САЛОМ ЛАФЗИНИНГ НАҚАДАР БУЮКЛИГИ

Исломнинг машҳур маъноларидан бири Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ туширган диндир. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси – «Ислом динига тўлиғича киринг» бўлади. Ислом инсоннинг ҳаётини тўлиғича қамраб олган диндир. Инсоннинг онадан туғилиб, қабрга киргунгача бўлган даврдаги ҳар бир нафаси ва ҳаракатидир. Исломга тўлиғича кириш учун оралиқ даврда, яъни, ҳаёти давомида бутунлигича мусулмонча яшаш демакдир. Инсоннинг туғилишидан тортиб то озуқаланиши, тарбияланиши, вояга етиши мусулмонча бўлиши керак. Балоғат ёшига етганда, дин таклиф қилган барча нарсаларга тўлиқ амал қилиши лозим. Инсон ўзининг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, маданий, сиёсий ва яна ҳаётининг бошқа соҳаларида Исломга амал қилгандагина, Ислом буюрган ҳамма нарсага юриб, у қайтарган ҳамма нарсадан қайтгандагина унга тўлиқ кирган бўлади. Шундагина бахт-саодатга эришади. Халқимиз орасида бугун кўпларимиз нима қиляпмиз? Номларимизга, насл-насабимизга қараса, ҳамма мусулмон. Кимлиги суриштирилса, мен мусулмонман, дейди. Аммо ўзи ғайри муслимларнинг ишини қилиб юради. Кейин: «Нимага мусулмон бўлсак ҳам, ишимиз юришмаяпти?» деб нолийди. Динга, Аллоҳга туҳмат қилади. Кўраётган кўргиликлари ўзи мусулмон бўла туриб Исломда яшамаётганининг оқибати эканини ўйлаб ҳам кўрмайди. Ҳолбуки, айб ўзида, омадсизликларини Исломдан кўришга ҳеч бир мусулмоннинг ҳаққи йўқ. Ислом бир-бирини тўлдириб келувчи турли тузум ва амалларнинг мажмуасидир. Намоз ўқиб туриб, закотни инкор қилса, бўлмайди. Ақидани мусулмонча қилиб туриб, оилада христианча яшаса бўлмайди. Ҳамма-ҳаммаси мусулмонча бўлиши керак. Оятнинг охири Исломдан бошқа йўлга юришлик шайтоннинг изидан эргашишлик эканини ва у очиқ душман эканлигини таъкидлаяпти:
وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ
«Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир».
Демак, Исломга тўлалигича кирилмаганда шайтонинг изидан эргашилган бўлар экан. Ҳаётнинг қайси соҳасида Исломга амал қилинмаса, ўша ишда шайтоннинг изидан эргашилган бўлар экан» .
Тинчлик Ислом дини шиоридир. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар ўзаро муомалаларини доимо бир-бирларига тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар. Абу Юсуф Абдуллоҳ ибн Саломдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жаннатга киришга сабаб бўлувчи амаллардан бири саломлашиш эканини таъкидлаб:
ياايها الناس افشوا السلام اطعموا الطعام و صلوا الارحام وصلوا بالليل والناس نيام تدخلوا الجنة بسلام
“Эй инсонлар, саломни (таниган ва танимаганлар орасида) ёйинг. Овқат билан (камбағалларни) таомлантиринг, қариндошларга етишинг. Кишилар ухлаганда намоз ўқинг, жаннатга омон ҳолатда кирасизлар» дедилар (Имом Термизий ривояти) .
Бошқа ҳадисда эса, биринчи бўлиб салом берган киши Аллоҳга маҳбуброқ экани таъкидланган. Ҳатто, диннинг устуни бўлмиш намоз ибодатида ҳам салом лафзи мавжудлиги унинг нақадар буюклигига далилдир.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*