АЛЛОҲ ТАОЛОГА ТАВАККАЛ

“Таваккал” сўзи луғатда “ишни ўзгага топшириш”, “бошқага суяниш” ва “умид қилиш” каби маъноларни англатади. Доктор Аҳмад Фарид “Баҳрур роиқ” китобида: “Дунё ва охират ишларидаги манфаатларни жалб қилиш ва зарарларни даф қилишда қалбнинг Аллоҳ таолога ҳаққоний суяниши, таваккал деб аталади”, деб ёзади. Демак, таваккал дейилганида, банданинг
Аллоҳ таолога тўлиқ суяниши тушунилади. Уламолар ҳақиқий таваккални ёш гўдакнинг онасига суянишига ўхшатишган. Яъни, ёш гўдак нима сўрови бўлса, онасидан сўрайди, бор умидини онасига боғлайди, барча ишларида фақат онасига суянади. Аллоҳга ана шундай суяниш ҳақиқий таваккал бўлади. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ҳақиқий таваккалнинг қандай улуғ самаралар бериши баён қилинган.
Яъни: “Ким Аллоҳга таваккал қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга кифоя қилар…” (Талоқ, 3).
Ҳадиси шарифда Аллоҳга таваккал қилувчилар инсонларнинг кучлилари экани айтилган. Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Ким инсонларнинг кучлироғи бўлишни яхши кўрса, Аллоҳга таваккал қилсин; ким ин- сонларнинг ҳурматлироғи бўлишни яхши кўрса, Аллоҳга тақво қилсин; ким инсонларнинг бой- бадавлатроғи бўлишни яхши кўрса, унинг учун ўзининг қўлидаги нарса эмас, Аллоҳ изнидаги нарса ишончлироқ бўлсин» (Абу Нуъайм “Ҳиляда”да ривоят қилган).
Мусулмон киши барча ишларида Аллоҳ таолога суянгани боис қалби тинч, нафси хотиржам, исломи гўзал бўлади. Аллоҳга таваккал қилиш жамият тараққиёти, барқарорлигида ҳам муҳим омил ҳисобланади. Яъни, Аллоҳга таваккал қилган инсон ўзгаларнинг молига кўз олайтирмайди, тама қилмайди, шариат ман қилган ишлардан тийилади. Чунки у ризқ борасида сабабларга эмас, балки сабаблар яратган Аллоҳ таолога суянади. Таваккал қалбга хос тушунча. Демак, тил билан сўзлаш, аъзолар билан ҳаракат қилишда таваккал қилишга ўрин йўқдир. Масалан, деҳқоннинг уруғни вақтида қадамасдан, экинга ишлов бермасдан, мўл ҳосил олиш учун Аллоҳга таваккал қилдим, дейиши таваккал эмас. Бу шариатни тушунмаслик ва кўрсатмаларини бажармасликдир. Уруғни ўз вақтида қадаш, экинни парвариш қилиш
– мўл ҳосил олишга сабаб, холос. Бу ишларни амалга ошириб, сўнгра мўл ҳосил олиш умидида Аллоҳга таввакал қилиш ва Унга суяниш ҳақиқий
таваккал бўлади. Бандалар ризқ талабида ҳаракат қилишлари керак. Натижа эса Аллоҳдан бўлади. Жуда ката меҳнат-машаққатлар билан ҳеч қандай натижага эришмаслик ёки озгина ҳаракат билан улкан фойдалар олиш мумкин. Эътибор берилса, бундай ҳолатда ризқ берувчи ёлғиз Аллоҳ таоло эканига ва натижа тамоман Унинг қўлида эканига далил ва исбот бор.
Хулоса қилиб айтсак, натижа сабаблардан эмас, Аллоҳ таолодан эканига қалбан ишониш –ҳақиқий таваккал ҳисобланади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*