Бағрикенглик маданияти асослари

Мустақиллик йилларида бошқа соҳаларда бўлгани каби, дин соҳасида ҳам бир қатор ислоҳотлар олиб борилди. Бу борада хукуматимиз томонидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Барча фуқароларнинг ҳохлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслиги ўз қўлида эканлиги қонун билан ҳимояланди.
Бунга мисол тариқасида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” қонун қабул қилинди. Қомусимиз бўлган Конституциянинг қатор моддалари бу мақсадга қаратилди. Дарҳақиқат ҳозирги кунда Ўзбекистонда 16 дан ортиқ диний конфессиялар ўз фаолиятларини эмин эркин олиб бормоқдалар. Фуқаролар қайси динга эътиқод қилишларидан қатъий назар уларнинг диний манфаатлари қонун ҳимоясида.
1990 йилгача саноқли масжидлар ва 2 та диний ўқув юрти фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунгача 2000 дан ортиқ масжид, 10 та ислом билим юрти диний ўқув юрти, Тошкент ислом институти ва Ҳалқаро ислом академияси ишлаб турибди. Бу ислом билим юртлари халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириши ва маънавий бўшлиқни тўлдириши, ватандошларимиз, хусусан ёшларимизни ҳар хил ёт оқим, фирқалар таъсиридан сақлаши лозим.
Лекин минг афсуслар бўлсинки, баъзи бир сабабларга кўра дин-диёнатга ташна ватандошларимиз ичида фирқаланиш пайдо бўлди. Дин номидан иш кўрадиган, мусулмончиликни суъистемол қиладиган кишилар кўзга кўринди. Бу нохушликларнинг асосий сабаби собиқ шўролар давридаги ғоявий бўшлиқ десак муболаға бўлмайди.
Динимиздаги бош масалалардан бири ибодат-у муомалаларда ўртача-мўътадил йўл тутишдир. Бунга мисол: “Эй, аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динларингда ҳаддан ошманглар. Аллоҳ тўғрисида фақат ҳақ гапни айтинглар”. (Нисо, 171) Яъни насронийлар Исо (а.с)ни худо даражасига кўтариб, ҳаддан ошган бўлсалар, мусулмонлар эса у Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари дея ўрта йўлни тутдилар.
Ислом руҳият ва моддиятни баробар тутишга чақиради. Хусусан Қуръони каримда: “Аллоҳ сенга берган нарсалар билан охиратни истагин. Дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек сен ҳам яхшилик қил”,-дейилади. (Қасос, 77) Ер юзида инсонларнинг қадр – қиймати ушбу илоҳий ўлчов билан ўлчангандагина турли низолар, уруш – жанжаллар ва келишмовчиликлар барҳам топади. Шу сабабдан тинчлик халқлар ўртасидаги табиий алоқа бўлиб қолиши энг зарурий шартлардандир. Бунга ушбу муборак оят ҳам далил бўла олади: «Эй мўминлар, тинчликка барчаларингиз киришингиз» (Бақара, 208).
Маълумки фирқаланиш кўпинча имон-эътиқод, яъни ақоид масалаларида бўлади. Шу сабабли ислом билим юртлари талабаларига мусаффо ва мўътадил ислом ақоидини атрофлича таълим бериш, Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг далилларини таълим бериш мақсадга мувофиқдир. Хулоса қилиб айтганда, албатта бу соҳада қилиниши керак бўлган ишлар кўп ва бу ўз ўрнида ёш мутахассисларимиз кўп изланишлар олиб бориши, таълимнинг қулай, самарали усулларини ишлаб чиқишлари лозимлигини кўрсатади. Халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ҳар бир инсон, жамоа ва миллатлар башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англаши ва ҳурмат қилиши учун жуда муҳим. Бағрикенгликсиз демократия асослари ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаб бўлмайди. Тинчликсиз тараққиёт ва демократия бўлмагани каби, бағрикенгликсиз тинчлик ҳам бўлмайди.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти
мударрисаси Д.Толипова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*