Ҳасад- ёмон иллат

“Ҳасад” сўзи луғатда бирон кишидаги Аллоҳ берган неъмат ёки фазилатни завол топиб, ўзига ўтиб қолишини хоҳлаш маъносини ифодалайди. Ҳасад ёмон иллатдир. У инсон ҳаётини издан чиқаради, осуда турмушини бузади. Чунки ичи ҳасадга тўла одам ўзгалар бахтини кўролмайди, уларга ёмонлик тилайди. Шунинг учун ўзининг ҳаёти ҳам ғам қайғуга тўлади. Ҳасадгўйнинг қалби доим безовта бўлиб, юрагини чангаллаб бировнинг ютуғидан доим хавотирда юради. Айтишларича, агар челакда битта қисқичбақа бўлса у осонгина эркинликка чиқа олади. Агар улар бир нечта бўлса, харчанд уринишмасин, ҳеч қайсиси чиқа олмас экан. Негаки улардан ҳар бири юқорига кўтарилаётган қавмдошини тортиб, ўзи чиқишга уринар экан. Бу инсонлар ўртасидаги ҳасаднинг бир кўринишидир. Кимдир юқорига чиқишга уринади, лекин кимдир унинг оёғи тагидаги нарсани олиб ташлайди. Бу иллат “Ҳасадгўйлик” деб аталади.
Уламоларимиз ҳасадга сабаб бўладиган омилларни қуйидагича ҳисоблашган:
– Душманлик ва ёмон кўриш –агар душманига неъмат етса ҳафа бўлади, мабодо ёмонлик етса хурсанд бўлади ва унга ҳар етаётган омадсизликни менга қилган ёмонликлари учун жазоланяпти деб, Аллоҳнинг синови эканини ёдидан чиқаради.
– Кўра олмаслик – бирор одамга омад кулиб боқса, нима учун менга етмай унга келиши керак деб, Аллоҳнинг хоҳлаган бандасига неъмат бериш сифатини инкор қилади. Бу эса Аллоҳга нисбатан банданинг ёмон нисбати бўлиб гуноҳкор бўлади.
– Кибр – мутакаббир киши ўзидан паст санаган кишиларни доим масхара қилиб, ерга уриб юрган бўлади. Шунинг учун ўзларидан паст одамларга неъмат, омад келганига чидай олмайди, ҳасад қилишга ўтади.
– Мақсадига эришолмай қолишдан қўрқиш – бу ҳолат бир йўналишли ва бир мақсадга эришиш учун ҳаракат қилаётган шахслар орасида кўп учрайди.
– Мансабпарастлик ва шуҳратпарастлик – бунга маълум бир соҳада ўзининг тенги йўқ бўлишини орзу қилиш мисол бўлади. Бу йўлда унинг рўпарасидан чиққан ҳар қандай кимсани йўқ бўлишини истайди, ўрни келганда унга зулм қилишдан ҳам қўрқмайди.
Инсонлар ҳаётда ўз ўрниларини топишларида ўзгаларнинг бу каби ёмон иллатилари салбий таъсир кўрсатади. Аммо инсоннинг ўзига бўлган ишончи мустаҳкам бўлиши ва иродали бўлиб, оёғдан тортаётган кимсаларни еҳгиб ўтиши керак.
Агар биродарингга ато этилган неъматни кўриб, кўзларингиз қувонса ва унинг давомли бўлишини истаган ҳолда , бу неъматни ўзингизда бўлишини ҳам хоҳлаш ҳасад ҳисобланмайди. Бу ҳавасдир. Кимгадир ҳавас қилар экансиз ундаги афзалликларни ўзингизда ҳосил бўлишини ҳам истайсиз ва ҳавас қилаётган кишингизга бирон зиён келтириш хақида ўйлаб ҳам кўрмайсиз. Ибн абу Дардо ривоят қилган ҳадисда Пағамбаримиз Расулуллоҳ с.а.в. ҳасад ва ҳавасни иймон ва нифоқ билан чегаралаганлар ва шундай деганлар: “ Албатта мўмин ҳавас қилади, мунофиқ эса ҳасад”, деганлар.
Қуръонни тафаккур билан ўқиган мазмунини қалбига жойлаган инсон ҳасад ўтидан нажот топади. Ўзгалар ютиғини кўрганда кўзи қувонадиган, эзгу амалларига ҳаваси келадиган инсоннинг қалби тоза, кўнгли хотиржам бўлади. Яратган роббимиз жамиятимизда бир-бирларимизга нисбатан ҳасад қилиш балосидан ўзи сақласин.

Хадичаи Кубро аёл – қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 2 – курс талабаси
Зияева Дилдора

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*