Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари

Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлган Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари барчага улкан ўрнак эканлигига заррача шубҳа йўқ. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ алайҳиссаломни барча оламларга, мўминларга, кофирларга, мунофиқларга, эркаклар, аёлларга, болалар ва хатто ҳайвонларга ҳам раҳмат қилиб юборган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло деди:
لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ
نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا
“ (Эй, Макка аҳли!) Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан (ҳидоят топишингиз билан) қизиқувчи, мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келди”.
Ибн Аббос (рз.): “Бирор араб қабиласидан чиққан пайғамбар йўқки, Муҳаммад (а.с.)нинг наслу насаблари билан туташмаса”, – деган. Ҳадисларида: “Менинг зоту насабимга жоҳилият одатлари аралашмаган. Ота-боболаримнинг ҳаммаси айнан исломдаги никоҳ қоидаларига мувофиқ равишда мени дунёга келишимга сабабчи бўлганлар”, –деганлар.
Росулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳаётлари шарқда – Ислом дунёсида ҳам, Ғарбда христиан оламида ҳам кўплаб тарихчилар томонидан ўрганилди, бу борада катта тадқиқотлар олиб борилди. Росулуллоҳ алайҳиссалом ҳақларида бир неча китоблар ёзилди, ҳаётлари олимлар ўртасида турли баҳс ва изланишларга сабаб бўлди. Ҳадис олимлари у зотнинг бутун ҳаётларини илмий бир йўл билан – ҳадис илми усули билан тушунтириб беришга ҳаракат қилдилар.
Қуръони каримда Аллоҳ таолонинг Ўзи Росулуллоҳ алайҳиссаломни мадҳ этиб, у зотнинг йўлларига эргашиш икки дунё саодатига олиб боришини зикр қилди. У зотнинг ҳаёт йўлларида мўмин-мусулмонлар учун кўпгина ибратлар мавжуд. Набий алайҳиссаломнинг ҳаётлари нубувват келгач янада ёришиб, инсонлар ҳаётига нур кириб келди. Ваҳий нозил бўлгач Маккада ўтган ўн уч йил умрлари давомида кўпгина тазийқларга учраган бўлсалар ҳам, Аллоҳ таолонинг ҳақ динини юзага чиқаришда бир лаҳза бўлсада бўшашмадилар.
Расулуллоҳга итоат қилиш Аллоҳга итоат қилишга олиб боради. Қуръон ва суннат бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлиб, уламолар буни мустаҳкам арқонга қиёслашган. Ана шу арқонни маҳкам тутган инсон, охир-оқибат албатта Аллоҳнинг жаннатига эришади.
Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар:
“Менинг гапимни эшитиб, сингдириб, ёдлаб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин” .
Аллоҳ таоло севикли Пайғамбаримизни бошқаларда учрамайдиган кўплаб фазилатлар, ўзларига хос бўлган сифатлар билан хослаган. Улардан бир қанчаларини турли китоблардан келтириб ўтилади:.
Муҳаммад алайҳиссалом бошқа Пайғамбарлардан олдин набий бўлганлар;
Одам алайҳиссалом ҳали рух ва жасад орасида турганларида Росулуллоҳ алайҳиссалом набий эдилар;
Пайғамбар алайҳиссаломинг келишлари ҳақида Қуръондан олдинги китобларда ҳам башорат берилган;
Муҳаммад алайҳиссаломнинг Одам алайҳиссаломдан оталаригача бўлган насабларидаги кишиларга бирор фахш иш етмаган; .
Оналари Омина кўзлари ёриганда ўзларидан бир нур чиққанини кўрганлар;
Иссиқ кунларда булут соябон бўлиб, у зотни қуёшдан тўсиб турган;
Бир сафарда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳамроҳлари иссиқдан қочиб, дарахт соясига у зотдан олдин бориб ўтиришади. Набий алайҳиссалом эса соясиз жойга бориб ўтирадилар. Шунда дарахт у зотга эгилиб, соя солади.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўкраклари ёрилиб, ундан шайтоний доғ олиб ташланган;
Пайғамбар алайҳиссаломга илк ваҳий келганида, Жаброил алайҳиссалом у зотни уч марта қисиб, қўйиб юборган ;
У зот алайҳиссалом тақводорларнинг имомидирлар. Яъни Муҳаммад алайҳиссалом тақводорларнинг пешвосидирлар. Ким тақводорликни ирода қилса, у зотга иқтидо қилиш билан эришади. Имом – ортидан бошқалар эргашадиган шахсдир. Бас, тақводорлар у зот алайҳиссаломга эргашадилар. У зот алайҳиссалом эргашиш учун юборилганлар. Ким у кишига эргашса, иқтидо қилса, тақводорлардан бўлади.
У зот ҳақларида қанча гапирилса шунча оз, одамзот яратилганидан буён то қиёматга қадар яшаб ўтадиган инсонларнинг энг мукаммали у зот ҳисобланадилар. У зот оламларга чинакам раҳмат бўлиб юборилганлар. Кўриниб турибдики, бу ҳаммага ҳам муяссар бўладиган нарса эмас. Бунинг учун Аллоҳнинг инояти ва фазлига сазовор бўлган инсон керак. Бунинг учун Муҳаммад алайҳиссалом керак. Бунинг учун у зотнинг буюк қалби керак. Аллоҳ таоло Ўз каломини ким орқали, кимга юборишни жуда яхши билади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал пайғамбарлиги учун Муҳаммад алайҳиссаломни танлади. Шундай экан, Аллоҳ таолони севайлик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва Ул зоти бобаракотнинг йўлидаги солиҳ инсонларни севайлик. Улар билан бирга бўлишга интилайлик. Биз ҳам лоақал у йўлда юришга ҳаракат қилайлик. Жаннатда улар билан бирга бўлиш нақадар улуғ бахт! Яратувчимиз Аллоҳ таоло лутфи карами билан бу бахтни бизга насиб этсин.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ислом билим юрти
4-курс толибаси Абдуллаева Одина

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*