Not Found

The requested URL index.php was not found on this server.


Apache/2.2.22 (Linux) Server at Port 80
1 “Фил воқеаси” – .:: Xadicha.uz

“Фил воқеаси”

Маълумки, илк ислом тарихини манбалар асосида илмий ва холисона ўрганиш ислом динини тўғри идрок этишга ёрдам беради. Бу ўринда Қуръон энг муҳим ва асосий манбадир. Зеро унда бу даврга оид бир нечта ояти карималар мавжуд бўлиб, «Фил» сураси ҳам шулар жумласидан ҳисобланади.
Бу суранинг мазмунини яхшироқ тушуниш учун «Фил воқеаси» ва унинг содир бўлишига сабаб бўлган омилларни тадқиқ этиш керак бўлади.
VI аср ўрталарида Макка савдо-сотиқ ҳамда ибодат марказларидан бири эди. Яманнинг ҳабашли ҳукмдори Абраҳа Арабистон ярим оролида йетакчиликни қўлга олишни хоҳлаб, Фил юришини уюштирган. Ўзи қурдирган ҳашаматли христиан черкови арабларнинг Кинана қабиласидан бўлган киши томонидан ифлослангандан сўнг, Санода узоқ вақтдан бери яшаётган қурайшлик савдогар Ҳишом ибн Муғирани Абраҳа ўз ҳузурига чақириб, ким ифлослаганини билиш учун пўписа қилди.
Бу ҳақида араб тарихчиси Ибн Ҳишом шундай маълумот келтирган:
Кинона қабиласидан бир киши Қулайсга келиб, унинг ичида таҳорат ушатди. Абраҳа бу ҳолни эшитиб: “Бу ишни ким қилди?” – деб сўради. “Буни Маккадаги араблар ҳаж қиладиган Каъба аҳлидан бўлмиш араблардан бир киши қилди. У сенинг “араблар ҳажини ушбу Қулайсга бураман”, – деган гапингдан ғазабланиб, шу хунук ишни қилиб кетди.
Араблар нигоҳини Абраҳа ўзининг христиан черковига қаратиш мақсади, бу унинг очиқдан-очиқ қўллаган сиёсатидан бири эди . Абраҳа Сано шаҳридан эмас, балки Нажрон шаҳридан Маккага юриш қилишни бошлаган. Абраҳа қўшинининг асосий кучини ал-ҳорис ибн Каъбнинг Нажрондаги қабиласи ташкил этган.
Ал-Қуртубий “Фил юриши”га бошқа бир воқеани сабаб қилиб кўрсатган. Қурайш қабиласидан бўлган йигитлар тижорат қилиш мақсадида Нажоший йерларига бордилар. Улар денгиз соҳилидаги насронийлик ибодатхонасида тўхтадилар ва овқат пишириш учун ўт ёқдилар, уни қаровсиз ташлаб кетдилар, бирданига шамол кўтарилиб олов черковга ўтди ва ёндириб юборди. Бунинг хабарини зудлик билан Нажошийга етказдилар. Нажоший эса бундан ғазабланиб ҳабаш ҳукмдори Абраҳани, ҳукмдор ёрдамчиси Абу Яксумни ва қўмондон Ҳажар бин Шароҳбил ҳамда ўзи билан 8 та филни олиб Каъбани вайрон қилиш учун борди .
Макка аҳли ёзнинг иссиқ кунлари Яман диёрлари ўта қизиб кетишини билиб, бу фаслда салқинроқ Шом диёрига тижорат сафарини уюштирар, қишда кунлар бироз совиганда эса Яман диёрига сафар қилардилар. Бунга Яманликларнинг алами келиб маккаликларнинг савдо қилишига тўсиқлар қўярдилар. Яманликлар Макка савдо карвонларини ўз бозорларининг эшикларидан киришга хавф солардилар. Абраҳа уларни иззат-икром қилиб жўнатди. Уларнинг ўзлари Маккага савдо моллари келишини тўсганлар. Абраҳа Макка шаҳрига йетиб келганда фил Каъба томон юрмай, осмонда гала-гала қора қушлар пайдо бўлиб ҳужум қилган. Ҳар бир қуш учтадан нўхотдан кичик, мошдек келадиган пишган лой сингари қаттиқ тош олиб келиб, қўшин устига ташлади. Яъни қушлар битта тош тумшуғида, иккитадан тошларни панжаларида олиб келиб, қўшинни битта қолдирмай қириб ташлади .
