Беморнинг намози

Намоз ибодатларнинг асоси бўлиб, гуноҳларни ювади, даражаларни кўтаради, кўплаб ажрларга сабаб бўлади. Қалбга таскинлик, руҳий қувват ато этади. Ислом енгиллик динидир. Шариатимиз инсонларни тоқатларидан ташқари амалларга буйирмайди. Уларнинг ҳолатларини доим инобатга олади. Агар киши бемор бўлиб қолса у намозларини қандай адо этади? Қай ҳолатда намоз ўқийди? Шариатимизда барча саволларга жавоб бор. Бу ҳусусда фиқҳий манбааларимизда келтирилган ҳукмларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Намоздан аввал ёки намоз асносида пайдо бўлган беморлик сабабли тик туриш узрли бўлса, ўтирган ҳолда руку ва сажда қилиб намоз ўқийди. Ушбу ҳукмдан биз беморлиги сабабли тик туриб намоз ўқолмаса ёки тик турса беморлиги зиёдалашиб кетса, тик турганлиги учун танада қаттиқ оғриқ бўлса, ўтирган ҳолда руку ва сажда қилиб намоз ўқишлигига руҳсат борлигини билиб оламиз.Ушбу ҳукмга далил қуйидагича:
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Менинг бавосирим бор эди. Бас Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. У зот: ”Тик туриб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ўтириб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, ёнбошлаб ўқи”, -дедилар. (Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.) Ушбу ҳадисга Имом Насаий қуйидагича зиёдасини келтирганлар:”Агар қодир бўлмасанг, чалқанча ётиб ўқи. Агар қодир бўлмасанг, Аллоҳ таоло нафсга тоқатидан ортиғини юкламайди”. Дарҳақиқат Аллоҳ таоло биз бандаларга тоқатимиздан ортиғини юкламайди. Агар ўрнидан туриб намоз ўқий олмаган инсон ўтирган ҳолида руку ва саждага бора олмаса, ўтирган ҳолида боши билан имо қилиб намоз ўқийди. Имо фақат бош билан бўлишлигини яхши тушуниб олишимиз зарур. Чунки кўз билан имо қилиб намоз ўқилмайди. Боши билан имо қилиб ўқувчи рукусида бошини бироз эгади, саждасида эса бошини рукусидан пастроқ эгади.Сажда қилиш учун бирор нарсани пешонасига кўтармайди.Бунга далил:Умар розияллоҳу
анҳудан ривоят қилинади: ”Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир беморни кўргани бордилар. Уни болиш устига намоз ўқиётганини кўриб, уни отиб юбордилар. У бир чўпни олиб ўшанга сажда қилмоқчи бўлди. У зот уни ҳам олиб отиб юбордилар ва “Агар қодир бўлсанг ерга сажда қил. Бўлмаса, имо қил. Саждангни рукуъингдан пастроқ қил “,-дедилар “. (Табароний ривояти)
Агар бемор ўтиришга ҳам қодир бўлмаса, қиблага юзланган ҳолда ёнбошлаб ёки чалқанча ётиб намоз ўқийди. Чалқанча ётиб ўқигани яхшироқ. Шу ҳолатда ҳам бош билан имо қилади. Агар боши билан ҳам имо қилиб намоз ўқий олмаса, намозини кечга суради. Қачон тузалса шунда қазосини ўқийди.
Ислом дини қанчалар енгиллик дини эканлигини шариатни яхши билган инсонгина англайди. Кўп инсонлар шаръий ҳукмларни билмаганликлари сабабли ўзларига –ўзлари қийин қилиб қўядилар. Ислом дини инсонларни ҳар томонлама муҳофаза қилади. Тоқатидан ортиқ бўлган ҳеч бир ишга мажбур қилмайди. Аллоҳим амалларимизни қабул айлаб, барчамизни тўғри йўлда собитқадам қилсин.

Хадичаи-кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим
юрти ўқитувчиси Жозиба Жамол қизи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*