Мангу дўст кимлар?

Аллоҳ таоло инсонни яратибдики, гоҳида уни синаш учун, иймонини мустаҳкам қилиш учун, кўплаб ажр-савоблар бериб, унинг гуноҳларини кечириш учун турли мусибатлар, синовларга дучор қилади. Бундай вақтда инсон ўзига бўлган ишончни қўллаб-қувватлайдиган, Аллоҳ таолонинг раҳматини унга эслатиб турадиган инсонга муҳтож бўлади. Бу инсон- унинг дўстидир.Агар инсоннинг иймонли, ақлли дўсти бўлса, у ҳар қандай вақтда ҳам ўзини иродали ҳис эта олади. Биз дўст танлашда ҳеч ҳам адашмаслигимиз даркор.Агар икки инсон Аллоҳ учун, чин дилдан дўст бўлса, Аллоҳ таолонинг Ўзи доим уларга ёрдамчи бўлади. Инсонни моли, мартабаси, ҳурмати, муомаласи учун дўст бўлиш керак эмас, балки инсонни ўзини яхши кўриш керак.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Зухруф” сурасининг 67-оятида шундай марҳамат қилади:”У кунда дўстлар бир-бирига душмандир,магар (Аллоҳ йўлида дўстлашган) тақводор зотларгина (мангу дўстлардир)”.Яъни Қиёмат куни ҳақида гапирилганида, Аллоҳ таоло у кунда ота-она фарзандидан, ака-укаларидан қочишлари баён этилган, лекин шу кунда бир-бирини қидирадиган, гуноҳу-савоби тенг, ёки яхши амаллари кам бўлиб турган бир пайтда ҳатто ўз савобидан берадиган дўстларгина мангу ва ҳақиқий дўстлардир. Абу Ҳурайра (р.а.) айтадилар: “Ҳар бир мўъмин банда ўз биродарининг кўзгусидир. У биродарида бир айбни кўрса, ўзида бўлган шундай айбни тузатишга ҳаракат қилиши керак”. Ҳар бир инсоннинг камчилиги, нуқсони бўлади. Бу айбларини инсоннинг ўзига гўзал ҳолатда тушунтирса ва шу нуқсонларни тузатса, мана шу чин мўминлик ва дўстлик ҳаққидандир. Аллоҳ учун дўстлашганлар нафақат дунёда манфаатга эришадилар, балки бундай содиқ ҳамроҳлар охиратда Аллоҳ паноҳида бўладилар. Бандалар бир-бирларини Аллоҳ йўлида яхши кўрганлар учун Аллоҳ қиёмат куни уларни Ўз паноҳига олади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Етти тоифа кишиларни Аллоҳ таоло У Зот соясидан бошқа соя бўлмайдиган кунда Ўз соясига олади. (Булар:) одил имом, Парвардигорига ибодат қилиб улғайган йигит, қалби масжид билан боғлиқ бўлган киши, Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўриб, У Зот учун йиғилган ва ажрашган кишилар, мансаб ва чирой соҳиби бўлган аёл ундан (лаззат олишни) талаб қилганида, “мен Аллоҳдан қўрқаман”, дея рад қилган киши, ўнг қўли берганни чап қўли билмайдиган тарзда махфий садақа қиладиган киши, ёлғиз қолганида Аллоҳни зикр қилиб кўз ёш тўккан киши”(Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий, Молик, Аҳмад, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ва Табароний ривояти).
Бундай мақомни-Арш соясида бўлишни барчамиз ҳоҳлаймиз,албатта.Улкан қийинчилик ёки машаққат туфайли, ёки катта ибодатлар туфайли Аллоҳ таоло Ўз фазлу-марҳамати ила Ўзи ирода қилганича ажр бериши мумкин.Демак, дўстлик учун улуғ мукофот берилишидан шуни билиб олишимиз мумкинки, унинг ўз йўли, ҳақлари ҳатто синовлари ҳам бўлиши мумкин.Биродарлик-масофада эмас,баъзи инсонлар олдингизда бўлсалар ҳам, қалбдан узоқ, шундай инсонлар борки, гарчи олдингизда бўлмасалар ҳам қалбингизга жуда яқин.Дўстингиз ёнингизда бўлмаса-да, унинг дуоларида бўлсангиз қандай ҳам яхши!
