ПАЙҒАМБАРЛАР ҲАМ ИСТИҒФОР АЙТИШГАН

Пайғамбарлар Аллоҳ таоло тарафидан танлаб олинган элчилардир. Улар инсон фарзанди бўлишган. Лекин, анбиёларни оддий одамлардан фарқи хатодан маъсумликларидир. Улар маъсият қилишдан, ҳою ҳавасга берилишдан, инсон қадрини ерга урадиган камчиликлардан холи бўлишган.
Пайғамбарлар хулқи гўзал, холис, юраги тоза, амали тўғри инсон эдилар. Аллоҳ таоло уларни гуноҳ-маъсиятдан, одамлар нафратига сабаб бўладиган касалликлардан асраган. Шунга қарамай, пайғамбарлар ҳам истиғфор айтишган, тавба қилишган. Жумладан, Одам алайҳиссалом жуфти Ҳавво билан Аллоҳга шундай илтижо қилган:

رَبَّنَا ظَلَمْنَا أَنْفُسَنَا وَإِنْ لَمْ تَغْفِرْ لَنَا وَتَرْحَمْنَا لَنَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ.
Ўқилиши: “Роббанаа золамнаа анфусанаа ва ил-лам тағфир ланаа ва тарҳамнаа ланакувнанна минал хосирийн”.
Маъноси: “Парвардигоро, биз ўз жонимизга зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг, бизга раҳм қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз!”
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом билан жуфтига жаннатдаги хоҳлаган мевадан ейишга рухсат берди, фақат биргина дарахтга яқинлашмасликни тайинлади. Бироқ шайтон иккисини йўлдан урди. Одам ва Ҳавво иблис васвасига учди, Аллоҳнинг буйруғини унутди. Иккиси таъқиқланган дарахт мевасини тотиб кўришганида авратлари очилиб қолди. Кейин жаннатдаги баргларни ўзларига ёпинчиқ қилиб олишди. Аллоҳ уларга: “Мен иккингизни бу дарахтга яқинлашишдан қайтармаганмидим. Албатта шайтон сизларга аниқ душман деб айтмаганмидим?!” деди. Одам жуфти Ҳавво билан шу заҳоти Парвардигорига истиғфор айта бошлади. Меҳрибон Аллоҳ уларнинг тавбасини қабул этди.

رَبِّ اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِمَنْ دَخَلَ بَيْتِيَ مُؤْمِنًا وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ.
Ўқилиши: “Роббиғфир лий ва ливаалидайя ва лиман дахола байтия муъминав-ва лил муъминийна вал муъминаат”.
Маъноси: “Парвардигорим! Мени, ота-онамни, менинг уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни, барча мўмин-мўминаларни мағфират қил!”
Нуҳ алайҳиссалом қавми орасида 950 йил яшади, уларни ҳақ динга тўхтовсиз даъват қилди. Бироқ қавм залолат йўлини танлади. Шунда Нуҳ уларнинг зарарига: “Парвадигорим, ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирма! Чунки уларни қолдирсанг, бандаларингни йўлдан оздирадилар, фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб кўпайтирадилар”, деб нидо қилди. Кетидан ўзи, ота-онаси, мўминлар ҳақига мағфират сўради.

رَبَّنَا اغْفِرْ لِي وَلِوَالِدَيَّ وَلِلْمُؤْمِنِينَ يَوْمَ يَقُومُ الْحِسَابُ.
Ўқилиши: “Роббанағфир лий ва ливаалидайя ва лил-муъминийна явма яқувмул ҳисааб”.
Маъноси: “Парвардигоро, ҳисоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни, (барча) мўминларни мағфират қил!”
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қилиб шундай деди:
– Парвардигорим! Яхшига мукофот, ёмонга жазо бериладиган қиёмат кунида менинг гуноҳларимни, ота-онам, барча мўминлар гуноҳини кечир!
Кўнгилчан Иброҳим алайҳиссалом отаси ҳақига шундай дуо қиларди. Отаси Аллоҳга душман экани маълум бўлгач, истиғфор айтишни тўхтатди.
Иброҳим Халилуллоҳнинг онаси ҳақида ҳар хил маълумотлар бор. Баъзилар: “Унинг онаси мўмина бўлган”, дейишса, бошқалар: “Эҳтимол, ўғли пайғамбар бўлмасидан олдин оламдан ўтиб кетгандир”, дейишган.

رَبِّ إِنِّي ظَلَمْتُ نَفْسِي فَاغْفِرْ لِي.
Ўқилиши: “Робби инний золамту нафсий фағфир лий”.
Маъноси: “Парвардигорим! Ҳақиқатан, мен ўз жонимга зулм қилиб қўйдим. Энди мени мағфират қил!”
Кунларнинг бирида Мусо алайҳиссалом одамлар ҳордиқ чиқараётган пешин пайтида Миср шаҳрига кириб келди. Қараса, икки киши бир масалани келишолмай жанжаллашаётган экан. Улардан бири Бани Исроил қавмидан, иккинчиси душман тарафдан – қибтийлардан эди. Шу пайт жамоадоши Мусодан ёрдам сўради. Мусо бир мушт тушириб ҳалиги қибтийни ўлдириб қўйди. Аслида уни ўлдирмоқчимасди, бани исроиллик қардошини зулмдан қутқармоқчи эди.
Қаршисида қибтийнинг жасадини кўрган Мусо алайҳиссалом афсус-надомат чекиб:
– Бу шайтоннинг иши. Албатта, у йўлдан оздирувчи, очиқ душмандир! – деди. Кейин Аллоҳга истиғфор айтиб, гуноҳидан ўтишини сўради. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни кечирди.

لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنِّي كُنْتُ مِنْ الظَّالِمِينَ.
Ўқилиши: “Лаа илааҳа иллаа анта субҳаанака инний кунту миназ-золимийн”.
Маъноси: “(Ё Аллоҳ,) Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен айб-нуқсонлардан поксан. Мен зулм қилувчилардан бўлдим”.
Қавми даъватни қабул қилавермаганидан қаттиқ ғазабланган Юнус алайҳиссалом уларни ташлаб қишлоғидан бош олиб чиқиб кетди, “Бу ишим учун Аллоҳ мени жазоламайди”, деб ўйлади.
Юнус алайҳиссалом Аллоҳнинг рухсатисиз қавмини тарк этгач, уни балиқ ютиб юборди. Шунда у қоронғиликда туриб:
– Ё Аллоҳ! Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен Ёлғизсан, менинг Парвардигоримсан, ибодат қилишга фақат Ўзинг лойиқсан. Сенга тасбеҳлар айтаман. Рухсатингсиз қавмимни ташлаб кетиб ўзимга зулм қилдим. Хатоимни тан оламан. Парвардигорим! Тавбамни қабул эт, гуноҳимни кечир! – деб Аллоҳга тавба-тазарру қилди.
Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссалом илтижоларини қабул этиб, уни ғам-ғуссадан қутқарди. Қуръони каримда айтилишича, агар Юнус алайҳиссалом кўп тасбеҳ айтмаганида, қиёмат кунигача балиқ қорнида қолиб кетарди.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*