СИЛАИ РАҲМ ҚИЛИШ

Силаи раҳм деганда қариндошлар билан борди-келди қилиш, уларга чиройли муомалада бўлиш, лутф кўрсатиш, ҳолидан хабар олиб туриш тушунилади. Ҳадиси шарифларда таъкидланишича, силаи раҳм ризқни кенгайтиради, умрни узайтиради.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ فِي رِزْقِهِ أَوْ يُنْسَأَ لَهُ فِي أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَحْمَدُ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимни ризқи кенг бўлиши, ажали кечиктирилиши (яъни, умри узоқ бўлиши) хурсанд қилса, қариндошлик алоқаларини боғласин!” деганларини эшитганман” (Бухорий, Аҳмад ривояти).
“Ризқи кенг бўлиши”дан мурод ризқи баракали бўлишидир. Зеро, қариндошлар билан яхши муомалада бўлиш садақанинг бир туридир. Садақа молни поклайди, кўпайтиради.
“Ажали кечиктирилиши”дан мурод эса, аввало банда умри баракали бўлиши, охиратига фойдали ишлар билан, тоат-ибодатда ўтиши, вақтни беҳуда кетказишдан сақланишидир. Баъзилар: “Умрнинг зиёда қилиниши солиҳ зурриётдир”, деб айтишган. Чунки ортидан яхши фарзандлар қолиб, ҳақига истиғфор айтса, дуо қилса, Аллоҳ амрига мувофиқ яшаса, эзгу амаллари савоби камайтирилмасдан ота-онасига бориб туради.
Демак, ким дунёда ризқи кенг, ҳаёти фаровон, умри савобли ишларга тўла бўлишини, ортидан солиҳ-солиҳа фарзандлар қолишини, вафотидан кейин ҳам яхши хотиралар билан эсланишни, номаи аъмолига эзгу амаллар ажри тўхтовсиз ёзилиб туришини хоҳласа, қариндош-уруғлари билан яхши муомалада бўлсин, уларга моддий, маънавий томондан ёрдам берсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تَعَلَّمُوا مِنْ أَنْسَابِكُمْ مَا تَصِلُونَ بِهِ أَرْحَامَكُمْ فَإِنَّ صِلَةَ الرَّحِمِ مَحَبَّةٌ فِي الأَهْلِ مَثْرَاةٌ فِي الْمَالِ مَنْسَأَةٌ فِي الأَثَرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Насабларингизни билиб олинглар (Яъни, оталарингиз, боболарингиз, амакиларингиз, аммаларингиз, тоғаларингиз, холаларингиз, бошқа қариндошларингиз исмини билиб олинг). Шу билан қариндошлик алоқаларини боғлайсиз. Зеро, силаи раҳм аҳлига муҳаббат уйғотади, бойликни кўпайтиради, умрни зиёда қилади” (Термизий, Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий, Табароний ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).
Силаи раҳм қилган одамни қариндошлари яхши кўради, унинг мол-дунёси кўпаяди, умри узаяди. Имом Бухорий – Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан – ривоят қилишича, қариндошлик ришталарини боғлаган кишини аҳли яхши кўради. Бундан чиқди, ўзгаларга чиройли муомалада бўлган кишини одамлар ҳурмат қилади, хушлайди. Зеро, инсон ҳаёти фаровон, топиш-тутиши баракали бўлишида ижтимоий алоқалар ўрни катта.