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар икки банда Аллоҳ азза ва жалла йўлида бир-бирларини яхши кўришса ва улардан бири машриқда, бошқаси мағрибда бўлса ҳам қиёмат куни Аллоҳ улар орасини жамлайди ва: “Менинг йўлимда яхши кўрган (биродар)инг мана шу”, дейди”(Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).Росулуллоҳ(с.а.в.)муҳожир ва ансор саҳобаларни бир-бирлари билан биродар қилган вақтларида Али (р.а.)улар орасида бўлмайдилар.Улар келгач:”Эй Росулуллоҳ, менга биродар қолдирмадингизми?, деганларида, уларни қувонтирадиган жавобни эшитдилар:”Сен менинг дунёю-охиратдаги биродаримсан!”, дедилар.Инсон ўз дўсти ҳақида ноўрин гап айтишса, гъийбат қилишса ўз дўстини ҳимоя қилади, қийин вақтларда у қандай азоб чекса, у ҳам шунчалик азобланади, у ҳурсанд бўлса, унинг биродари ундан ҳам кўпроқ ҳурсанд бўлади чунки Аллоҳ йўлида дўст бўлганлар қўл ва кўз кабидирлар.кўздан ёш оқса, қўл уни артади.Қўл оғриганда эса кўз шу оғриқ туфайли еғлайди.Бундан ташқари, у дўстига зулм қилмайди, унинг сирларини, омонатларини муҳофаза қилади.
Лекин ҳозирги кунда чин биродарлар жуда кам.Кўпчилик инсонлар “Аллоҳ учун дўст бўлдим!”,дея айтади, унинг асл моҳиятини эса тушуниб етмайди.Баъзилар дўстлик доим бирга бўлишда, уни қўллаб-қувватлашида, ёрдамида деб ўйлайди, тўғри бу ишлар ҳам дўстлик аломатларидандир.Асл дўстлик эса бирга бўлмаса ҳам, йиллаб кўришмаса ҳам қалбида ва дуоларида яшашидир деб ҳисоблайман.Ҳақиқий дўст сизни Аллоҳга яқинлаштиради, яхшилик қилишга чорлайди, гуноҳ ва маъсиятлардан сақланишда сизга кўмакчи бўлади, сизга насиҳат қилади, ўлимни эслатади, бу дунё ўткинчилигини, ҳақиқий ҳаёт эса охират ҳаёти эканлигини таъкидлаб, сизга таскин беради.Доим сиз билан бўлишни ҳоҳласа-да, “инсонларга ёрдам беринг”, дея айтади, сизнинг ютуқларингиздан доим қувонади, барча яхши нарсаларни сизга бўлишини ҳоҳлайди.
Жаннатга кираётганда ҳам “сиз киринг” дея бир-бирларига айтишаётган вақтда, Аллоҳ таоло Ўз фазлу-карами ила эшикни кенг қилиб қўяди ва Жаннатга биргаликда кирадилар. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:”Мўмин дўстлардан кўпайтиринглар!Чунки, улар Қиёмат куни сизлар учун шафоатчидирлар”.Аллоҳим, бизлар учун ҳам Қиёмат куни шафоат қиладиган, у кунда бир-бирини қидирадиган, савобларини ҳам баҳам кўра оладиган дўст бергин ва бизларни ҳам шундай дўстлардан қилиб, Арш соясида сояланиб, жаннатга ўз ота-оналаримиз ва яқинларимиз билан бир қаторда дўстларимиз билан киршни ҳам насиб эт!!!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*