Каромат , истидрож – қай бирига биз муҳтож ?

Ибн Аббос (р.а) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в)дан сўрадилар: «Аллоҳнинг авлиёлари кимлар?» Расули Акрам жавоб бердилар: «Кўрганда Аллоҳнинг зикри ёдга тушадиган бандалардир».
Авлиёларнинг кароматлари ҳақиқатдир.
Каромат – луғатда “иззат икром”, “қадр қиммат”, “олий жаноблик” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса, Аллоҳ Таолонинг Ўзи севган бандаларига қилган иззат икроми каромат дейилади. Каромат 2 хил:
1) Туғма каромат ;
2) Меҳнат билан эришиладиган каромат.
Биринчи турдаги каромат барча инсонларга тегишлидир. Чунки уларни Аллоҳ Таоло инсон қилиб яратган. Инсон қилиб яратилганлар эса мўмину кофирликларидан қатъи назар, бошқа барча жонзотлардан азизу мукаррам қилиб қўйилган, яъни ҳозирги баҳс нуқтаи назардан қаралса, одам боласи бўлиб дунёга келишларининг ўзи Аллоҳ Таолонинг уларни иззат икром қилганидир. Агар Аллоҳ ҳоҳлаганида бошқа жонзотнинг боласи ҳолида дунёга келишлари ҳам мумкин эди. Аллоҳ Таолонинг Ўзи уларни одам фарзанди сифатида дунёга келишларини ирода қилган. Одам болаларини эса бошқа кўплаб жонзотлардан азизу мукаррам қилиб қўйган. Ушбу азизу мукаррам қилиниш инсониятнинг туғма кароматидир. Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда: “Дарҳақиқат, Одам фарзандларини мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга миндириб қўдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” , деб марҳамат қилган.
Яъни, Аллоҳ Таоло одамзодга ақл, илм, нутқ бериб, барча нарсаларни инсон учун яратиб, Ўзи уларни гўзал суръатларда яратди. Лаззатли таомлар ва ширин сувларни ризқ қилиб берди.
Кароматнинг иккинчи тури эса, фақат тақводор мўминлардагина ҳосил бўлиши мумкин. Бу афзалроқдир. У шундай нарсаки, Аллоҳ Таоло билан баъзи бандаларини ҳидоятдан иймонгача бўлган нарсаларда икром қилишидир. Бу каромат мўминларга хос эътиқод ва ҳаракатлар билан ҳосил бўлади. Қуръони Каримда инсонлар орасидаги энг ҳурматли Аллоҳ Таолонинг иззат икромига сазовор банданинг сифати баён қилинган: ” Эй инсонлар! Дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак ва бир аёлд яратдик ҳамда бир – бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида мукаррамроғингиз-тақводорроғингиздир” , дея марҳамат қилган.
Аллоҳнинг душманлари томонидан содир бўладиган ғайриоддий ишлар “истидрож” деб номланади. Луғавий маъноси эса “эҳтиёжини қондириш” дир.
Мўжиза ва кароматлар фақатгина шариатда истиқомат қилган Аллоҳ таолонинг дўстларига берилади. Аллоҳнинг душманлари томонидан содир бўладиган ғайриоддий ишлар ўша кофиру фожирлар учун каромат эмас, балки қазои-ҳожат бўлади Аллоҳ Таоло Ўз душманларининг ёмон истакларини ҳам уларнинг охиратдаги уқубатлари зиёда бўлиши учун бу дунёда даражама-даража амалга оширишларига имкон беради. Аллоҳ Таоло Қуръони каримда:

وَالَّذِينَ كَذَّبُواْ بِآيَاتِنَا
سَنَسْتَدْرِجُهُم مِّنْ حَيْثُ لاَ يَعْلَمُون

“Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса, (улар) билмайдиган жиҳатдан “даражали” қилиб (ўз ҳолига вақтинча қўйиб бериб) турамиз. “,-дея марҳамат қилган.
Байзовий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу оят тафсирида: “Уларни билмайдиган томонларидан аста секин тутиш уларга неъматларни кўплаб бериш билан бўлади. Улар буни Аллоҳ Таоло томонидан ўзларига бўлган лутф-иноят деб ўйлайдилар. Натижада адашган йўлларига баттар шўнғийдилар, ҳаттоки, азоб калимаси устиларига содир бўлади”,- деган.
Ислом манбааларида авлиёларнинг кароматлари.
Имом Шофиъий роҳматуллоҳу алайҳнинг кароматлари.
Имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Бир кеча Пайғамбар солллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. У Зот менга: “Сен кимсан ва нима иш қиласан?”,- дедилар.
Мен: ”Ҳамиша Сизнинг йўлингиздаман!,- дедим.
У Зот мени олдига чорладилар ва оғзимни очишимни буюрдилар. Мен У Зотнинг олдиларига келиб, оғзимни очдим. У Зот оғзимга туфладилар ва:
-“Энди боравер Сенинг ишинг тамом бўлди”,- дедилар. Яна шу кеча ҳазрати Али (р. а.) ни тушимда кўрдим. Улар менинг бармоғимга узук тақиб: ”Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илми ва менинг илмим сенга муборак бўлсин!”,- дедилар.
Имом Шофиъий йигитлик пайтларида Маккада яшар, ниҳоятда камбағал эдилар. Бир куни уларни кечаси Ҳарамда ой ёғдусида китоб ўқиётганини кўрдилар:
-“Каъба ичида шам ёнар, нега у ерда ўқимассиз?”,- дейишди.
Ул Зот: “Менинг у ерга бориб китоб мутолаа қилишга ҳаддим йўқ!”,- дедилар.
Буюк муҳаддис Имом Абу Довуднинг кароматлари.
Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд денгизнинг қирғоғида ўтирсалар, узоқдаги кемада овози баланд инсоннинг акса урганини, сўнг “Алҳамдулиллаҳ” деганини эшитибдилар.
“Алҳамдулиллаҳ” дейилгандан кейин “Ярҳамукаллоҳ” дейиш вожиб. Абу Довуд “Ярҳамукаллоҳ” демоқчи бўлсалар, у одам эшитмайди. Чунки ҳазратнинг овозлари баланд эмас, акса урган одам эса узоқда. “Алҳамдулиллаҳ”ни эшитган одамга “Ярҳамукаллоҳ” дейиш вожиб бўлиши учун улар бир жойда турган бўлишлари керак.
Шунда Имом Абу Довуд бир қайиқни 3 дирҳамга кира қилиб, кемага бориб, ҳалиги акса урган одамга “Ярҳамукаллоҳ” деб қайтган эканлар.
Абу Довуд айтадилар: Шунда қулоғимга бир нидо эшитилди: “Эй Абу Довуд, 3 дирҳамга жаннатни сотиб олдинг”.
Аллоҳ таоло барчамизни ўзига яқин дўстларидан қилсин ва барча дуоларимизни қабул қилиб, Фирдафс жаннати киритиб, Ўз жамолини кўришни насиб қилсин !

Хадичаи Кубро аёл – қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 4 – курс талабаси
Джамилова Нодирабегим

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*