Нозик хилқатни асрайлик

Мустақиллик йилларида бошқа соҳаларда бўлгани каби, дин соҳасида ҳам бир қатор ислоҳотлар олиб борилди. Бу борада хукуматимиз томонидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Барча фуқароларнинг ҳохлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслиги ўз қўлида эканлиги қонун билан ҳимояланди.
Бунга мисол тариқасида “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” қонун қабул қилинди. Қомусимиз бўлган конституциянинг қатор моддалари бу мақсадга қаратилди. Дарҳақиқат, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 16 дан ортиқ диний конфессиялар ўз фаолиятларини эмин эркин олиб бормоқдалар. Фуқаролар қайси динга эътиқод қилишларидан қатъий назар уларнинг диний манфаатлари қонун ҳимоясида.
Лекин минг афсуслар бўлсинки, баъзи бир сабабларга кўра дин-диёнатга ташна ватандошларимиз ичида фирқаланиш пайдо бўлди. Дин номидан иш кўрадиган, мусулмончиликни суистеъмол қиладиган кишилар кўзга кўринди. Бу нохушликларнинг асосий сабаби собиқ шўролар давридаги ғоявий бўшлиқ десак муболаға бўлмайди.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда 10 дан ортиқ ислом билим юрти, Ислом институти, Ислом университети ташкил қилинди. Бу ислом билим юртлари халқимизнинг диний эҳтиёжларини қондириши ва маънавий бўшлиқни тўлдириши, ватандошларимиз, хусусан ёшларимизни ҳар хил ёт оқим ва фирқалар таъсиридан сақлаши лозим.
Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилди. Эътиқод қилувчилар аксарияти Ислом динида бўлган юртимизда мусулмонларига ислом арконларини бажаришлари, олий ва ўрта-махсус ислом билим юртларида таълим олишлари учун кенг имкониятлар яратилди. Бу имкониятлар нафақат эркаклар балки аёлларнинг ҳам диний билим олишларига бўлган имкониятларига кенг йўл очиб берди.
Аммо яратилаётган имкониятларга қарамасдан, айрим аёлларнинг билиб билмай жиноят кўчасига тушиб қолаётганлиги, турли ақидапараст оқимлар яширинча фаолиятларига алданиб қолаётганлиги ачинарли ҳол. Аёллар диний экстремистик ташкилотлар сафига кириб қолиши яқин қариндошлари, интернет тармоғидаги даъват ва алоқалар, шунингдек, бевосита ақидапарст шахслар билан танишув орқали амалга оширилмоқда. Террористик ташкилотларга жалб қилинган аёлларнинг гуруҳ ичида бажарадиган вазифалари жуда муҳим. Мутахассисларнинг фикрига кўра, мутаассиб аёлнинг жамоа ичидаги вазифаларини қуйидаги уч туркумга ажратиш мумкин:
1) “Оналик бурчи” – она сифатида ёш фарзандлари онгида мутаассиблик уруғларини ундира боради. Жамоада террорчилик фаолияти учун “муносиб” ўринбосарлар тайёрлаб беради.
2) “Янгиларни жалб қила олиш маҳорати” – ҳамфикр, дардкаш, қўшни, амма, хола, сингил, опа, она мураббия сифатида жамоага янги ишонувчан заифаларни тортиб келади.
3) “Тарғибот қуроли” – коммуникация воситалари ривожланиб кетиши натижасида аёл киши айрим оқимлар қўлида тарғибот қуролига, кейин эса қурбонига айланмоқда. Мазкур уч роли билан аёл террорчиларнинг қўлида афсуски жуда самарали қурол сифатида хизмат қилмоқда.
Шу ўринда бир мулоҳаза қилсак, ўзларини ҳақиқий мусулмонмиз дея жар солаётган террористик ташкилот вакиллари аёллардан жирканч ишларда фойдаланишлари динимизда қаттиқ қораланишини билишмайдими?
Аёлларнинг ушбу мудҳиш оламга кириб қолиши сабабларини оиладаги моддий қийинчилик, ишсизлик, кам таъминланганлик, аламзадалик, яқинларидан норозилик, кимдандир суянчиқ излаш каби қатор ижтимоий ҳолатлар билан боғлашимиз мумкин.
