ДУО – НАЖОТ КАЛИТИ

Дуо ибодатнинг мағзидир. Аллоҳ билан банда орасини дуо боғлайди. Дуо инсоннинг қон-қонига сингиб кетган. Эътибор берганмисиз, бошига ташвиш тушган одам биров ўргатмаса ҳам ўз-ўзидан Аллоҳга илтижо қилади, оғирини енгил қилишини ўтиниб сўрайди. Мана шу ҳолат дуо қилиш
инсоннинг асл фитратига хос эканини кўрсатади. Инсон ҳаётда турли синовларга дуч келади. Шундай пайтда дуо қилишдан ўзга чора тополмайди.
Мушкул вазиятда қолган одам қўлини самога кўтариб Аллоҳга укинса, қалби таскин топади. Шунинг учун бўлса керак, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларини дуо қилишга буюрган: “(Эй инсонлар,) Парвардигорингиз: “Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизлар (қилган дуоларингизни) мустажоб қиламан. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр қилганлар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирадилар”, деди” (Ғофир сураси, 60-оят). Дуо кўплаб касалликлар давосидир. Инсон юрак дардини энг яқин дўстига айтса, қайғусини сал бўлсаям унутади, оғир маънавий юкдан халос бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта дуо тушган-тушмаган нарсаларда фойда беради. Шундай экан, Аллоҳнинг бандалари, сизлар ўзингизга дуо қилишни лозим тутинглар”, деганлар Банда бошига мусибат тушганда дуо сабабидан Аллоҳ ўша кулфатни аритади ёки енгиллатади.
Шунингдек, банда келажакда бошига тушиши мумкин бўлган мусибатлардан ҳам дуо ёрдамида сақланади.
Руҳиятшунослар таъкидлашича, бирон дарднинг сабабини яқин дўстга айтиш билан кўплаб руҳий касалликларни тузатса бўлади. Дардини бировга айтмай ичига ютиб юрса, касаллик баттар зўрайиб кетади. Агар инсон қалбидаги дардини Аллоҳга айтса, Ундан ёрдам сўраса, дили ором олади,
елкасини тоғдек босиб турган ғам-ғуссалар сал бўлсаям арийди. Чунки киши қалбидаги имони: “Аллоҳ сен билан бирга, ундан бирон нарса сўрасанг, албатта беради, бошингга тушган мусибатларни ҳам аритади”, деб тасалли бериб туради.

Шунингдек, дуода нимани сўраётган бўлса, шу нарсанинг зикрини қисқа қилиб, умумий тарзда уни ортиқча сифатламасдан сўрашлиги керак. Бу ҳақда имом Қуртубий (р.ҳ) “Аъроф”сурасининг 55- ояти тафсирида қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Абдуллоҳ ибн Муғоффал ўғли шундай дуо қилаётганини эшитибди: “ Эй Аллоҳ! Сендан жаннатга кирганимда ўнг тарафидан оппоқ қасрни сўрайман!”
Отаси: “Эй ўғилчам, Аллоҳдан жаннатни сўрагин ва дўзахдан паноҳ тилагин.
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:“Тезда дуо қилишда ҳаддидан ошадиган қавмлар чиқади ” -деганларини эшитганман – деди.
Дуода зору тазарру қилиб, Аллоҳнинг азобидан қўрқиб, Унинг раҳматидан умидвор бўлган ҳолда бўлиш лозимдир. Зотан, ояти каримада шундай келади:
إِنَّهُمْ كَانُوا يُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَيَدْعُونَنَا رَغَبًا وَرَهَبًا وَكَانُوا لَنَا خَاشِعِينَ
“…Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди..” Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар:“Агар Аллоҳ бир бандани севиб қолса, унинг зору тазарруъсини эшитиш учун уни (кўп фитна ва балоларга) гирифтор қилади.” Дуони қатъий қилиб, умидини тўғирлаб, унинг қабул бўлишига тўлиқ ишонч ҳосил қилиши керак.
Суфён ибн Уяйна (р.ҳ) айтадилар: “Сизлардан бирортангизни ўзининг нафсидаги билган (ёмонлик — гуноҳлари) дуо қилишдан тўсиб қўймасин. Чунки, Аллоҳ азза ва жалла махлуқларнинг энг ёмони иблис лаъиннинг дуосини қабул қилди:
قَالَ رَبِّ فَأَنْظِرْنِي إِلَى يَوْمِ يُبْعَثُونَ قَالَ فَإِنَّكَ مِنَ الْمُنْظَرِينَ
“У: “Эй Роббим, мени улар қайта тириладиган кунгача қўйиб қўйгин”, деди. У: “Албатта, сен (муҳлат берилиб) қўйиб қўйилганлардансан”, – деди.”
Малъун шайтоннинг дуосини Аллоҳ таъоло қабул қилган экан, сиз-у биз мўмин мусулмонларнинг дуосини Аллоҳ азза ва жалла албатта қабул қилади. Аммо, бунинг учун қалбимиз зикр-у дуоимиз билан бирга ҳозир бўлиши, ғафлатда қолмаслиги керак.
Дуони қайта-қайта зикр қилиш керак. Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. ривоят қиладилар:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуони уч мартадан қайтарар эдилар. ”
Агар киши дуо қилса-ю, лекин унинг натижаси ҳа-деганда кўринавермаса ва ҳатто йиллар ўтганда ҳам кўринмаса, ҳеч ҳам Аллоҳ менинг дуоимни қабул қилмаяпти, демасин. Бу ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:“Модомики шошилтирмас экансиз, сизларнинг дуоингиз қабул бўлади. Шошилтириш:“Дуо қилган эдим, (дуоим) қабул бўлмади” – дейишдир.
Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Сизларнинг бирортангиз Роббисидан (бирор нарса) сўраса ва уни қабул бўлганини билса, – Унинг неъмати билан солиҳ амаллар макаммал бўладиган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин – десин. Ва агар сўраган нарсаси ундан кечикса, ҳар ҳолатда Аллоҳга ҳамдлар бўлсин – десин. ”
Абу Саъид ал-Худрий (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:“Албатта Аллоҳ дуони бекор қилмайди, балки, дуохонга уч нарсадан бири бўлади: ёки унинг дуосини шошилтириб (яъни, дунёнинг ўзида) беради, ёки охиратига ғамлаб қўяди, ёки шунинг баробарида унга келаётган балони даф қилади.”

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*