Жавод Али Суютийнинг тафсиридан келтирган иқтибосида қушлар денгиздан чиққан бўлиб, тумшуқ ва панжаларида милтиқнинг ўқи каби тош олиб келиб қўшиннинг устига ташлаган. Ўқ тошлар теккан инсонни ўлдирган ва қўшиннинг ҳамма аъзолари ўша жойда қўшин сардори Абраҳанинг жони эса Яманга кетаётанда йўлда узилган , – деган. У йерда у ёқдан бу ёққа қочаётганлар, қўлига тушган нарсани ўзига қалқон қилиб сақланишга беҳуда уринганлар ва жигарлари узилаётгандек бўкираётганлар сон-саноқсиз эди . Лашкар қайерга қочишини билмай сарсон ҳолда: «Нуфайл…, Нуфайл…» – деб бақирарди. Худди Нуфайл уларга қутилиш йўлини кўрсатадигандек, уни қидираётган эдилар. Лекин энди кеч бўлган, Чунки қудрат қўли билан отилган ўқлар ёйдан чиқиб нишонга теккан эди. Каъба соҳибининг тенгсиз қудрати олдида улуғвор лашкарнинг тиз чўкишдан ва бу мусибат қаршисида фарёд чекишдан бошқа чораси қолмаганди. Айтишларича, қушлар олиб келган тош қўшиннинг бошига тушса остидан илма-тешик қилиб тушган экан. Абраҳанинг бу юришига, жами ҳисоби олтмиш мингга йетган лашкари билан «Маҳмуд» ва яна ўн учта фил сафарбар қилинди . Йўлда бир неча қабилалар жумладан, Шаҳдон ва Нахис ҳам тобеъ қилинди. Қушларнинг тазйиқига учраган Абраҳанинг қўшини битта қолмай қирилиб кетди .
Ат-Табарийга кўра, қўшин бўм-бўш шаҳарга келганда ҳеч кимни топа олмади. У йерда вабо тарқалганди, Шу касаллик билан Абраҳа Яманга қайтиб келганидан сўнг бироз вақтдан сўнг вафот этди . Бизнингча, мантиқан Абраҳа лашкарларининг кўп қисмини ташкил қилган бўйсиндирилган бадавий араблар Макка ҳарамига ҳужум қилишни гуноҳ деб билиб, ундан бош тортган. Ҳужум орқага сурилиб, қўшин ичида юқумли касаллик тарқалган. Анчагина одам ўлиб, қолганлари орқага қайтган. Шу билан Макка «Фил йетаклаганлар» ҳужумидан қутилиб қолган. Маккаликлар абобил қушлари отган тошларни хотира ўлароқ олиб кетиб, фожеали манзарани кўрмаганларга кўрсатдилар. Кўрганлар ҳайрон бўлишар, бу қадар кичик тошлар билан инсонларнинг бадани илма-тешик бўлганига, улуғвор лашкарнинг кун-фаякун этилганига ҳеч ақллари бовар қилмас эди. «Нима бўлганда ҳам Аллоҳнинг берган жазоси», дея тасалли топгандек бўлдилар.
