НАМОЗГА ЧИРОЙЛИ ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ

Хушуъ топиш ниятидаги инсон намозга гўзал суратда тайёрланади. Бунинг учун намоздан бошқа масалалар хаёлдан чиқарилади, ибодатдан тўсувчи нарсалар тарк этилади. Дилга намоз ўқиш нияти тугилиб, мукаммал таҳорат қилинади: мисвок билан тишлар тозаланади, таҳоратнинг фарз, суннат, мустаҳаблари тўла бажарилади. Шу ўринда таҳорат қилиш фазилати ҳақида айтилган бир муборак ҳадис билан танишиб чиқсак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилганда кўзлар, қўл-оёқлар билан содир этилган барча гуноҳлар сув билан бирга чиқиб кетишини айтганлар.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا تَوَضَّأَ الْعَبْدُ الْمُسْلِمُ أَوْ الْمُؤْمِنُ فَغَسَلَ وَجْهَهُ خَرَجَ مِنْ وَجْهِهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ نَظَرَ إِلَيْهَا بِعَيْنَيْهِ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ فَإِذَا غَسَلَ يَدَيْهِ خَرَجَ مِنْ يَدَيْهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ كَانَ بَطَشَتْهَا يَدَاهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ فَإِذَا غَسَلَ رِجْلَيْهِ خَرَجَتْ كُلُّ خَطِيئَةٍ مَشَتْهَا رِجْلاَهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ حَتَّى يَخْرُجَ نَقِيًّا مِنْ الذُّنُوبِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَمَالِكٌ وَأَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар мусулмон ёки мўмин банда таҳоратда юзини ювса, юзидан икки кўзи қараб қилган барча гуноҳлари сув билан ёки сувнинг охирги томчиси билан чиқиб кетади. Агар қўлини ювса, икки қўли ушлаб содир этган ҳамма гуноҳлари сув билан ёки сувнинг охирги томчиси билан чиқиб кетади. Агар оёғини ювса, оёғи (билан) юриб содир этган жами гуноҳлар сув билан ёки сувнинг охирги қатраси билан чиқиб кетади. Шундай қилиб гуноҳлардан (бутунлай) покланади” (Муслим, Термизий, Молик, Аҳмад ривоят қилган).
Маълумки, инсоннинг юзи, қўли, оёғи, боши қолган аъзоларига қараганда кўпроқ кир бўлади. Бу аъзолар тез-тез покланмаса, кишидан бадбўй ҳид келиб туради. Бошқа томондан қараганда, инсоннинг айнан мана шу тўрт аъзоси гуноҳ қилишда асосий вазифани бажаради. Аллоҳ таоло бандаларига шунчалик меҳрибонки, уларга кунда беш маҳал гуноҳлардан покланиш имконини берган. Агар таҳорат қилаётганимизда ҳар бир аъзоимиздан гуноҳлар тўкилаётганини хаёлдан ўтказсак, таҳоратга эътиборимиз ортади, қалбимизда ихлос пайдо бўлади.
Кўпчилик таҳоратни намоздан олдин қилинадиган оддий бир амал, деб билади. Аслида таҳорат ҳам ибодат. Чунки таҳорат олган кишининг гуноҳлари ювилади, руҳи ҳам, жисми ҳам покланади. Шунинг учун таҳоратга алоҳида эътибор билан қаралади. Чунончи, банда таҳорат қилаётганда бошқалар билан заруратсиз гаплашмайди, шошилмайди, аъзоларини яхшилаб, тозалаб ювади. Бир нарсага эътибор бериш лозим: таҳорат қилаётган одам подшоҳлар Подшоҳи, бутун оламлар Ҳукмдори Аллоҳ таоло билан учрашувга ҳозирланаётган бўлади.
Таҳорат олингач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган дуолар ўқилади.

١- أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ.
٢ – اللَّهُمَّ اجْعَلْنِي مِنْ التَّوَّابِينَ وَاجْعَلْنِي مِنْ اَلْمُتَطَهِّرِينَ.
٣ – سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ.
٤ – اللَّهُمَّ اغْفِرْ لي ذَنْبِي وَوَسِّعْ لِي فِي دَارِي وَبَارِكْ لِي فِي رِزْقِي.
Дуолар ўқилиши:
1. “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳув лаа шарийка лаҳ, ва ашҳаду анна муҳаммадан ъабдуҳув ва росувлуҳ”.
2. “Аллоҳуммажъалний минат тавваабийн, важъалний минал мутатоҳҳирийн.
3. “Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдик, ашҳаду аллаа илааҳа иллаа анта астағфирука ва атувбу илайк”.
4. “Аллоҳуммағфир лий замбий, ва вассиъ лий фий даарий, ва баарик лий фий ризқий”.
Дуолар маъноси:
1. “Гувоҳлик бераман, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ. Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир”.
2. “Эй Аллоҳ, мени тавба қилувчилардан, ўта пок зотлардан қил!”
3. “Эй Аллоҳ, Сен (барча айб-нуқсонлардан) Поксан. Мен Сенга ҳамд айтаман, Сендан бошқа илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман, Сенга истиғфор айтаман, тавба қиламан!”
4. “Ё Аллоҳ, менинг гуноҳимни кечир, мен учун уйимда кенглик қил, ризқимга барака бер!”
Бир нарсага эътибор берганмисиз: одам таҳорат олганидан кейин ўзини енгил ҳис қилади. Нега? Чунки таҳорат билан гуноҳларимиз тўкилади. Юз-қўлни, оёқни ювганимизда, бошга масҳ тортганимизда ҳам жисман, ҳам руҳан покланамиз, вужудимиз зоҳирий, ботиний ғуборлардан фориғ бўлади. Таҳоратнинг ўзида шунча фойда! Қолаверса, намозхон либоси, ибодат қиладиган жойи покиза бўлиши керак. Кўряпсизми, намоз инсонни қанчалик поклайди, танасини ҳам, қалбини ҳам кирлардан тозалайди.
Намоз ўқишдан олдин фикрни бир ерга жамлаб, дунё ишларини ортга ташлашга ишора сифатида икки қўлни кўтариб, “Аллоҳу акбар!” дея қулоқ қоқилади. Намозга кирар экансиз, дилингиздан ҳасад, кибру ҳаво, гина-кудуратни чиқариб ташланг. Чунки намозда Аллоҳ билан юзма-юз турасиз. Аллоҳ қалбингизда нима борлигини билади. Қиблага юзландингизми, қалбингиз билан Аллоҳга юзланинг. Юзингиз қиблага қараб, хаёлингиз бошқа тарафларга кетиб қолмасин. “Анави иш нима бўлдийкин”, “Нархи тушдими-кўтарилди?” деган ўй-хаёллар одамни чалғитади. Сиз холис ниятда ибодат қилаётган экансиз, ўн-ўн беш дақиқа бўлсаям Аллоҳ олдида турганингизни бутун вужудингиз билан ҳис этинг. Зеро, “Аллоҳга севимли банда бўлай”, “Ибодатим ҳусни қабул бўлсин”, деган инсон намозга кираётганида фикрини бир ерга жамлайди, гуноҳлари учун истиғфор айтади, Аллоҳ улуғлигини эътироф этади, ўзининг ожизлигини эслайди. Шундан кейин намозни бошласа, ибодатдан чексиз лаззат олади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*