Ислом шариатида дафн маросимини ўтказиш ҳукмлари

Барча мавжудотларни йўқдан бор қилиб, “Ҳар бир жон ўлим (аччиғини) тотувчидир” деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамд-санолар бўлсин.
Умматларига ҳар бир ишнинг энг нозик нуқталаригача билдириб, ўргатиб кетган икки олам сарвари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.
Расулуллоҳдан таълимотларни ўрганиб, ўзларидан кейингиларга ўргатган саҳобаи киромларга Аллоҳнинг розилиги бўлсин.
Ўлим Ҳақни англамаганлар хаёлига ўрнашиб қолганидек, ҳаётнинг тугаши эмас, балки фоний дунёдан боқий дунё сари қилинган риҳлатдир.
Бизнинг азиз халқимиз Исломнинг барча ҳукмларини ўзида мужассамлаштиришда ўлим ва унга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратган. Ҳатто кейинги даврлардаги динга қарши тузумқўл остида яшаган қора кунларида ҳам Исломнинг кўплаб аҳкомларини бажара олмай қолган бўлса ҳам, инсон вафоти билан бўғлиқ амалларни тарк этмаган. Бу амаллар халқнинг миллий қадрияти, сўнмас урф-одатига айланган.
Дафн маросимларига тўхталадиган бўлсак, кишининг вафот этгани аниқ бўлганидан сўнг, маййитнинг маййит эгалари устида тўртта ҳаққи қолади. Бу ҳақлар фарзи кифоядир. Яъни, бу ҳақларни қариндошларидан бири ижро этса, кифоя. Бу ҳақларни адо этишда иштирок эта олмаган мусулмонлардан масъулият кўтарилади. Аммо уларни ҳеч ким бажармаса, барча гуноҳкор бўлади. У тўрт ҳақ қуйидагилардир:
1. Маййитни ювиш;
2. Кафанлаш;
3. Жаноза ўқиш;
4. Дафн қилиш;
Маййитни ювишнинг ҳукми
Маййитни ювиш фарзи кифоядир. Агар маййит ювилмай қолган бўлса, қабрини очиб, ювиб қайтадан кўмилади. Аммо қабр очилганда маййитнинг ярмидан кўпи топилса, уни ювиб жаноза намози ўқилади. Агар ярмидан ози топилса, ювилмайди ҳам жаноза ҳам ўқилмайди.
Маййитни кафанлашнинг ҳукми
Кафанлаш ишлари ҳам фарзи кифоядир. Лекин маййитнинг дафнига лозим бўлган ҳамма сарф-ҳаражатлар унинг ўз молидан бўлади. Агар ўзининг моли бўлмаса, унинг нафақасини қилиши керак бўлган одамнинг молидан бўлади. У ҳам бўлмаса, байтул молдан бўлади. У ҳам бўлмаганда эса, ўзига тўқ мусулмонларнинг маошидан бўлади.
Кафан хиллари
Кафан уч хил бўлади:
 Зарурий кафан;
 Кифоя кафан;
 Суннатга мувофиқ кафан;
Маййитга жаноза намози ўқишнинг ҳукми
Жаноза намози фарзи кифоя бўлиб, ҳанафий мазҳаби бўйича дуо ҳисобланади.
Аллоҳ таоло айтади:
خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ
“Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг ва улар (ҳаққи) га дуо қилинг! Албатта, дуоингиз уларга таскин (тасалли)дир. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир”.
Тавба сураси 103-оят.
Уламолар “Бу ўринда дуодан мурод жаноза намози”, деб айтганлар.
Жаноза намозининг ҳикмати маййитга дуо ва шафоат қилишдир, албатта, бу ихлос билан бўлади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: إِذَا صَلَّيْتُمْ عَلَى الْمَيِّتِ فَأَخْلِصُوا لَهُ الدُّعَاءَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّانَ .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қачон маййитга намоз ўқисангиз, унга дуони ихлос ила қилингиз”, дедилар”.
Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Жаноза намози дуруст бўлиши учун олтита шарт лозим бўлади:
1. Маййит мусулмон бўлиши;
2. Пок бўлиши;
3. Аврати ёпилган бўлиши;
4. Маййитнинг ҳозир бўлиши (бошқа жойдаги, ғоиб маййитга намоз ўқилмайди);
5. Маййит бутун бўлиши ёки жасадининг ярмидан кўпи мавжуд бўлиши (ярмидан озроғи бўлса ёки ярми бошсиз бўлса жоиз эмас);
6. Маййит жаноза ўқувчининг олдига қўйилган бўлиши (жаноза ўқувчининг ортида ёки ёнида бўлса, шунингдек, от- эшакка ўхшаш улов устида ёки осиб қўйилган бўлса жоиз эмас);
Тобутни кўтармоқчи бўлган шахс аввал унинг олдинги чап дастасидан ўнг элкаси билан кўтаради. Ўн қадам юргандан кейин бошқага бериб, орқа дастага ўтади. Уни ҳам ўнг элкасига олиб, ўн қадам юради. Кейин бошқа одамга беради. Сўнг тобутнинг ўнг томони олд дастасидан чап элкаси билан кўтаради ва ўн қадам юриб, ўзгага жой бўшатади. Ке¬йин ўша тарафнинг орт дастасига ўтиб уни ҳам ўн қадам кўтаради.
Маййит ёш гўдак бўлса, уни қўлда навбатма-навбат кўтариб бориш ҳам жоиз. Аёл киши солинган тобут устини мато билан беркитиш мустаҳабдир. Маййитни кўтарганда, уни боши олд томонга бўлиши лозим .
Қабрга сиғиниш ҳам қабрларни зийнатлаш, уларнинг устига турли бинолар қуриш туфайли келиб чиққан. Шунинг учун ҳам қабрларни баланд кўтаришга рухсат йўқ.
Қабрга белги қўйиш ва бир жойга яқин қариндош-уруғларни дафн қилиш:
Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта, у ҳам бўлса, тириклар уларни зиёрат қилишда тез ва осон топишларидир.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси Мирзаева Муаттар

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*