Қабристон зиёратидаги бидъат хурофотлар

Ҳозирги вақтда аёлларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб турли зиёратгоҳларга, қабристонларга бориш ҳолатлари учрамоқда. Аёлларнинг зиёратга бораман деб, фарз, суннат ва вожиб амалларга хилоф иш қилиб қўйиш ҳолатларининг учраши ачинарли ҳолдир. Аҳли қабрлардан нажот истаб, уларни илоҳийлаштириш Аллоҳга ширк келтиришдир. Абу Бакра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг катта гуноҳ ҳақида сизларга хабар берайми?, деб уч марта айтдилар. Саҳобалар: “Ҳа, хабар беринг ё Росулуллоҳ”, дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ширк келтириш…” дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом динининг илк даврлариданоқ қабрлар зиёратини тақиқлаган эдилар. Чунки, ўша вақтда жоҳилият даври одатлари сақланиб қолган бўлиб, айрим қабилалар маййитларнинг қаҳрамонликларини мақташ ва ғурурланиш учун қабрлар олдида гўяндалик ва доду фарёд солишар эди. Вақт ўтиб инсонлар қалбида иймон ўрнашгач, қабрларни зиёрат қилишга рухсат бердилар. Бунинг сабаби, охиратни эслаш ва маййитлар ҳаққига дуо қилиш эди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қабрларни зиёрат қилинглар! Чунки, қабрларни зиёрат қилишингиз сизларга охиратни эслатади” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).
Ҳазрат Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: “Қабрларни зиёрат қилишда нима дейин, ё Расулуллоҳ?” У зот жавоб бердилар: «Бундай дегин: “Бу ерда қўним топган мўминларга салом бўлсин! Биз ҳам, иншаалоҳ, сизларга етишамиз. Сизларга ҳам, бизларга ҳам Аллоҳ таолодан афву мағфират тилайман!”» (Бухорий ва Муслим ривояти)
Ҳазрат Фотима ҳар жума куни амакиси ҳазрат Ҳамзанинг қабри зиёратига борар, у ерда амакиси учун дуолар қиларди (Ҳоким ривояти).
Кўпгина олимлар аёлларга, зиёрат қилиш одобларини бузмаслик шарти билан қабрларни зиёрат қилишлари жоиз дейишган. Ҳанафий мазҳаби бўйича, қабрларни зиёрат қилиш аёллар учун ҳам мандубдир. Бошқа мазҳаблар: аёлларнинг қабрларни зиёрат қилишлари жоиз эмас, деганлар.
Қабристонларни зиёрат қилиш савоб ишлардан бўлиб, қалбларни юмшатади, инсонга ўлимни ва охиратни эслатади. Шунинг учун ҳар замонда қабрларни зиёрат қилиб туриш, ўлгандан кейин қабрда кечадиган ҳолларни ўйлаб, ҳаётни яхши изга солишга, савобли, хайрли ишлар қилишга шошилиш керак. Зиёрат ўлимни эслатади, дунё муҳаббатини дилдан кетказади, беҳуда мақтаниш ва ғурурланишни тарк этишга сабаб бўлади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам қабрнинг олдида йиғлаб ўтирган бир аёлнинг ёнидан ўтиб қолдилар ва: «Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил», – дедилар. У аёл пайғамбар алайҳиссаломни танимай: «Кет олдимдан! Сенинг бошингга менинг мусибатим тушмаган!» – деди. Кейин у аёлга бу зотнинг пайғамбар эканини айтдилар. У пайғамбар алайҳиссалом эшикларига келиб, у ерда эшикни қўриқлайдиган ҳеч кимни кўрмади ва: «Сизни танимабман», – деб (узр қилди). Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақиқий сабр мусибатнинг илк лаҳзасида (билинади)», – дедилар»
Таъкидлаб ўтиш жоизки, қабрлар зиёрати охиратни эслаш учун, аммо қабрлар зиёратининг асл моҳиятини унутиб, улуғ авлиёлар қабрларига бориб, ҳожатларини сўрайдиган, бахтини сўраб, бефарзандлар фарзанд талабида, ишига ривож тилаб борадиганлар, истакларини соҳиби қабрлардан сўрайдиган бўлиб қолишган. Ҳар қандай истак, тилакларни фақат ёлғиз Аллоҳдан сўралиши керак.
وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُون
“Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” Бундан ташқари азиз-авлиёларга атаб қабристонларда қурбонликлар қилиш, қабрларни тавоф қилиш одатлари ҳам ўта зарарли бидъатлардандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳаж” сурасида қуйдагича марҳамат қилади:
وَإِذْ بَوَّأْنَا لِإِبْرَاهِيمَ مَكَانَ الْبَيْتِ أَنْ لَا تُشْرِكْ بِي شَيْئًا وَطَهِّرْ بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْقَائِمِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُود
“(Эй, Муҳаммад!) Эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳ ўрнини белгилаб бериб, (унга шундай дедик): «Менга бирор нарсани шерик қилмагин ва Менинг Байтимни тавоф қилувчилар,(намозда) тикка турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар (яъни ҳожилар ва намозхонлар) учун тозалаб қўйгин!”.

ثُمَّ لْيَقْضُوا تَفَثَهُمْ وَلْيُوفُوا نُذُورَهُمْ وَلْيَطَّوَّفُوا بِالْبَيْتِ الْعَتِيقِ
“Сўнгра (ҳожилар) кирларини кетказсинлар (яъни, эҳромдан чиқиб, соч олдириб, тоза либосларини кийсинлар), назрларини (ҳаж мажбуриятларини) адо қилсинлар ва «Қўҳна уй» (Каъба)ни тавоф қилсинлар!
Шариат аҳкомларини билмасликлари оқибатида баъзи аёллар дардларига шифо тилаб, бефарзандлар фарзанд талабида ёки бошқа ҳожатларини соҳиби қабрлардан сўраб, қабрларни тавоф қиладилар, устун ва бурчакларини силаб, юзларини суриб, остонасини ўпадилар, нола қилиб: “Олдингизга умид билан узоқдан келдим, дуоларимни қабул қилинг”, деган сўзлар билан мурожаат қиладилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنْ يَدْعُو مِنْ دُونِ
اللَّهِ مَنْ لَا يَسْتَجِيبُ لَهُ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ وَهُمْ عَنْ دُعَائِهِمْ غَافِلُونَ
“Аллоҳни қўйиб, Қиёмат кунигача ҳам (дуони) ижобат қила олмайдиган олиҳаларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам адашганроқ ким бор?!Ҳолбуки улар (жонсиз олиҳа)лар ўша (мушрик)ларнинг дуолари-дан ғофилдурлар”.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

1 та изоҳ

  1. АЛЛОХ САКЛАСИН БИДЬАТ,ШИРК ХОЗИРГИ ХАЁТИМИЗГА ШУНДАЙ АРАЛАШИБ КЕТДИКИ,БИЗЛАРНИ АЛЛОХ УЗИ ИСЛОХ КИЛСИН,БУЛМАСА ХОЛЛАРИМИЗГА ВОЙ.АЛЛОХ САКЛАСИН.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*