли манбаларни кўздан кечиради ва шарҳ учун материаллар тўплайди. Ўз вақтида Алишер Навоий раҳнамолигида ҳам Ҳирот шаҳрида ўнлаб шориҳлар етишиб чиқдилар.
– Буюк мутафаккирлар асарларига ёзилган шарҳлар талабалар учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлган. Бу ҳақда қомусий олим Ибн Сино ўзи билан кечган қизиқ бир воқеани ҳикоя қилади. Ибн Сино одати бўйича китоб дўконларини айланиб юрганида саҳҳоф унга бир китобни тавсия қилади ва пулга ниҳоятда муҳтожлигини ҳам айтади. Ибн Сино бу китобни дўкондор айтган нархга олади ва уйидаги китоб жавонига ташлаб қўяди. Кунлардан бир кун олим шу китобни варақлай бошлайди. Тасодифни қарангки, у даражада хушига ёқмай олган ушбу китоб Арастунинг «Метафизика» асарига Абу Наср Форобий томонидан ёзилган «Мо баъда ат-табиа» («Табиатдан ташқари нарсалар») шарҳи эди. “Арастунинг «Табиатдан ташқари нарсалар» китоби мақсадларини тушунмай, диққат бўлиб юрардим. Бир кун Абу Насрнинг бу борада шарҳини топиб олдим, бундай китоб топганимдан хурсанд бўлиб, худога шукур қилдим ва атайлаб рўза тутдим, фақирларга хайр-садақа улашдим”.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти мударрисаси Г. Қурбонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*