ТАЛЛАҚҚИЙ УСУЛИ

            Маълумки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил, яъни дона-дона, ҳар бир ҳарфни ўз махражидан чиқариб, тажвид қоидаларига амал қилган ҳолда хушуъ билан ўқиб таълим бер­ган­­лар. Ўз навбатида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам ҳам Жаброил алайҳиссаломдан эшитганларини саҳобаларига шу тарзда тартил билан ўқиб етказганлар. Ўз ўрнида саҳобаи киромлар Пайғамибар алайҳиссаламнинг оғизларидан  таллаққий

(оғизма-оғиз таълим олиш) қилиб, олдиларида қайтарардилар. Яъни Пайғамибар алайҳиссаламнинг ҳузурларида эшитиб, токи маъқул демагунларича бошқадан ўқиб берардилар. Айнан мана шу усулда саҳобаи киромлар Қуръони Каримни ўзларидан кейи келганлар тобеинларга худди шу тарзда нақл қилдилар. Шу зайлда мусулмон­лар Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қандай эшитган бўлсалар, авлоддан-авлодга шундай етказиб келмоқдалар. Таъкидлаш жоизки бугунги кунда ҳам Қуръон таълимотини нақл қилиниша ана шу усулда давом этмоқда. Аввал устоз ўқийди, шогирд унга эътибор бериб эшитиб туради. Сўнг шогирд ўқиб беради, устоз эшитиб, унинг ўқишини кузатиб туради. Мазкур усулида устоз талабаларнинг ёзишларига аҳамият бермайди. Кимдир ёзиши мумкин, кимдир фақат эшитиб ўтириши мумкин. Бу усулда ёзиб ўтириш талаб қилинмайди.

              Ушбу далилга асосан таъкидлаш жоизки, таълим олувчи зийраклик ва тажвид қоидалари бобида ҳар қанча юксак даражада бўлса ҳам, Мусҳафга қараб мустақил ўқишнинг ўзи мутлақо жоиз бўлмайди. Қуръон ўқиш таълимотини  фаннинг мутахассисларидан эшитиб ўрганиш лозим. Бу усул муқаддас Қуръони каримнинг ҳарфлари бузилиши ва нотўғри талаффуз қилинишидан сақлайди. Агар шу нарсага амал қилинмаса, хато ва нуқсондан саломат бўлмайди. Қуръони карим ва тажвид илмининг машҳур таълимотчиси шайх Муҳаммад Хусорий бу борада шундай дейди: ” Бунинг бирдан-бир ишончли йўли устоз билан ёнма-ён ўтирган ҳолда оғзаки олиб, унга ҳам оғзаки эшиттиришдир. Тажвид ҳукмлари оғзаки ҳамда Аллоҳнинг тавфиқи орқали мустаҳкамланади. Агар ишонган устоз билан алоқа қилмасдан, бевосита Мусҳафдан ёдласа, ўқиган вақтда хатолар ва камчиликлар чиқаверади”.

             Шу тариқа Ислом таълимотида муаллимнинг олдида ундан эшитиб, оғизма-оғиз илм олиш усули тараққий этган. Билим ўрганиш билан машғул бўлган барча кишилар буни тасдиқлайди, бу муаллим билан илм ўрганувчи ўртасидаги хусусият, ўзига хос фазилат ҳисобланади. Таълим олувчи ўзи мустақил равишда кўп мавзуларни ўқиса, ёдласа, эсида сақлаб қолиш учун қайта-қайта такрор қилса-да, барибир, олган билимини бутун моҳияти билан тушуна олмайди. Муаллим эса илмнинг моҳиятини бир оғиз сўз билан тушунтириш қувватига эгадир. Гоҳида, одатдан ташқари ҳолатлар билан Аллоҳ таоло илм ўрганувчига берган илоҳий илҳом билан устоз олдида ниҳоятда енгил ва содда кўринишда масалаларни англаб етаверади. Бу инкор қилинадиган нарса эмас. Ушбу ҳадиси шарифни мисол тариқасида келтирайлик. Усайдий розиаллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб: “Биз сизнинг олдингизда эканлигимизда шундай кайфиятда бўламизки, бундан ўзимиз рози бўлиб турамиз. Сиздан ажралиб ўз юмушларимиз билан бўлган вақтимизда бу кайфиятда бўлмаймиз”,- деди. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар сизлар менинг олдимда бўлганингиз каби бўлсангиз, фаришталар қанотлари билан сизларга соя қилиб юрар эдилар”, дедилар.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом ўрта махсус

ислом билим юрти мударрисаси Гулобод Қурбонова

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*