ДИЛДАГИ УЛУҒ ОҲАНГ

Дуо – бу фақатгина бир нарсани сўраш эмас балки, уни қийнаётган нарсаларни ҳатто ҳеч кимга айтолмайдиган сирларни ҳам У(Аллоҳ)нга айтишдир. Шу билан бирга дуо орқали ўзи қилган гуноҳларини ҳам Унга айтиб тан олиши ва тавба қилиши мумкин. Шунинг учун биз ДУОга Дилдаги Улуғ Оҳанг деб таъриф бердик. Дуо сўзи араб тилида “чақириш”, “сўраш” маъноларини англатади. Дуо қилиш билан нафақат бирон нарса сўралади балки дуо бу сўровчида пайдо бўладиган нафсий ҳолатдир. Яъни, бу – қалб ва ҳисларнинг уйғоқлиги ҳамда уларнинг ҳар бирининг хокисорлик ила Аллоҳ таолога юзланишидир. Дуо қилиб тилда сўраётган нарсани қалбан ҳис қилмаса бу шунчаки сўраш бўлиб қолади. Дуо қилишда эса чин кўнгилдан, ич–ичидан ҳис қилиб, хорланиб, қилган гуноҳларини эътироф этиб, тавба қилиб сўраш лозим.
Бир танишим ҳаётидан бир ибратли воқеани ҳикоя қилиб берди. Унинг айтишига қараганда қирқ йиллик дўсти унинг ҳаётини заҳарга айлантирган. Чунки дўсти унинг ҳамма сирларидан хабардор бўлган. Шу ёки шунга ўхшаш ҳолатга тушиб қолмаслик учун бизда улкан имконият бор. Биз ҳеч кимга айтолмайдиган сирларимизни ҳам дардларимизни ҳам дўстимиз ёки танишимизга эмас балки тўғридан тўғри Аллоҳ таолога айтишимиз лозим. Шундай қилсак ҳам юрак сиқилишидан халос бўламиз ҳам ҳожатимиз раво бўлади. У ҳеч қачон бизни мазаҳ қилмайди, фойдаланиб қолиш ёки бизни ҳамманинг олдида изза қилиш учун ҳам имкон пойлаб турмайди. У ҳамма нарсани билиб турувчи зот Аллоҳдир. У айтадики, “Менга дуо қилинглар сизга ижобат қиламан” (Ғофир, 60).
Зеро Аллоҳ таоло бизга ҳаммадан, ҳатто ота−онамиз ва дўстларимиздан ҳам яқинроқдир. “Қачонки, бандаларим сендан Мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи дуо қилганда дуосини ижобат қилурман” (Бақара, 186). Аллоҳ таолога қалбингиздагиларни баланд овозда бақириб айтиш шарт эмас, Унга тушунарли жумлалар тузиб гапириш ҳам шарт эмас, У зот инсон қалбидаги нарсаларни сўзсиз, сассиз ҳам эшитади ва ижобат қилади.
Ҳадиси шарифда, “Ким Аллоҳдан сўрамаса, У Зот ундан ғазабланади” дейилган. (Имом Ибн Можа ривояти) Аллоҳга дуо қилмаслик Аллоҳнинг Вужуд (борлиги), Ғанийлиги (бойлиги), Эшитувчилиги, Карамлилиги (сахийлиги), Раҳмат, Қудрат ушбу олти сифатини инкор қилишдир. Шу сабабдан Аллоҳ ундан ғазабланади.
Одатда биз – ожиз бандалар бошимизга бир ташвиш тушгандагина Аллоҳга ёлвора бошлаймиз. Бошимизга тушган офатни тезроқ аритишини сўраб Аллоҳга ялинамиз. Мусибатимиз аригандан кейин эса, дуо қилиш ёдимиздан кўтарилиб, ҳеч нарса бўлмагандек юраверамиз. Бу эса нотўғри Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Юнус сураси, 12−оятида қуйидагича васф қилади:
“Қачонки инсонга зарар етса, Бизга ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида дуо қилади. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Ана шундай қилиб, ичрофчиларга қилаётган амаллари зийнатланиб кўрсатилди”.
Инсон боласи иши юришиб, ўзи соғ−саломат, роҳат фароғатда яшаб турганда, ҳеч нарса билан иши йўқ, мағрур яшайверади. Аммо Аллоҳ ҳидоят берган мўмин мусулмонлар эса, бундан мустасно. Аслида эса, айнан ишимиз юришган, бахтли дамларимизда кўп−кўп дуо қилишимиз ва Аллоҳга ҳамд айтишимиз, берган неъматларига шукр қилишимиз лозим.
Бошга бир мушкулот тушганида Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилиш қазои қадарга рози бўлишнинг аломатидир. Дуо қилиш билан биз Аллоҳга ибодат қилган бўламиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуо – ибодатдир”, деганлар (имом Термизий ва Абу Довуд ривоятлари). Дуо ва зикр билан қалб равшанлашади, сиқилишлар кетади, бир инсонга айтиб енгил тортгандан кўра кўпроқ хотиржамлик ва ҳожати раволик топади.
Дуоимиз ижобат бўлиб, ҳожатимиз раво бўлишини хоҳласак, гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқаларни узмасдан Аллоҳдан чин ихлос ва қатъийлик билан дуо қилишимиз лозим бўлади. Бундан ташқари дуо қилиш одобларига ҳам риоя қилинса, ижобат бўлиши тезроқ бўлади.
Имом Ғаззолий дуо қилиш одоблари ва вақтларни қуйидагича келтирган:
1. Арафа куни, Рамазон ойи, жума куни ва кечанинг охирги учдан биридаги вақтларда кўпроқ дуо қилиш;
2. Сажда ҳолати, ёмғир ёғаётганда, намоздан кейин ва бошқа вақтларда дуо қилишни ғанимат билиш;
3. Қиблага юзланиш, икки қўлни кўтариш ва дуо сўнгида юзга суриш;
4. Махфий ва жаҳрий орасида овозни пастлатиш;
5. Дуони қофия билан қилмаслик;
6. Ҳузуъ, тазарруъ ва қўрқиш;
7. Талаб қилаётганда жазм қилиб, ижобат бўлишига ишониш;
8. Дуода собит бўлиш, такрор ва такрор дуо қилиш ва ижобат бўлишида сабрсиз бўлмаслик;
9. Аллоҳнинг зикри ва Расулулоҳга саловат айтиш билан дуони бошлаш;
10. Тавба қилиб Аллоҳга юзланиш.
Барчага Аллоҳга юзланиш Ундангина ёрдам сўраш ва дуолари ижобат бўлиш, қалб хотиржамлиги насб қилсин.

Хадичаи кубро аёл−қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Дилдора Махмудова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*