Ақлнинг фазилати

Ақл туфайли ҳар бир нарсанинг моҳиятини англаймиз, яхшилик билан ёмонликни ораси ажратамиз. Ақл асосан икки − туғма ва ўзлаштирилган кисмдан иборат. Туғма ақл аслий бўлиб, унинг чегараси бор. Динимиз таклифлари, яъни, буйруқ ва қайтариқлари ана шу туғма ақлга тегишлидир. Бу таклифлар туғма ақл чегарасидан ошиб ҳам, камайиб ҳам кетмайди. Шу чегара туфайли инсон ҳайвондан ажралиб туради. Агар инсонда туғма ақл иллатсиз бўлса, у оқилдир ва у шу сабабли комилликка интилади.
Олимлар ақл ва унинг сифати тўғрисида ҳар хил фикрларни баён қилганлар. Баъзи олимлар: ақл жавҳар, у туфайли хабар ва маълумотлар моҳияти фарқлаб олинади, дейдилар. Шунингдек олимлар ақлнинг асл ўрни хусусида ихтилоф қилганлар. Баъзилар ақлнинг ўрни мия, чунки мия ҳар бир ахборотни қабул қилиш жойи, деса, бошқа бирлари ақлнинг ўрни қалб, чунки қалб ҳаёт манбаи ва сезгилар асосидир, дейдилар.
Бир нарсанинг мавжудлик ёки йўқликдан иборат экани, икки бир бирига қарама қарши нарса бир ерда жамланиши мумкин эмаслиги, бир рақами иккидан камлигини билишга ўхшаш инсондаги бошланғич билимни идрок этиш туғма ақл, дейилади. Билимнинг бу тури соғлом, ақли комил кишида бўлмаслиги мумкин эмас.
“Ақл” сўзи луғатда “туяни тушовлаш” маъносини ҳам билдиради. Чунки туя қочмоқчи бўлганида тушов бунга йўл қўймаганидек, ақл инсонни ярамас ва қабиҳ хоҳиш-истакларни рўёбга чиқаришдан қайтаради. Шунинг учун Омир ибн Абдулқайс: “Ақлинг сени нолойиқ нарсадан қайтара олса, сен ақллисан”, деган.
Ақл хусусида айтилган бу сўз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисга уйғун. “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ақл ҳақ билан ботилни ажратадиган қалбдаги нурдир”, деганлар. Ва яна: “Кишини тўғри йўлга бошлайдиган ва эгри йўлдан қайтарадиган бирдан–бир таянчи — ақлдир”, деб таъкидлаганлар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир кишини яхши деб мақташди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унинг ақли қандай?” дедилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, унинг ибодати, хулқи, фазилати ва одоби…”, дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: “Унинг ақли қандай?” деб сўрадилар. Улар: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз унинг ибодати билан бошқа фазилатларини мақтасак, сиз унинг ақли хусусида сўраяпсиз?” дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, обиднинг нодонлиги фожирдан кўра кўпроқ зарар етказади. Одамларнинг Раббиларига қурбатлари ақллари даражасига қараб бўлади”, деб марҳамат қилдилар.
Ахлоқий камолот инсон зотига хос жараёндир, чунки у ақл, тафаккурнинг буюк қудратига таянган ҳолда ҳақиқат билан ёлғоннинг чегарасини аниқлабгина қолмасдан, балки дўстни душмандан ажрата олади. Илм билан хулқ-атвор, саъй-ҳаракатларнинг ўзаро бирлиги инсонни донишмандлик, комил инсон даражасига етказади.
Ислом мутафаккири Форобий инсоний хислатларни тўртга бўлади: назарий фазилатлар, тафаккур, туғма фазилатлар, амалий санъат фазилати. “Бахт-саодатга эришув ҳақида”ги рисоласида инсон гўзалликни самарали идрок этиши учун унда нозик табиат ва ақлий мукаммаллик замини бўлиши керак, ҳиссий ва ақлий қобилиятга эга бўлган инсонгина дунёнинг барча сирларини била олиши мумкин, деб таъкидлайди, “Инсон ақл-идроки туфайли хақиқий инсонга айланади, билим инсонга бахт ва шодлик келтиради, инсон билиш орқали ўзида гўзаллик ва мукаммалликни кашф этади”, – деб уқтиради. Форобий одамларни илм билан, санъат билан шуғулланишга даъват этади ва шу туфайли гўзал нарсалар тушунарли нарсага айланади, деб кўрсатади.
Ҳақиқатдан ҳам, ақлни ишлатган киши ҳаётида фақат эзгуликлар қилади ва эзгулик кўради. Инсон ўз ҳаёти ва фаолиятини мазмунли ўтказиш учун, аввало, ўзини ўраб турган борлиқни билиши, юксак ақл ва тажриба эгаси бўлиши лозим. Чунки инсон ақли унинг ҳаётида муҳим ўрин тутиши, ақл идрок туфайлигина инсон донолик, теран фикр, ростгўйлик, тўғрилик, узоқни кўра билиш, нафснинг куйига тушмаслик каби фазилатларни эгаллаши мумкин.

Халқимизнинг “Ақл инсоннинг кўрки”, “Ақл сувдан тиниқ, ойнадан равшан” каби нақллари бежиз айтилмаган. Шунинг учун ҳам ақл инсон учун ғоят олий неъматлардан бири ҳисобланади. Инсон ақли туфайли яхшилик билан ёмонликни ажратади. Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган туғма ақл ─ табиий ақлдир. Инсон табиатидаги ақлни ўткирлаш ва ўстириш фаолияти бу касбий ақл бўлиб, уни ишлатиш, тажриба ва илм олиш билан ҳосил бўлади. Ўз ақлини ривожлантириш учун ҳар бир киши ҳаётдан тажриба орттириши ва илм маърифат ўрганиши зарур.

Дилдора Махмудова ─
Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*