Юришнинг барбод бўлиш сабабларидан биттаси, Абдулмутталиб ҳамшаҳарларини олиб тоққа чиқиб кетишининг асосий сабабларидан бири ҳам шаҳарда қандайдир юқумли эпидемия тарқалганидир. Абраҳа бўм-бўш шаҳарга келиб, у йерда қандайдир юқумли касаллик тарқаганини билди. Чунки Абраҳа бундай юқумли эпидемияни кўрган ва бошидан ўтказган эди. Бу эпидемия Яман жанговорларига юқишидан қўрқиб, Макка шаҳрига ҳужум қилмаган. Чунки Абраҳа 541-542 йилларда Мариб тўғонини таъмирлаётган вақтида қурувчилар орасида юқумли эпидемия тарқалган ва шу сабабли у, қурувчиларга жавоб беришга мажбур бўлган. СИҲ 508-манбасида ёзилишича, 541 йилда Мариб тўғонининг фундаменти қурилиши давомида шаҳарда қаттиқ касаллик ва ўлат тарқалди. Абраҳа буни кўриб, ўзининг эфиопиалик ҳамда химярийларига жавоб бериб юборди .
Қуръонда ҳақиқатан ҳам “ашоб ал-Фил” ҳақида “Фил” сураси мавжуд. Абраҳанинг бу юришдан асосий мақсади фақатгина Маккадаги Каъбани бузиш эмасди, унинг асосий мақсади форсларнинг савдода араб ерларидаги фаоллигини пасайтириш эди. Юқоридагилардан маълум бўлишича, Абраҳанинг “Фил юриши”ни уюштиришидан асосий мақсади, турли баҳоналарни важ қилиб, Яманни савдодаги фаоллигини ошириш, қолаверса, Византия ва Эроннинг асрлар узра давом этиб келаётган халқаро савдо йўлларида устунликка эришиш учун курашда Византия манфаатига хизмат қилиш бўлган.
Байтуллоҳга қарши очган урушида аччиқ мағлубиятга учради. Мисли кўрилмаган катта бир лашкарнинг қўмондони ва Яман ҳокими бўлмиш Абраҳага қасамини амалга ошириш насиб этмади. Абраҳа ва лашкарига берилган бу жазо барча арабларнинг Каъбага бўлган муҳаббат ва ҳурматларини янада орттирди. Унга қарши чиққанларнинг мутлақо мағлуб бўлишига энди ҳеч шубҳа қолмаганди.
Абобил қушлари воситасида Абраҳа ва лашкарига муҳаррам ойининг 17-кунида (феврал ойининг охирида) берилган жазо кўп йиллар инсонларнинг хотирасида қолди. У йилга «Фил йили», маҳв этилган лашкарга «Ашоби фил» рўй берган бу воқеага эса, «Фил воқеаси» дея ном берилди. Маккаликлар абобил қушлари отган тошларни хотира ўлароқ олиб кетиб, фожеали манзарани кўрмаганларга кўрсатдилар. Кўрганлар ҳайрон бўлишар, бу қадар кичик тошлар билан инсонларнинг бадани илма-тешик бўлганига, улуғвор лашкарнинг кун-фаякун этилганига ҳеч ақллари бовар қилмас эди. Бу ҳодисадан таъсирланган шоирлар шеърлар битди. Аллоҳ номига қурбонликлар сўйилди. Каъба тавоф қилинди. Асли маккалик бўлган Қурайш қабиласининг бошқа қавмлар орасидаги обрў-эътибори Янада кучайди. Уларни «Аҳлуллоҳ» (Аллоҳнинг дўстлари) деб атай бошладилар . Қурайш қабиласи шарафли «ал-илоҳи» худо ёрлақаган қабила номини олди . «Фил воқеаси» кўп йиллар мобайнида тарихнинг бошланиши ҳисобланиб келинди . «Фил воқеаси» 570 йили Макка шаҳридаги Каъбани бузишга қаратилган бўлиб, унинг илк ислом тарихи учун аҳамияти беқиёсдир. Юриш Расулуллоҳ туғилмасларидан аввал содир бўлган бўлиб, Қурайш мушрикларига ибрат тарзида, яъни улар тарихдаги бу каби воқеалар билан яхши таниш бўлганлар. Шунинг учун ҳодиса тафсирларда қуйидагича ёритилган. Бу юришни Муҳаммад пайғамбар кўрмаганликлари сабабли, билдириш мақсадида, тафсирларда «Алам таро» яъни билмадингми роббинг фил эгаларига нима қилганини, деб келтирилган.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*