Илм билан Оллоҳнинг муҳаббатига эришинг

Илм билан Оллоҳнинг муҳаббатига эришинг

“Дунёдаги барча адашишларнинг

 асосий сабабчиси илмсизликдир.”

(Суқрот)

Илм бор жойда жоҳилиятга ўрин йўқ. Жоҳил одам биринчи навбатда ўз зарарига ишлайди. Асосийси, у Аллоҳни танишдек шарафли мақомдан мосиво бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 “Албатта, бандалари ичидан Аллоҳдан фақат олимларгина қўрқарлар” (Фотир сураси 28-оят)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг розилигини талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди”, дедилар.                                              Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Динда фақиҳ бўлиш учун илм талаб қилиш фақат Аллоҳ таолонинг розилиги учун  бўлади. Шундай қилган одам икки дунёда ҳам бахт-саодатга эришади. Бу дунёда ҳурмат-еҳтиром ила ҳаёт кечиради, охиратда эса жаннати маъводан жой олади. Аммо кимки диний илмларни, яъни, ҳадисда айтилганидек, Аллоҳнинг розилигини талаб қилинадиган илмни дунёнинг ўткинчи матоҳига эргашиш учун, яъни, мансаб учун, мол-у мулк учун, рио учун ўрганадиган бўлса, жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидадир”, деган эканлар. Имом Ҳасан Басрий: “Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир.  Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан,  Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир”, дея туриб, “Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларгина қўрқарлар” оятини тиловат қилар эканлар.

Илмни ҳаттоки Чинга бориб ҳам ўрганиш керак. Бу ҳақда ҳадиси шариф ҳам ворид бўлган. Илмни пайти келганда ўрганавериш  керак. У қандай илм бўлмасин, барибир ўша ўрганган  илмимиз бизга бир кун келиб фойда бериб қолади.

        Каб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким илмни уламолар билан можаро қилиш учун, эсипастларга ғолиб келиш учун ёки у билан одамларни ўзига қаратиш учун ўрганса, Аллоҳ уни дўзахга киритади, дедилар. Термизий ва Ибн Можа ривояти.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳамммад соллалоҳу алайҳи васаллам бизга илмни чиройли тарзда сарф қилишимиз ҳақида таълим бермоқдалар. Сўзимиз сўнггида шуни айтишимиз мумкинки, илм билан одамларни ўзимизга қаратишга, шуҳрат топишга  уринмайлик. Зеро, Аллоҳ таоло олган  илмига амал қилган бандаларини севади.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари

М. Саиджалолова 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*