holy Quran books on a shelf in a mosque

Ҳанафий мазҳабидаги ҳадис манбалари

Ҳанафий мазҳабидаги ҳадис манбалари ҳақидаги мавзу, энг аввало, Абу Ҳанифа мактабининг шаклланиши ва кейинги илмлар ривожига кўрсатган таъсирини қисқача қараб чиқишни тақозо қилади. Бу мактаб Расулуллоҳ алайҳиссаломдан бевосита олинган илмларга асосланган мактаб бўлиб, у зотга Анас ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Абу Авф, Саҳл ибн Саад Саид ва Абул Фазл Амир бин Восил розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан таълим олиш насиб этган. Шунингдек, Жаъфар Содиқ каби ўз даврининг машҳур тобеъинлари билан учрашган. Имом Моликдан Абу Ҳанифани кўрганлари ҳақида сўраганларида “У зотнинг рад қилиб бўлмайдиган далилларини кўрдим ва эшитдим. Қачонки, у киши бирор нарсани тасдиқласа, у киши келтирган далилни ҳеч ким инкор қилолмайди” деган эканлар.
У киши ҳаётлик вақтларида фиқҳий билимлар ҳали шаклланмаган эди. Инсонлар гўё уйқуда эдилар, у зот уларни уйғотгандек. Ҳозирги давримизнинг машҳур уламоларидан Имом Шаъроний ўзларининг “Адиллатул мазаҳиб” асари устида ишлаётганимда Абу Ҳанифа ижтиҳодларини диққат билан ўрганиб чиқдим, тадқиқотларим натижасида шундай хулосага келдимки, бу буюк олимнинг барча ишлари Қуръон оятлари, ҳадис ва саҳобаи киромларнинг фикрларига асосланган. Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Ҳанбал каби мужтаҳидлар Абу Ҳанифанинг қилган ишларига ғоят юқори баҳо берганлар.
Бухорий ва Муслимда келган “Агар илм сурайё юлдузида бўлса ҳам унга форс ўғлонларидан бири етиб боради” ҳадисини машҳур шофеъий мазҳаби муфассири Жалолуддин Суютий шарҳлаб, барча олимлар бир овоздан бу ҳадис Имоми Аъзамга ишорат қилади деганлар.
Алоуддин Хаскафий “Дуррул мухтор” асарида Имоми Аъзамнинг 7 та саҳобани кўрганларини ёзади. 4 мазҳаб асосчилари ичида Абу Ҳанифа ягона тобеъин саналадилар. “Бахрур роиқ” асарининг муаллифи Ибн Нужайм Мисрий “Ашбоҳ” асарида ким фиқҳга доир билимларнинг асосларини олишни истаса Имом Абу Ҳанифа асарларини ўргансин дейди.
Ҳанафий мазҳаби мўътамад ва мўътабар мазҳаб бўлганлиги учун ҳам унга нафақат фуқаролар, шунингдек, турли замонларда ва ўлкаларда яшаб ўтган пири муршидлар, тариқат аҳли пешволари амал қилганлар. Жумладан, машхур авлиёлардан Иброҳим Адҳам ибн Мансур (вафоти 161 ҳижрий сана.), Фузайл ибн Аёз (вафоти 178 ҳижрий сана.), Шақиқ ал-Балхий (вафоти 194 ҳижрий сана.), Абу Язид ал-Бастомий (вафоти 261 ҳижрий сана.) ларни айтиш мумкин. Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд каби Хожагон силсиласининг кўплаб пири муршидлари ҳам ҳанафий мазҳабида бўлганлар. Агарда биз башарият тарихига назар солсак, ер юзида узоқ муддат ҳукмронлик қилган аббосийлар, салжуқийлар, хоразмийлар, усмонийлар ва темурийлар давлатни идора қилишда ҳанафий мазҳабига асосланганликларининг шоҳиди бўламиз. Бу шубҳасиз, у зотнинг ҳанафий мазҳабига бўлган ҳурмат ва эҳтиромлари ифодасидир.
Шунинг учун ҳам ҳадис илми олимларини фаолиятини тадқиқ қилиш асосида кўплаб муҳаддисларнинг ҳанафий мазҳабида бўлиб, беқиёс асарлар яратганини гувоҳи бўламиз. Улар орасидан машҳурлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:
1. Имом Таҳовийнинг «Шарҳи Маоний ал-Асар» асари ҳанафий мазҳаби ҳадисларини баён қилган илк асарлардан саналади.
2. Имом Жассоснинг «Шархи Мухтасар ат-Тахови» асари бўлиб, Имом Таҳовийнинг “Мухтасар” асари Қуръони карим оятлари ва ҳадислар, шунингдек, саҳобаларнинг асарлари билан шарҳлаб, очиб берилган. Маълумки, ҳанафий мазҳабидаги ҳар бир ҳукмлар, албатта, оят ва ҳадисларга асосланган. Ушбу китоб мутақаддим олимлар орасида ёзилган энг ишончи асарлардан саналади.
3. Зафар Ахмад Усманийнинг «Эълоус Сунан» асари ҳанафий мазҳабининг ҳадислардаги асосларини кўрсатиб берган шоҳ асарлардан саналади. Шу билан бирга, бу асарда ҳанафий мазҳабидаги ҳадисларнинг ишончлилик даражаси баён қилиб берилади.
4. Алоуддин Косонийнинг «Бадоиъус Санойеъ» асарида ҳанафий мазҳабидаги ҳукмларнингҚуръон ва Суннатдан аввал нақлий, сўнгра ақлий далиллари келтириб ўтилади.
5. Шайх Шаббир Ахмада Усмонийнинг «Фатхул Мулхим» асари мўътабар манбалардан саналади.
6. Ибн Хумомнинг «Фатхул Қодир» асари Бурхониддин Марғинонийнинг «Ал-Ҳидоя» асари шарҳи бўлиб, қатор масалаларни шарҳлашда олим кўплаб ҳадисларга мурожаат қилади.
7. Аллома Зайлаъийнинг «Насбур Роя» асарида ҳам Марғинонийнинг “Ҳидоя” асаридаги зикр қилинган ҳар бир ҳадис кўриб ўтилади. Ҳадисларнинг ишончлиги ва заифлиги масалалари ўрганилади. Замонамиз алломаларидан, муҳаддис Муҳаммад Аввома ушбу асарга шарҳ ёзиб, нашр эттирган.
Ушбу қаторни янада давом эттириш мумкин бўлиб, ушбу мақолада энг муҳимлари санаб ўтилди. Ҳанафий мазҳаби мусулмонлар дунёсининг деярли ярмига ёйилган ҳамда бугунги кунда уни ўрганишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бизнинг юртимиз, жуда кўп МДҲ давлатлари ва бошқа мамлакатлар учун ҳам ҳанафийлик анъанавий мазҳаб саналади. Ҳанафийлик мазҳабининг дунёда кенг тарқалиши бу таълимотнинг бағрикенглиги, фикр ва сўз эркинлигига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, рационаллиги, исломга эътиқод қилувчи халқларнинг минтақавий ва миллий анъаналарига ўзига хос ёндашувлари билан боғлиқдир.

 

Фотима Иброҳимова – Имом Бухорий
номли Тошкент ислом институти
4 курс талабаси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*