САҲОБИЙЛАРНИНГ ФАЗЛИ ?

«Саҳобий» сўзи араб тилида «суҳбатдош», «сафдош», «тарафдор», «ҳамроҳ» каби маъноларни англатади. Муҳаддислар истилоҳида саҳобий бу,-«Расулуллоҳни кўриб, имон келтирган ва мусулмонлик ҳолида вафот этган кишидир» дейишган.. Шунингдек, ҳали балоғатга етмаган бўлса-да, гапга тушуниб унга жавоб бера оладиган ёш бола ҳам саҳобий ҳисобланган. Масалан, Расулуллоҳни ўспиринлик чоғида кўрган Али ибн Абу Толибнинг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн, Маҳмуд ибн Рабиъ кабилар ҳам саҳобийлар қаторида зикр этилади. Бу, муҳаддислар фикри билан айтганда энг ишончли таърифлардан ҳисобланади.
Барча саҳобийлар Қуръони карим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг эътирофларига кўра, «одил» («адолатли», «ростгўй») кишилар ҳисобланади. Бу борада ҳеч ким, хусусан, муҳаддислар, фақиҳлар ва усулул фиқҳ олимлари ва бошқалар ихтилофга бормаганлар. Шунинг учун уларнинг адолати ҳақида баҳс юритилмайди.
Саҳобийларнинг фазли борасида Қуръони каримнинг бир неча сураларида оятлар келган. Жумладан:
«Фатҳ» сураси 29-оят: «Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) рукуъ ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз…».
«Ҳашр» сураси 8-9 оятлари: «(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган камбағал муҳожирларникидир, зеро, улар Аллоҳдан фазл ва ризолик истайдилар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берадилар. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадинадек) диёрда яшаган ва имонни сақлаганлар (ансорлар) эса ўзлари (ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суйгайлар ва дилларида уларга берилган нарса (ўлжалар) сабабли ҳасад сезмаслар ҳамда ўзларида эҳтиёж бўла туриб, (эҳсон қилишда бошқа муҳтожларни) ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар».
«Анфол» сураси 74-оят: «Имон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида (ёвга қарши) курашганлар ҳамда (муҳожирларга) жой бериб ёрдам қилганлар, айнан ўшалар ҳақиқий мўминдирлар. Улар учун мағфират ва фаровон ризқ бордир».
«Фатҳ» сураси 18-оят: «(Эй Муҳаммад!) Дарҳақиқат, Аллоҳ мўминлардан – улар дарахт остида Сизга байъат (қасамёд) қилаётган вақтларида – рози бўлди. Бас, У уларнинг дилларидаги нарса (садоқат)ни билиб, уларга хотиржамлик туширди ва уларни (Хайбар жангидаги) яқин ғалаба билан мукофотлади».
«Тавба» сураси 100-оят: «Муҳожирлар ва ансорларнинг дастлабки пешқадамлари ҳамда улар ортидан эзгулик билан борганлардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар» каби оятларни мисол сифатида келтириш мумкин.
Ҳадисларда ҳам саҳобийларнинг фазли ҳақида кўплаб ривоятлар келган. Масалан: Имом Бухорий Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Одамларнинг (умматимнинг) энг яхшиси менга замондош бўлгани, сўнг улардан кейингилари»,-деганлар. Бошқа ривоятда «Менинг энг яхши умматим менга замондош умматимдир»,- деганлар. Мазкур ҳадисларнинг барчаси саҳобийларга қарата айтилган.
Шунингдек, баъзи саҳобийларнинг фазли ҳақида алоҳида ҳадислар ҳам мавжуд. Ҳадис тўпламларида бундай ривоятлар «Саҳобийлар маноқиби» боби остида келтирилган. Жумладан, Имом Бухорий Барро ибн Озиб (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларига ҳадя қилинган нафис ипакдан қилинган энг яхши кийимни назарда тутиб: «Саъд ибн Муознинг жаннатдаги рўмолчаси бундан яхшироқдир» деганлар. Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ҳар бир умматнинг ишончли кишиси бор, бизнинг ишончли кишимиз эса, эй умматим, Абу Убайда ибн Жарроҳдир», деганлар. Бошқа саҳобийлар ҳақида ҳам шунга ўхшаш ҳадислар мавжуд.

Имом Абу Ҳанифа «ал-Фиқҳ ал-акбар» асарида қуйидагиларни айтганлар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг барча саҳобийлари яхши сўз билан эсга олинади». Имом Таҳовий (ваф. /933 й.) «ал-Ақида ат-таҳовийя» асарида эса: «Расулуллоҳнинг барча саҳобийларини дўст тутамиз. Дўст тутишда ҳаддан ошиб, ўтиб кетмаймиз. Улардан ҳеч кимни душман тутмаймиз. Уларни ёмон кўрувчиларни ёмон кўрамиз. Уларга фақат яхши сифатларни нисбат берамиз. Уларга муҳаббат боғлашлик – бу дин, имон, эҳсон белгисидир. Уларни ёмон кўришлик – бу куфр, нифоқ ва туғён аломатидир. …Саҳобийлар ва тобеийлар фиқҳ ва ривоят аҳли бўлиб, улуғ мартабали зотлардир. Уларни фақат яхшилик билан ёд этиш лозим. Кимки уларга ёмонлик нисбатини берса, у ўта адашганлардандир»,- дейилган.

“Хадичаи Кубро”
ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси
И.Нурмуҳамедова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*