Иймон, тақво самараси – валийлик мартабаси

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Ким менинг дўстимга душманлик қилса, ҳақиқатда Мен у билан жанг қилишга киришганимни билдирган бо‘ламан», деди» (Бухорий).
“Валий”-луғатда “дўст”, “яқин” деган маъноларни билдириб, унинг кўплик шакли “авлиё” бўлади. Истилоҳда эса: ”Имкон қадар Аллоҳ таолони танигувчи, тоатларда бардавом бўлувчи, ёмонликлардан сақланувчи, шаҳватларга берилишдан ўзини олиб қочувчи, дунёдан юз ўгирувчи, охиратга юзланувчи, доимий равишда Роббисининг зикрида бўлувчи зот “валий” дейилади. “Авлиё” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, “валия” феълидан ясалгандир. Бу феъл: 1) яқин бўлмоқ; 2) қўшилмоқ; 3) бошқармоқ, волийлик қилмоқ; 4) мудирлик қилмоқ, идора қилмоқ каби маъноларни англатади.
Валийларнинг мартабалари: Энг олий мартаба – набий ва росулларнинг мартабасидир Аллоҳ Таоло тарафидан уларга ато қилинган мўжизалар бўлган. Улар бу мўжизаларни тўғри йўлга чақириш учун ҳужжат қилиб келтирганлар.
Юқори мартаба – пайғамбар алайҳиссаломларга эргашган уларнинг яқин ёрдамчилари бўлган пешқадам кишиларнинг мартабасидир Буларнинг мартабалари Аллоҳнинг элчисига қанчалик яқин бўлганлари эътиборидан бир бирларига нисбатан турли даражаларда бўлган.
Ўрта мартаба – ўртача даражадаги ўнг тараф эгаларидан бўлган иймон ва тақво аҳиллариниг мартабасидир.
Паст мартаба – иймон ва тақвода заиф бўлган, ўзларига зулм қилган кишиларнинг мартабасидир.
Албатта авлиёлар Аллоҳ Таолога яқинлик жиҳатидан, Аллоҳ Таоло ҳузурида манзиллари аълолиги жиҳатидан, тақволари ва иймонларини кучлилигини ҳисобга олган ҳолда кароматлари жиҳатидан, Аллоҳ Таолога мувофиқликларининг мукаммаллиги жиҳатидан бир – бирларидан фарқлидирлар.
Аллоҳга дўст бўлганларга эса: «Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хуш-хабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир» («Юнус» сураси, 64 оят). Аллоҳнинг валийлари – дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила, аввало, бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар. Мазкур хушхабар Аллоҳнинг сўзларидир. «Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир». Қуръони карим таърифи бўйича валий, унинг сифатлари ва даражаси шундан иборат.
Авлиёларнинг кароматлари ҳақиқатдир. Бас, валий учун одатни синдириш йўлига кўра узоқ масофани оз муддатда босиб ўтиши, ҳожат (тушиши) пайтида либос, ичимлик ва таомнинг пайдо бўлиши, сув устида юриш, ҳавода учиш, тилсиз ва жонсиз (нарсалар)нинг гапириши, балодан юзланган (нарса)ларни дафъ қилиш, душманлардан бўлмиш ғам-ташвишга кифоя қилиш ва булардан бошқа нарсалардан иборат кароматлар (мавжуд бўлиб, авлиёларда) зоҳир бўлур.
Каромат 2 хил:
Биринчи турдаги каромат барча инсонларга тегишлидир. Чунки уларни Аллоҳ Таоло инсон қилиб яратган. Инсон қилиб яратилганлар эса мўмину кофирликларидан қатъи назар, бошқа барча жонзотлардан азизу мукаррам қилиб қўйилган, яъни ҳозирги баҳс нуқтаи назардан қаралса, одам боласи бўлиб дунёга келишларининг ўзи Аллоҳ Таолонинг уларни иззат икром қилганидир.
Кароматнинг иккинчи тури эса, фақат тақводор мўминлардагина ҳосил бўлиши мумкин. Бу афзалроқдир. ” Эй инсонлар! Дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ҳамда бир – бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида мукаррамроғингиз-тақводорроғингиздир”, дея марҳамат қилган. “Ҳужурот” сурасининг 13 –ояти
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фалончи-пистончининг оиласи менинг дўстларим эмас, балки менинг дўстларим тақводорлардир»
айх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Барча мусулмонлар авлиё деб номланаётганларнинг амалларини Қуръон ва Суннатда ўлчасинлар. Агар у (амал)лар Қуръон ва Суннатга мувофиқ бўлса, унда биз фалончи авлиё ёки Аллоҳнинг валийси эканига умид қиламиз. Аммо улар Қуръон ва Суннатга тескари амал қилсалар, унда улар Аллоҳнинг авлиёси эмаслар.
Кароматларнинг ростлигига далил:
1. Аллоҳ таолони Биби Марям қиссасидаги ушбу ояти: «Ҳар қачон унинг олдига, меҳробга кирганда, ҳузурида ризқни кўрди» (Оли Имрон, 37-оят).
2. Қуръони каримдаги Каҳф – (ғор) соҳибларининг узун қиссаси.
3. Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг икки «Саҳиҳ» китобларидаги, устларига харсанг тушиб қолган уч кишининг қиссаси.
4. «Талоқ» сурасининг 2-ояти. «Ким Аллоҳга тақво қилса, унга кушойиш беради ва ҳисоб қилмаган томондан ризқлантиради».
Аллох таоло ўзининг валийларидан қилсин!
Хадичаи Кубро аёл – қизлар ўрта махсус ислом билим юрти
4 – курс талабаси Джамилова Нодирабегим

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*