Минг ойдан яхшироқ кеча

Муборак Рамазон ойининг фазилатли кечаларидан бири- Қадр кечаси қимматини Аллоҳ таоло: ”Минг ойдан яхшироқ”, дея юксак кўтарган. Ойлар султони Рамазон бўлса, шубҳасиз, унинг тожи Қадрдир. Ҳадиси шарифларда бу кечани охирги ўн кунликдан қидириш тавсия қилинган. Уламоларимиз Қадр кўпроқ Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечасига тўғри келишини билдиришган. Шунданми, диёримизда айнан мазкур тунни Қадр кечаси сифатида нишонлаш анъанага айланиб қолган.
“Қадр кечаси”(“Лайлатул қадр”) Рамазон ойи ичига яширилган энг фазилатли, минг ойдан яхшироқ, гуноҳлар кечириладиган, дуолар ижобат бўладиган кечадир. Қуръони карим шу кечада нозил бўла бошлаган. Бу кечада айниқса ибодатга ғайрат қилинади, Аллоҳга кўплаб ҳамд-зикрлар айтилади, гуноҳлар учун мағфират сўралади. Кўпчилик мусулмонлар ҳадислардаги баъзи ишораларга мувофиқ Қадр кечасини Рамазон ойининг йигирма олтинчи кечасидан йигирма еттинчига ўтар кечасида деб билишади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Қадр кечасида нозил қилгани ҳақида шундай марҳамат қилинади: Аллоҳ таоло айтади:
“Албатта, Биз уни (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик. Қадр кечаси не эканини сенга нима билдирди? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббиларининг изни билан барча ишлар учун тушади”(Қадр сураси, 1-5 оятлар).
Қадр кечасининг фазли ва бу кечани Рамазон ойининг қайси кунларидан излаш ҳақида Набий алайҳиссаломдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.
Абу Ҳурайра розиёлоҳу анҳудан ривоят қилинад:Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам:”Ким Лайлатул Қадрни иймон билан савоб умидида қойим бўлиб ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”,дедилар”.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Ойша розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам (охирги) ўн кунлик кирса, белни маҳкам боғлаб, кечани қойим қилар ва аҳлларини уйғотар эдилар”.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида:”Охирги ўн кунликда ундан бошқада қилмаган ижтиҳодни қилар эдилар”, дейилган.
Оиша розиёллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазонни охирги ўн кунида эътикоф ўтирар эдилар ва: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигидан изланглар”, дер эдилар”.
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Зирр ибн Ҳубайшдан ривоят қилинади: “Убай ибн Каъбдан:” Биродаринг ибн Маъсуд “Ким бир йилни бедор ўтказса, Лайлатур Қадрни топади”, дейдими?” деб сўрадим. “Аллоҳ унга раҳм қилсин, одамлар суяниб қолмасин демоқчи бўлгандир. Аслида унинг Рамазонда эканини, охирги ўн кунликда эканини ва йигирма еттинчи кечада эканини аниқ билган”, деди. Сўнгра иншааллоҳ демасдан қасам ичиб, унинг йигирма еттинчи кеча эканини айтди. “Буни нимага асосланиб айтяпсан, эй Абу Мунзир?” дедим. Росулуллоҳ алайҳиссалом бизга берган аломат асосида. Ўша куни қуёш ёғду сочмай чиқади”, деди”.
Муслим, Абу довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Абу Довуднинг лафзида: “Аломати нима?” дедим. Ўша кечанинг тонгида қуёш тоғорага ўхшаб ёғду сочмай чиқади”, дейилган.
Муовия ибн Абу Суфён розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам:”Қадр кечаси йигирма еттинчи кечададир”, дедилар”.
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Рамазон ойидаги Қадр Кечаси фазилат бобида минг ойдан афзал ва мўтабардир, бу кечада қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхшироқдир. Оятдаги “минг ой” жумласи маълум вақтни кўрсатиш учун эмас, мисол тарзида келтирилган бўлиши мумкин, яъни Қадр кечаси минг ойдан ва ундан кўпроқ муддатдан афзал, деган маънони ҳам билдиради.
Қадр кечасида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва Сидротул-мунтаҳодан ерга тушишади, тонг отгунича инсонларни дуо қилишади ва дуо қилганларга қўшилиб “омин” деб туришади. Кўпчилик муфассирларнинг фикрича, фаришталар бу кечада Аллоҳ таолонинг кейинг йилги бўлажак қазои қадари билан ҳам тушишади.
Қадр кечаси тонг отгунга қадар турли офат-балолардан омонлик,ҳотиржамлик кечаси, барокат кечасидир. Бу кечада шайтон ёмонлик қила олмайди.
Қадр кечаси бошда-охир фақат саломатлик, омонлик, яхшилик ва барокат билан тўла, унда асло ёмонлик йўқдир. Бу ҳол қуёш ботганидан тонг отгунга қадар давом этади. Тонг отгунича фаришталар гуруҳ-гуруҳ бўлиб раҳмат билан ерга тушиб туришади.
Ҳасан ибн Али розиёллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади:”Қадр кечаси ойдин ва ёқимли бўлиб, на иссиқ, на совуқ бўлади. У кечанинг тонгида қуёш нурлари кўзни қамаштирадиган даражада чиқади”.
Қадр кечасини бундай яширишнинг ҳикмати ўлим вақтини ва қиёмат келишини яширишнинг ҳикмати кабидир. Қадр кечаси бандалар тоат-ибодатга рағбат ва ҳаракатни кучайтириш, ғофил ва дангаса бўлмаслиги учун яширилган.
Шунинг учун Қадр кечасини ҳар қанча нишонласа арзийди. Бизнинг ушбу кечани нишонлашимиз ўзимизга хос бўлади, ҳабибимиз ва йўлбошловчимиз Муҳамммад соллоллоҳу алайҳи васаллам кўрсатганларидек ва айтганларидек бўлади. У зот “Ким Қадр кечасини иймон билан, савоб умидида бедор ўтказса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.
Бу шарофатли ойда қилган ибодатларимиз, тавба-тазарруларимиз гардларни ювади, ихлосимизни оширади, нафсимизни жиловлашга, янада жўмард бўлишга, ёмонликлардан тийилиб, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам фидойилик қилишга, эзгу амалларни кўпайтиришга ўргатади.
Биз мазкур улуғ ва муборак кечани иймон кечасига, савоб талаб қилиш кечасига айлантиришга ҳаракат қиламиз. Бу кечани Аллоҳга, Исломга бўлган иймонимизни янада кучайтиришга ҳаракат қилиб, тоат-ибодат билан ўтказамиз. Биз бу муборак кечанинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, кўпроқ савоб ҳосил қилишга уринамиз.Аллоҳ таолодан ушбу кечада барча эзгу ниятларимиз амалга ошишини, тақдиримиз олиймақом тайин қилинишини сўраб, итижолар қиламиз.

Хадичаи Кубро ислом билим юрти 4-курс талабаси Абдуллаева Робия

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*