Етимларга яхшилик қилиш

Араб тилида “етим” атамаси отаси вафот этган, онаси билан қолган, вояга етмаган болага айтилади. Вояга етиб, балоғатга етса, етимликдан чиқади. Етим, одатда ожиз, заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи хаққини поймол қилувчи шахсни диндор деб бўлмайди.
Етимларга ёрдам бериш ниҳоятда савобли иш ҳисобланади. Етимларга овқат, кийим, кечак, таълим ва тарбия бериш ҳар бир мўмин мусулмоннинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади.
Агар бепарво қаралса, камситилса разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Шунинг учун мўмин мусулмонлар етимларнинг ҳолида хабар олишга, уларга ёрдам бериш, қўлидан келганча тарбия беришга катта аҳамият беришлари керак. Буюк шараф ваъда қилинган ҳадисларга амал қилган ҳолда бу масала мусулмон умматида қадимдан ниҳоятда яхши йўлга қўйилганди. Ҳозирги кунда ҳам мўмин – мусулмонлар ўз динини маҳкам тутган жойларда бу нарсага катта аҳамият берилади. Ҳасан Басрийдан ривоят қилинга мана бу ҳадисда шундай дейилади:
“Ибн Умар қачон овқат еса, ҳузурига бир етим ҳозир бўларди. Бир куни у таом келтиришни буюрди. Етимни ҳам таклиф қилиб, уни топа олмади. Ибн Умар еб бўлганда у келди. Ибн Умар унга ҳам таом келтиришни буюрди. Оқат қолмаган эди. Талқон билан асал келтирилди. Шунда Ибн Умар р. а.: “ Мана булардан ол, Аллоҳга қасамки, сен камчиликка учрамадинг”, деди. Ҳасан: “Аллоҳга қасамки, Ибн Умар ҳам камчиликка учрамади, деди”.
Абдуллоҳ Ибн Умар р.а. етим болаларга шунчалик яхшилик қилганларки, у кишининг ҳузурларида ҳеч бир етим камчиликка учрамаган. Ҳазрати Абдуллаҳ Ибн Умарнинг ана шундай катта фазилатлари бор эди. Саҳобаларнинг бундай амаллари ҳозирги кунда мўжизага ўхшаб кўринади. Ибн Умар ҳеч қачон ўзлари ёлғиз овқат емаганлар. Ёнларига ё етим, ё фақир-мискинлардан бирор киши келмаса, таомга қўл узатмас эдилар. Ҳатто овқатга кеч қолган етимга ҳам борини тақдим қилганалар ва унинг кўнглини кўтарадиган гапларни айтганлар. Абдуллоҳ ибн Умар р.а. дан барчамиз ўрнак олишимиз керак.
Исломда етимпарварликка алоҳида эътибор берилганини ушбу ҳадис ва ривоятлардан ҳам билиб олиш қийин эмас. Мусулмон уммати ўз тарихи давомида етимлар риоясини қойил қилиб ўринлатиб келгани ҳаммага маълум. Бунга жаҳон урушидан кейинги даврда халқимиз кўрсатган етимпарварликни мисол қилсак бўлади. Етимлар исломдаги каби ўзларига олийжаноб муомалани кўрмаганлар. Уларни кафолатга олиш ишини ҳаммадан кўра мусулмонлар қойиллатганлар. Бунга тарих ҳам шоҳиддир.
Ҳозирги кунларда ҳам ислом оламининиг турли тарафларида етимларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир мўмин мусулмон кимса етимларнинг хаққини унутмаслиги лозим. Аста секин бўлса ҳам етимпарварликни аждодларимиз амалга оширганлари каби савияга олиб чиқишимиз керак. Ҳар ким фарзандлари қатори уларни оилаларига қабул қилсалар, фарзандлари қатори меҳр муҳаббат кўрсатсалар улкан савоб ва ажр соҳиби бўладилар. Чунки пайғамбаримиз Росулуллоҳ с.а.в. “ Ким етимни бошини силаса, жаннатда мен билан ёнма- ён бўлади”, деб айтганлар.

Хадичаи Кубро аёл – қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 2 – курс талабаси
Зияева Дилдора

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*