ҚИЗ БОЛАНИНГ АЙБИ НИМА?

Қиз фарзанд туғилса, айримларнинг жаҳли чиқади. Бундай қилиш нотўғри. Инсон табиатан қиздан кўра ўғил туғилишини кўпроқ умид қилади, Аллоҳ таоло унга ўғил фарзанд насиб этишини, биринчи фарзанди ўғил бўлишини хоҳлайди. Бу туйғу – Аллоҳ таоло қиз берганида норозилик даражасига етмаса – гуноҳ эмас.
Қиз туғилганида хафа бўлиш, ўғил туғилганида хурсанд бўлиш яхши эмас. Фарзанд Аллоҳ таоло берган неъматдир. Эзгулик уларнинг қайси бирида эканини ота билмайди. Оталари пушаймон қилиб: “Шу ўғлим туғилмаса бўлмасмиди?!” дейиладиган ўғиллар қанча! Оталарига хайру барака келтирган қизлар қанча!
Қиз бола туғилганида ғазабланиш жоҳилият даврининг энг ёмон одатларидан бўлган. Афсуски, бу иллат кўп жойларда ҳамон сақланиб қолмоқда: қизларни ёмон кўрадиган, хотини қиз туғса, урадиган, ҳатто қўйиб юборадиганлар ҳам бор. Баъзилар қиз туққан хотинни айблайди, ўғил туғмаса, “қизтуғар”, деб ҳақоратлайди. У нодонлар она қорни фақат пушт унадиган жойлигини, фарзанд аслида эркак уруғидан бўлишини, насл аёлники эмас, эркакники эканини билишмайди. Агар таъна қилиш дуруст бўлса, ўзларини маломат қилишсин. Зеро, қиз туғилишида “айб” хотинда эмас, эркакда бўлади.
Мусулмон инсон фарзандни Аллоҳ таоло беришини унутмаслиги керак. Шўро сурасининг 45–50-оятларида шундай дейилган: “Осмонлар ва ер тасарруфи Аллоҳ ихтиёридадир. Истаганини яратади. Истаган бандасига фақат қиз, истаган бандасига фақат ўғил беради. Ёки баъзи бандаларига ўғил ва қиз қўшиб беради. Истаган бандасини бепушт қилади. У барча нарсани билувчи, истаган нарсасига қодир Зотдир”.
Фарзандни Аллоҳ беради. У Зот баъзиларга фақат қиз ато қилади, айримларга фақат ўғил беради, баъзиларга қиз ҳам, ўғил ҳам беради, айримларга фарзанд бермай бепушт қилади. Бунга рози бўлиш имонга боғлиқ. Киши мустаҳкам имонли бўлса, Аллоҳ нимани истаса, шунга рози бўлади. Аллоҳнинг бергани фазли, бермагани адолатидир. Инсон ғайбни билмайди, нарсалар сирини, оқибатини идрок этолмайди. Уларни фақат Аллоҳ таоло билади. Шунинг учун банда ҳар қандай ҳолатда Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлиши талаб этилади .

Хадичаи Кубро аёл-қизлар
ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс марказм раҳбари
М. Саиджалолова

1 та изоҳ

  1. АССАЛАМУ АЛАЙКУМ,БУНГА САБАБ ХОЗИРГИ КУНДА УЗИМИЗНИ МУСУЛМОН САНАШИМИЗУ,ЛЕКИН ГАЙРИДИНДЕК ЯШАЁТГАНИМИЗ.МУСУЛМОН УЧУН КИЗ ФАРЗАНД АЛЛОХНИНГ РОХМАТИ.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*