وَعَنْ بَهْزِ بْنِ حَكِيمٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صَنَائِعُ الْمَعْرُوفِ تَقِي مَصَارِعَ السُّوءِ وَإِنَّ صَدَقَةَ السِّرِّ تُطْفِئُ غَضَبَ الرَّبِّ وَإِنَّ صِلَةَ الرَّحِمِ تَزِيدُ فِي الْعُمُرِ وَتَنْفِي الْفَقْرَ. رَوَاهُ الْقُضَاعِيُّ فِي مُسْنَدِ الشِّهَابِ.
Баҳз ибн Ҳаким отасидан, отаси бобосидан ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Яхши ишлар кўнгилсиз ҳодисалардан сақлайди. Махфий (яъни, бировга билдирмай берилган) садақа Парвардигор ғазабини сўндиради. Силаи раҳм умрни узайтиради, камбағалликни кетказади” (Қузоий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ҳадисда солиҳ амаллар, хусусан садақа, силаи раҳм фойдалари ҳақида тўхталмоқдалар:
“Яхши ишлар кўнгилсиз ҳодисалардан сақлайди”.
Аллоҳ буюрган амалларни бажариш бандани охиратдаги бахтсизликдан, ёмон оқибатдан, қийинчиликлардан асрайди. Охират ғами олдида ўткинчи дунё ташвиши денгиздан бир томчи деган гап. Солиҳ амаллар банданинг охиратда машаққатдан эминда бўлишини таъминлар экан, дунёда ҳар хил бало-офатлардан, фожеалардан сақлашига шубҳа йўқ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхши ишлар кўнгилсиз ҳодисалардан сақлайди”, деб биз умматларини солиҳ амалларнинг ҳеч бирини кичик санамасдан, ихлос билан бажаришга чақиряптилар.
“Махфий (яъни, бировга билдирмай берилган) садақа Парвардигор ғазабини сўндиради”.
Аллоҳ таоло солиҳ амалларни риёсиз, ихлос билан амалга оширилишини хоҳлайди. Садақа махфий ёки ошкора берилиши ҳаммага маълум. Лекин одамлар кўзига кўрсатмай, яширинча берган афзал. Аллоҳ таоло айтади: “Агар садақаларни ошкор ҳолда берсангиз, яхши. Агар махфий қилиб фақирларга берсангиз – бу ўзингиз учун янада яхшироқдир. Қилган гуноҳларингизга каффорат бўлади. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир” (“Бақара” сураси, 271-оят).
Демак, ҳеч кимга билдирмасдан берилган садақа бандадан Аллоҳнинг ғазабини қайтаради. Шунингдек, ўнг қўли берганини чап қўли билмайдиган ихлосли банда қиёмат куни Аллоҳ Арши соясидан жой олади.
“Файзул қодир” китобида юқоридаги ҳадис: “Ихлос нури, эҳсон мартабаси Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”, деб изоҳланган.
Баъзи донишмандлар шундай дейишган: “Агар яхшилик қилсанг, уни беркит. Агар сенга яхшилик қилинса, уни ошкор эт. Кибрланиб кетмаслик учун амалингни кичик сана. Ғурурга, хотиржамликка берилмаслик учун амалларингни кам, нуқсонли бил”.
“Силаи раҳм умрни узайтиради, камбағалликни кетказади”.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Ким Раббидан қўрқса, силаи раҳм қилса, умри узайтирилади, бойлиги кўпайтирилади, аҳли-оиласи уни яхши кўради” (Бухорий “Ал-адабул муфрад”да ривоят қилган).
Силаи раҳм умрни узайтирар, мол-дунёга барака киритар экан, “Қариндошлар билан яхши муносабатда бўлиш фақат моддий ҳолатга боғлиқми?” деган савол туғилади.
Силаи раҳм деганда қариндошларга моддий, маънавий томондан яхшилик қилиш, ёмонликни қайтариш тушунилади. Бу, бойлик ёки бошқа нарса билан қилиниши мумкин. Шу маънода Ибн Абу Жамра айтади: “Силаи раҳм мол билан, ҳожатларини раво қилиш билан, зарарни кетказиш, очиқ чеҳра ила юзланиш ёки дуо қилиш билан бўлади” (Фазл Илоҳий, “Мафотиҳур ризқ”).
Мана шу гап силаи раҳм моҳиятини очиб беради. Баъзилар ўйлаганидек, қариндошлар билан яхши муносабатда бўлиш фақат пулга боғлиқмас. Агар шароити кўтарса, уларга моддий йўл билан кўпроқ яхшилик қилгани афзал. Аммо иқтисодий етишмовчиликни баҳона қилиб, бир-бирлари билан борди-келди қилмай қўйиш дуруст эмас. Чунки қариндошларга яхшилик қилиш йўллари кўп. Ҳатто ҳеч қанақа ёрдам бериш имкони топилмаган тақдирда ҳақларига дуо қилиб қўйсангиз ҳам бўлади. Агар уларга моддий тарафдан ёрдамлашсангиз, яна ҳақларига дуо ҳам қилиб қўйсангиз, нур устига нур бўлади.

عَنْ عَلِىٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ سَرَّهُ أَنْ يُمَدَّ لَهُ فِي عُمْرِهِ وَيُوَسَّعَ لَهُ فِي رِزْقِهِ وَيُدْفَعَ عَنْهُ مَنِيَّةُ السُّوءِ فَلْيَتَّقِ اللهَ وَلْيَصِلْ رَحِمَهُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ وَأَبُو نُعَيْمٍ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимни умри узун, ризқи кенг бўлиши, хунук ўлим бошидан даф этилиши хурсанд қилса, Аллоҳдан қўрқсин, қариндошлик ришталарини боғласин!” (Аҳмад, Табароний, Абу Нуайм ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Силаи раҳм билан мол-дунё сероб бўлади, камбағаллик ортга чекинади, ёмон оқибатдан сақланилади. Ҳатто силаи раҳм қилувчилар фожир кимсалар бўлса-да, Аллоҳнинг фазли билан уларнинг бойлиги ортади.

عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَعْجَلَ الطَّاعَةِ ثَوَابًا صِلَةُ الرَّحِمِ حَتَّى إِنَّ أَهْلَ الْبَيْتِ لَيَكُونُوا فَجَرَةً فَتَنْمُو أَمْوَالُهُمْ وَيَكْثُرُ عَدَدُهُمْ إِذَا تَوَاصَلُوا وَمَا مِنْ أَهْلِ بَيْتٍ يَتَوَاصَلُونَ فَيَحْتَاجُونَ. رَوَاهُ ابْنُ حِبَّانَ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Савоб жиҳатидан энг тез тоат силаи раҳмдир. Ҳатто хонадон аҳллари фожир бўлишса-да, (қариндошлик ришталарини) боғлашса, бойликлари, сонлари (яъни, фарзандлари) кўпаяди. Бирон хонадон аҳли (қариндошлари билан алоқаларни) боғласа, муҳтожлик кўрмайди” (Ибн Ҳиббон ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).
Силаи раҳмнинг фойдаси жуда тез билинади. Унинг савоби улуғ, манфаати бисёр. Ким буни амалда синаб кўрса, натижаси қандай бўлишини билади. Қаранг, ҳатто нотўғри ишларни қилиб юборадиган, ҳалол-ҳаромнинг унча фарқига бормайдиганлар ҳам қариндошлари билан борди-келди қилишса, мол-дунёлари, бола-чақалари кўпаяркан. Энди Аллоҳга, охират кунига аниқ ишонадиган, оқ-қорани таниган, ҳалолга интиладиган, ҳаромдан ҳазар қиладиган мўмин банда силаи раҳмдан қанчалик манфаат олишини тасаввур қилинг.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*