Ахборот асрида вақт қадри

Фан-техника ривожланиши ахборот технологияларининг беқиёс даражада тараққий этишини тезлаштириб юборди. Ҳаётга шиддат билан кириб келган глобаллашув жараёни ўз ортидан баъзи салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда. Ҳозирги глобаллашув даврида бузғунчи шахслар интернет орқали дунёнинг бир четида туриб, бошқа бир четидаги ёшларга ўз ғоясини сингдиришга интилмоқда ва айрим инсонлар бундай тузоқларга илинмоқда. Айниқса, бундай тузоққа илинганларнинг аксар қисмини ёшлар ташкил қилади. Негаки, бугунги ёшлар ахборот технологияларининг энг сўнгги махсулотларидан фойдаланиш мумкин бўлган даврда яшамоқда. Шундай экан, ёшларнинг интернетдан оқилона ва тўғри йўлда фойдаланишларини таъминлаш давр талабидир. Танганинг ҳам икки томони бўлганидек, инсон ҳаётида асосий ўринларни эгаллаётган, бир қатор ижобий жиҳатлари билан инсониятга манфаат бераётган виртуал мулоқот воситаларининг ҳам ижобий жиҳатлари билан биргаликда салбий томонлари ҳам талайгина. Бундай салбий жиҳатларнинг бири, деярли кўпчиликнинг оғриқли нуқталарига айланиб бораётган вақт аталмиш азиз неъматнинг шиддат билан ўтиб бораётганидир. Ана шу неъматларнинг қимматлиларидан бири вақтнинг ҳам жавоби бор. Вақтни самарасиз, беҳуда, на жамиятга ва на инсониятга фойдаси бўлмаган ишларга сарфлаш бу бебаҳо неъматга нисбатан ношукрлик ва уни исроф этишдир. Аллоҳ таоло: “…Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф,31),- деб огоҳлантиради. Ҳаёт вақтлардан иборат, ким вақтини бекор ўтказса, ҳаётини беҳуда ўтказган бўлади. Ҳозир кундалик турмушда ён-атрофимиздаги одамлардан “вақтим йўқ”, “бугун вақтим бирам тез ўтдики…”, “ҳеч нарсага улгурмаяпман” каби гапларни кўп эшитамиз. Аммо вақт ҳаммага бир хил берилади. Ундан унумли фойдаланиш ёки умуман беҳуда нарсаларга сарфлаш эса, ҳар кимнинг ўз танлови ҳисобланади.
Бугунги кунда интернет кундалик турмушга кўп қулайликларни олиб келмоқда. Ҳозир 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида интернетдан фойдаланишни билмайдиган ёшлар кам. Улар орасида ўз эзгу мақсадлари, илмий салоҳиятлари, назарий билимларини ошириш учун фойдаланаётганлар ҳам талайгина. Аммо, аксар инсонлар бу сарҳадсиз оламда мақсадсиз сайр қилиб, вақтини, умрини бекорчи нарсаларга сарфлашмоқда. Ҳозирги кунда интернетдаги сайтлар шу қадар ранг-баранг ва жозибадор кўринишга эгаки, киши вақтини беихтиёр “ беҳуда сарфлаш”га мажбур қилинаётгандек, гўё. Бу фақатгина вақт, умрнинг исрофи эмас, балки яна бир бойлик – Аллоҳнинг биз бандаларига берган омонати бўлмиш соғликка ҳам зарардир. Тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, узоқ вақт давомида саккиз-ўн соатлаб интернетда ўтирганлар ўзига хос сурункали касалликларга чалинади. Юқоридаги фикрлар билан интернет оламини буткул қораламоқчи эмасмиз. Зеро, ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё, иллат излаганга иллатдир дунё.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси Маҳмуда Хакимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*