Айрим ҳолатларда эса, гўёки “ҳижрат”га чиқишга тўсқинлик қилган эр билан никоҳ бекор бўлади”, – деган сохта даъволар билан оилали аёллар ҳам террорчиларнинг лагерларига алдаб олиб кетилмоқда. Ҳаттоки, турмушга чиқмаган қизларни интернет орқали жангариларга никоҳлаб, учинчи бир давлат орқали қуролли тўқнашувлар кетаётган ҳудудларга олиб чиқиб кетилганлик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Масаланинг ачинарли жиҳати шундаки, аксарият аёллар диний экстремистик оқимларнинг мавжудлиги, уларнинг мақсади разиллик ва парокандаликдан иборат эканини жуда яхши англайдилар, лекин минг афсуски, аксарият ҳолларда айнан мана шундай гуруҳларнинг бир маротабалик қуролига айланиб қолмоқда. Психологларнинг таъкидлашича, эркаклардан фарқли равишда аёлларга хос бўлган буйсунувчанлик, ҳиссиётга таянган ҳолда иш юритиш, ташқи таъсир натижасида руҳий ҳолатининг ўзгарувчанлиги, руҳий тушкунликка тез тушиши ва руҳий зарбаларга чидамсизлиги, ўта қизиқувчанлиги, ҳамда ахборотларни тўлақонли таҳлил қилмаслик каби қатор омиллар мавжуд. Ана шу омиллар ҳам аёлларнинг шундай фирқалар таъсирига тушиб қолишларига сабаб бўлмоқда.
Таассуфки, оиладаги эркаклар аёлларни ўқиш ва жамиятдаги турли соҳаларда иш олиб боришларига бўлган қаршиликлари охир оқибат уларнинг мустақил фикрлаш қобилиятидан ҳам маҳрум бўлишлари, касб-ҳунар, илм-маърифатдан йироқлашишлари, жаҳолат ва ғафлат тузоғига тушиб қолишларининг асосий сабабларидан бири десак хато бўлмайди. Шунинг учун ҳам ислом динида, эркак ва аёлнинг илм олиши фарз эканини алоҳида таъкидланади. Ислом динида аёлларнинг жамиятдаги ўрни юқори ҳисобланади. Ислом манбаларида аёлларни эъзозлаш, уларни ҳурмат қилиш ва асраб-авайлаш борасида жуда кўплаб оят ва ҳадисларнинг келтирилганлиги фикримизнинг ёрқин исботидир.
Жумладан, Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилсин! Чунки улар қовурғадан яралгандир. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан, агар уни тек қўйсанг эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг”, – дея марҳамат қилинади ва аёллар қанчалик нозик эканлиги, уларни асраб-авайлаш ва доимо уларга яхши муомалада бўлиш кераклиги таъкидланади. Шунингдек, Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар, ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақланглар…” (Таҳрим, 6) – дея марҳамат қилинади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, эркаклар билан бир қаторда ёш қизларимиз, аёлларимизнинг диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллашлари, уларнинг салоҳиятларини ошириш билан бирга, юқорида келтириб ўтилган турли ақидапарст оқимлар таъсиридан ҳам асраб, олинган билимлар самараси ўлароқ уларга қарши иммунитет ҳам ҳосил қилишига ишонамиз. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, аёлларни, оналарни асраш керак, дегани бу – фарзандларни асраш, наслни асраш, охир оқибат миллатни асраш демакдир. Шундай экан, нозик ҳилқат бўлган аёлларимизни асрашимиз, уларга доимо иззат-икром билан муомила қилишимиз биз учун ҳам фарз, ҳам қарз бўлади.

Хадичаи Кубро аёл – қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 3 – курс талабаси
Абдуллайева Махфуза

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*