Ризқнинг келиши

Ризқ ҳақида гапиришдан олдин мазкур сўз мазмун-моҳияти билан танишиб чиқсак, фойдадан холи бўлмайди.
Арабча “ризқ” сўзи “эҳсон”, “туҳфа”, “неъмат” маъноларини англатади. “Мухторус сиҳоҳ” луғатида “ризқ” лафзига “мавжудотлар фойдаланадиган нарса” деб изоҳ берилган.
Ризқ икки хил – зоҳирий, ботиний бўлади. Зоҳирий ризқ инсон бадани, соғлиғи, мол-мулкка, бола-чақага эга бўлиши ва шунга ўхшаш моддий нарсалар. Ботиний ризқ эса қалб, нафс, илм, маърифат кабиларни ўз ичига олади. Демак, кўпчилик ўйлаганидек, ризқ фақат кўз билан кўрадиган, қўл билан ушлайдиган нарсалардан иборат эмас, балки ақл-заковат, зеҳн, иқтидор, қобилият, илм ҳам Аллоҳ тарафидан берилган ризқдир.
Қуръони каримнинг баъзи оятларида “ризқ” сўзи “ёмғир” маъносида келган. Аллоҳ таоло айтади:
“Яна кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида, Аллоҳ осмондан ёғдириб, унинг ёрдамида “ўлган” ерни тирилтирган ризқ (ёмғир)да, шамоллар йўналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бор” (“Жосия” сураси, 5-оят).
Бошқа оятда шундай дейилган:
“Осмонда эса сизларнинг ризқингиз (ерда мўл ҳосил етиштирилишига сабаб бўлувчи ёмғир), сизларга ваъда қилинаётган (жаннат) бор” (“Зориёт” сураси, 22-оят).
Шу ўринда эътиборга молик бир маълумотни келтирамиз: Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ичида Ар-Раҳмон, Ал-Ваҳҳоб, Ар-Раззоқ, Ал-Босит, Ал-Муқит, Ал-Восеъ, Ар-Розиқ ризқ билан боғлиқ. Ар-Раҳмон мўминга ҳам, кофирга ҳам, яхшига ҳам, ёмонга ҳам ризқ берувчи, Ал-Ваҳҳоб неъматларни беҳисоб тарзда ато этувчи, Ар-Раззоқ барча махлуқотларини ризқлантирувчи, Ал-Босит хоҳлаган бандаси ризқини кенг қилувчи, Ал-Муқит барча моддий, маънавий ризқларни яратувчи, тирик мавжудотлар насибасини етказиб беришга кафил Зот, Ал-Восеъ хоҳлаган бандаси ризқини кенгайтирувчи, Ар-Розиқ эса махлуқотларига ризқ берувчи маъносини англатади.
Инсон онаси қорнидалигидаёқ ризқи, ажали, қанча умр кўриши тақдир қилинади. Дунёга келгач, пешонасига ёзилган ризқини – хоҳласа, хоҳламаса – олади. Умр паймонаси тўлгандан кейин ажал бандани қидириб топиши муқаррар. Худди шунга ўхшаб, банда ризқи ҳам уни ажалидек излаб топади. Бу нима дегани? Эй банда, ризқинг сени ортингдан қидириб юрибди. Шунинг учун ортиқча ғам чекма, ўзингни ўтга-чўққа урма, хотиржам бўл, ҳалол йўллар билан ризқ изла, Парвардигоринг раҳматидан, фазлу карамидан ноумид бўлма, дегани.
“Ар-ризқ: асбобуҳу ва мафотиҳуҳ” китобида шундай дейилган: “Эй мусулмон биродарим! Буюрилган вазифанг ҳақида қайғур, бутун диққат-эътиборингни шунга қарат, сенга кафолати берилган нарса (яъни, ризқ талаби) билан машғул бўлиб қолма. Зеро, ризқ билан ажал бир-бирига яқин. Банда ажали етмагунича ризқи тўхтовсиз келиб туради. Агар Аллоҳ сенга – Ўз ҳикматига кўра – ризқ эшикларидан бирини беркитса, сен учун ундан ҳам фойдалироқ бошқа йўлни очади. Энди ҳомила ҳақида фикр юритиб кўр: унинг ризқи фақат битта йўлдан, яъни киндик орқали келади. Чақалоқ туғилгач, бу йўл кесилади, ўрнига икки йўл очилади: аввалгисидан мазалироқ, покизароқ ризқ – тоза сут келади. Эмизиш муддати тугагач, мазкур икки йўл ҳам кесилади. Энди унинг учун тўртта йўл: икки таом, икки ичимлик йўли очилади. Икки таом ҳайвон ва ўсимликлар, икки ичимлик эса сув ва сутдир. Бундан ташқари саналган неъматларга бошқа фойдалар, тотли ноз-неъматлар қўшилади. Инсон вафот этгач, мана шу тўрт йўл кесилади, лекин Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло – агар солиҳ мўминлардан бўлса – унинг учун саккизта йўлни: жаннатнинг саккиз эшигини очади. Банда ўша эшикларнинг хоҳлаганидан киради” (Абдулмалик ибн Муҳаммад. “Ар-ризқ: асбобуҳу ва мафотиҳуҳ”).

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти ходими Мухитдинова Феруза

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*