МЕҲМОН ОТАНГДЕК АЗИЗ

Халқимиз меҳмондўстлиги, меҳмоннавозлиги билан шуҳрат қозонган. Бирор ўзбек ханодони йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор нозу неъматларни унинг қошига келтириб тўкмаган бўлса…
Меҳмоннинг иззат—икромини жойига қўйишда мусулмонларга тенг келадиган жамоа бўлмаса керак. Бунга ислом дини таълимоти ҳам сабабдир, чунки Қуръони карим оятларида ҳам ҳадиси шарифларда ҳам меҳмонни ҳурматини жойига қуйиш иймон белгиси эканлиги таъкидланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллаоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонни икром қилсин”, – дедилар” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди. У зот (меҳмонга қўйгани емак-ичмак борми деб) аёлларига одам юборган эдилар, улар: “Бизда сувдан бошқа нарса йўқ эди”, дейишди. Шунда: “Бу кишини ким меҳмон қилади?”, – дедилар. Ансорлардан бир киши: “Мен” деб, уни уйига олиб кетди. Бориб аёлига: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меҳмонини иззат-икром қил”, – деди. Аёли: “Уйиларида фақат болаларига етарлигина овқат борлигини”, – айтди. Шунда у киши: “Сен таомингни ҳозирлагин-да, чироғингни ёқ, сўнг болаларингни ухлатиб қўй”, – деди. Аёли таом ҳозирлади, чироғини ёқди, болаларини ухлатиб қўйди. Сўнг туриб чироқни тўғрилаётгандек бўлиб, уни ўчириб қўйди. Сўнг эр-хотин ўзларини меҳмон билан бирга таом еяётгандек қилиб кўрсатиб ўтиришди ва оч ҳолда тонг оттиришди. Эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борганида у зот: “Аллоҳ бу кеча иккаловингизнинг ишингиздан мамнун бўлди ва “Гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар» (Ҳашр сураси, 9) оятини нозил қилди ”, – дедилар. (Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келтирилишича, Иброҳим алайҳиссалом меҳмонга биринчи бўлиб зиёфат берган инсон эканлар.
“(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб, “Салом”, дейишган эди, у ҳам: “Салом, (Булар) нотаниш қавм-ку”, деди. Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (оловда пиширилган) бир семиз бузоқни келтирдида, уни уларга яқин қилиб, “(Таомдан) емайсизларми?” деди” (Ваз-зарият сураси, 24-27 оятлари).
Ўзбек халқи орасида “Меҳмон атои Худо”, “Меҳмон отангдек азиз” каби ибратлар ана ўша дин таълимотилари таъсирида айтилган. Ҳатто уйида меҳмонга дастурхонга қўйишга нарса топмасалар, қўшнисидан олиб бўлса ҳам меҳмонга тортиқ қиладилар. Бунинг мисолини саҳобаларнинг ҳаётидан биламиз:
Муҳаммад ибн Зиёддан ривоят қилинади:
“Мен ўтганларни кўрдим. Улар аҳллари билан бир манзилда бўлишар эди. гоҳида баъзиларига меҳмон келса, қўшнисининг қозонида овқат пишиб турган бўлса, меҳмони бор мезбон қозонни кўтариб уйига олиб кетарди. Қозоннинг эгаси ортидан: “Қозонни ким олди?” деганча, бақириб қолар эди. Шунда мезбон: “Уни меҳмонимиз учун олдик”, дер эди. Қозоннинг эгаси эса: “Аллоҳ сизга унинг баракасини берсин”, дер ёки шунга ўхшаш гап айтар эди”.
Бақийя деди: “Муҳаммад айтдики, нон ёпилса ҳам шундай бўлар экан”. Саҳобалар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч, қўшничилик, бағрикенглик, бир бирларига ҳаддилари сиғиши шу даражада бўлган экан. Ўзлари бола чақалари учун ҳозирланган таомни қўшниси рухсатсиз олиб чиқиб кетса ҳам нега олдинг демасдан, Аллоҳ баракасини берсин деб дуо қилиши Меҳмоннинг ҳурмати шунчалик улуғ эканини билганлари ва Аллоҳга, қиёмат кунига имонларининг комиллигидан бўлган.
Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунимизда меҳмоннинг ҳурмати, уларни икром қилиш кераклиги унутилиб бормоқда. Ўзимиз илтифот қилиб чақирган бир неча соатгина меҳмонимизни фақат ўша вақт мобайнидагина иззат икром қиламиз халос. Ўзи кириб келган Аллоҳ таолонинг меҳмонини “Уфф” яна меҳмонми дея қарши олинади. Меҳмоннинг ҳурмати уч кун экани ҳақида ҳадисларда шундай дейилган:
Абу Шурайҳ Адавийдан ривоят қилинади:
“Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтаётганларини икки қулоғим эшитган ва икки кўзим кўрган:
“Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, ўз қўшнисини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин, мукофотини берсин”, – дедилар.
“Мукофоти нима ё Расулаллоҳ?” деди.
“Мукофот бир кеча кундуз. Зиёфат уч кун. Ундан кейин садақадир. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, дедилар”.
Кўриниб турибдики, меҳмонни бир кеча ва кундуз сийлаш керак. Уч кун сийлаш фазл. Ундан ортиғи садақа экан. Келган меҳмонни бир кун ҳам меҳмон қилмаслик, унга бахиллик қилиб Аллоҳ берган ноз неъматларини баҳам кўрмаслик жуда ёмон иш. Кимда ким шу ишни қилса, ундан меҳмон ҳаққини талаб қилиши шунда ҳам бермаса, рухсатсиз ҳаққини олиши ҳадисларда ворид бўлган.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Меҳмонни меҳмон қилмайдиган одамда яхшилик йўқ” (Аҳмад ривояти).
Абу Шурайҳ ал-Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Зиёфат (меҳмон қилмоқ) уч кундир. Энг мақбул меҳмон бўлиш бир кеча-кундуз биродарини гуноҳкор этгунга қадар унинг уйида меҳмон бўлиб қолиш мусулмон киши учун ярашмайди”. “Ё Расулуллоҳ! Қандай қилиб уни гуноҳкор қилади?”, сўрашди саҳобалар. “Биродарининг меҳмон қилишга ҳеч нарсаси бўлмаса ҳам уникида тураверади!”, деб жавоб бердилар (Муслим ривояти).
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Энг мақбул меҳмон бўлиш” деган сўзлари ҳақида айтади: “Бир кеча-кундуз уни иззат-икром қилади, совға-салом беради, муҳофаза қилади, сўнг уч кун меҳмон қилади”
Абу Карима (Миқдом ибн Маъдий Кариб) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам деганлар: “Меҳмонни бир кеча (меҳмон қилиш) ҳар бир муслим зиммасига вожиб бўлган ҳақдир. Меҳмон кимнинг хонадонида бўлса, (уни меҳмон қилиш) унинг зиммасига қарздир, хоҳласа (қарзини) талаб қилиб олсин, хоҳласа тарк қилсин” (Абу Довуд, Ибн Можа ва бошқалар ривояти).
Аммо меҳмонга зиёфат қилиш керак экан деб ўзини қийинчиликка солиши керак эмас. Бу мезбон меҳмон учун ўзида борини зиқналик қилмай, чин кўнгилдан олдига қўйиш дегани. Ўзида йўқ нарсани қарзга олиб ўзини машаққатга қўйиш дегани эмас.
Аллоҳ таолонинг меҳмонларини камоли эҳтиром билан кутиб олиб Аллоҳнинг розилигига эришиш барчамизга насиб этсин.
Хадичаи кубро аёл−қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Дилдора Махмудова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*