ҲАЛҚА УСУЛИ

Ҳалқа усули – снфдаги талабаларнинг устоз атрофида ҳалқа шаклида ўтиришиб дарс ўрганишларидир. Бу усул энг қадимий усуллардан бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу усулни биринчилардан бўлиб қўллаганлар. Саҳобийлар даврида тайин қилинган муаллимлар Қуръон ўрганувчиларни ўнликларга бўлиб олиб, ҳалқа шаклида ўтқазиб олардилар. Ҳар бир ўнликка етакчи бир устоз тайинланарди. Устозлар Қуръон ўрганувчиларга бир оятдан ўқиб беришарди. Ўқувчилар улардан эшитганларини такрорлаб ёд олишар эди. Қуръон тўлиқ хатм қилингач, устоз ўқувчиларни имтиҳон қиларди. Синовдан ўтганлар устоз ҳузурига бошлаб борилиб, қайтадан имтиҳон қилинарди. Шундан кейин уларга бошқаларни ўқитишга ижаза (рухсат) бериларди. Ижаза олган қори ўз ҳалқаси (ўнлик)да “халфа” қилиб тайинланар ёки ўзи алоҳида ажралиб чиқиб, Қуръон таълимини мустақил давом эттирар эди.
– Мадрасада дарсни ташкил этиш тартиби қуйидагича бўлган: битта дарсликдаги айнан бир бобни ўрганаётган 10-15 нафар талаба бир синф хонасига тўпланишган ва ўзларига оқсоқол (сардор) сайлаб олишган. Бу гуруҳ «жамоа», унинг оқсоқоли эса «қори жамоа» деб номланган. Дарсни бошлаш учун оқсоқол мударриснинг ҳузурига борар ва ундан мазкур гуруҳ билан машғулот ўтказиш учун изн сўрарди. Улар машғулот бошида ҳар бир талаба билан алоҳида, кейин эса бутун ҳалқадагилар билан шуғулланишар эди. Ўз ўрнида гуруҳда яхши ўзлаштирган талаба ўзидан паст ўзлаштирувчиларга ёрдам бериши ҳам жорий қилинган эди. Мазкур усул орқали кўп куч сарф қилинмасдан кўпчилик болаларни саводли қилиш имконияти мавжуд бўлган. Шу тариқа яхши ўзлаширувчи талабалар ўз билимларини нафақат мустаҳкамлаш, балки амалиётдан ўтказиш имкониятига эга бўлишган. Натижада улар малакали мутахассис даражасигача етиб боришган. Шундай қилиб, мадарасалар ўз даврининг сараланган малакали-илмий марказларига айланган. Мисол тариқасида, биргина Улуғбек мадрасасида Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Улуғбек, Али Қушчи математика ва астрономия илми фанидан, Ҳожи Бурҳониддин тиббиёт илмидан, Фазлуллоҳ Абулайсий фиқҳ, илми бадеъдан, Абулқосим Самарқандий тилшунослик, адабиётшунослик илмларидан, Абдураҳмон Жомий сарф ва наҳвдан дарс берганлар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти мударрисаси Г. Қурбонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*