СЕҲР ҚИЛИШ ГУНОҲИ КАБИРАДИР

Cизларга икки нарсани қолдирдим. Агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳеч адашмайсиз. Булар Аллоҳнинг Китоби ва Менинг Суннатимдир [1].
Муҳаммадур Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам

Дарҳақиқат, сўзларнинг энг яхшиси – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўли. Биз мусулмонлар ушбу ҳақиқатни англаб етмоғимиз ва ҳаётимизга тадбиқ етмоғимиз лозим.
Ҳозирги вақтда жамиятимизда бир қараганда унчалик ҳам долзарб деб ҳисобланмайдиган, лекин бунинг натижасида инсонлар орасида кўплаб муаммоларни келтириб чиқараётган фитна бу – сеҳрдир.
Жамиятимизда сеҳр туфайли бузилган оилалар, юзкўрмас бўлиб кетган қариндошлар, ўзаро қасдлашган қўшнилар кўп учрайди. Бу ишларнинг аксарияти сеҳр аслида нима эканини билмасликдан келиб чиқади. Шунинг учун шариатимизда сеҳр тушунчаси ҳақида қандай маьлумотлар ва ҳукмлар борлигини билиб олишимиз ҳаммамиз учун фойдали ва манфаъатли бўлади.
Араб тилида сеҳр сўзи, нарсанинг асл моҳиятини ўзгартириш маъносини англатади. Сеҳр – бу афсунларни ўқиш, тугунларни тугиш ва шу каби одамларнинг қалби ва танасига таъсир ўтказувчи нарсалардир. Улар касаллик ва ўлимни чақиради, эр-хотинни ажратади ва шу каби салбий оқибатларга олиб келади.
Сеҳрни ҳалол деб эътиқод қилган киши кофир бўлишига ҳамма фуқаҳолар иттифоқ қилишган. Ҳанафий, Моликий ва Ҳанбалий фуқаҳолари:«Сеҳрни ўрганиш ҳаром ва куфрдир», дейишган.
Сеҳргар – бу турли услубларни ишлатиб, кишиларга таъсир ўтказувчи шахсдир. Қуръони Каримда сеҳр тўғрисида келган оятда эркакни хотиндан ажратувчи ишларни қилувчилар хам сеҳргар экани айтилган. Сеҳргар Қуръони каримда қаттиқ қораланган. Сеҳр қилиш ҳаром ва гуноҳи кабирадир.
Қурьони каримда сеҳрнинг мавжудлиги ва унинг зарарлари ҳақида қуйидаги оят келтирилган:
“Ва Сулаймон подшолигида шайтонлар тиловат қилган нарсага эргашдилар. Сулаймон куфр келтиргани йўқ. Лекин шайтонлар одамларга сеҳрни ўргатиб кофир бўлдилар. Ва Бобилда Хорут ва Морут номли икки фариштага тушган нарсага эргашдилар. Икковлари ҳатто: “Биз фитна – синов учунмиз, кофир бўлмагин”, демасдан олдин ҳеч кимга ўргатмасдилар. Бас икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Ва улар у ила Аллоҳнинг изнисиз бирор кишига зарар етказувчи эмасдилар. Ва улар зарар келтирадиган, фойда бермайдиган нарсани ўрганурлар. Ва батаҳқиқ, биладилар-ки, уни сотиб олган кишига охиратда насиба йўқ. Агар билсалар ўзларини сотган нарса қандоқ ҳам ёмон” (Бақара 102) [2].
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло сеҳрни биз инсонларга қанчалик зарарли эканлигини ва сеҳрни ўрганиб сеҳр қилувчига ҳам зарари улкан бўлиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Ояти каримада айтилишича бирон бир сеҳргар сеҳр қилган тақдирда хам сеҳр қилинган инсонга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч қандай зарар етказа олмайди.
Лекин одатда ўзини сеҳр қилинган деб гумон қилаётган инсонлар сеҳрнинг зараридан қўрқиб, ваҳимага тушиб дарҳол фолбин ва сеҳргарларнинг ҳузурига шошиб борадилар ва улардан нажот истайдилар. Шу ва шунга ўхшаш ишларнинг ёмон эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир неча ҳадисларида огоҳлантиришлар бор.
Жумладан, Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким коҳинлик қилса ёки коҳинга мурожаат қилса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, у биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади” [3].
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг ҳузурига келса-ю, гапига ишонмаса, қирқ кеча намози қабул бўлмайди” [3].
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сурункали хамр ичувчи ҳам, сеҳрга ишонувчи ҳам ва қариндошлик алоқасини узувчи ҳам жаннатга кирмайди” [3].
Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким фолбиннинг ҳузурига келиб, ундан бирор нарсани сўраса, қирқ кечагача тавбаси тўсилади. Агар фолбиннинг гапига ишонса, кофир бўлади”, деганларини эшитдим” [3].
Юқоридаги ҳадислар сеҳрга алоқадор ишларнинг ҳукми ўта оғир эканлигига очиқ-ойдин далил ҳисобланади. Бунга биноан, ўзини мусулмонман, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайхи васалламнинг умматлариданман, деб ҳисобловчи инсон бундай ишлардан вабодан қочгандек ўзини асраши, яқинига ҳам йўламаслиги лозим.
Сеҳр қилинган одам бир неча йўллар билан муолажа қилинади:
1. Сеҳрнинг жойи аниқ бўлса, уни олиб, Фалақ ва Ан-Нас сураларини ўқиб туриб, тугунлари ечилади. Сўнгра куйдириб юборилади.
2. Сеҳрни ўзига ўҳшаш сеҳр билан муолажа қилиш. Бу иш ҳаромдир. Юқорида бу ҳақида батафсил баён этилди.
3. Шаръий дам солиш йўли билан муолажа қилинади. Бунда Фотиҳа, Фалақ ва Ан-Нас суралари ўқилади.
Дам солишнинг ҳам шартлари мавжуд: Дам солиш ўзича таъсир қилмаслигига, шифони фақат Аллоҳнинг Ўзигина беришига эътиқод қилиш шарт. Дам солувчи тақводор солиҳ мусулмон бўлиши керак. У қанчалик тақводор бўлса, таъсири шунчалик кучли бўлади. Дам солиш жараёнида сидқидилдан Аллоҳга юзланиш ва ёлвориш лозим.
Дам солдирувчи ҳам шифони иҳлос билан Аллоҳ таолонинг ўзидан сўраши лозим.
Энг афзали юқоридаги сифатларни инсон ўзида мужассам қилиб ўзига-ўзи дам солганидир.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва Ҳаёт 1-жуз Муқаддима.
2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол 1-жуз.
3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишларнинг ҳақиқати.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 2-курс талабаси
Ходиева Зулайхо

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*