Нидо оятларининг илмий таҳлили

Нидога мукаллаф бўлган тоифалар.
Қуръони каримнинг Бақара сурасида Аллоҳ таоло бутун инсониятга қарата нидо қилмоқда:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ اعْبُدُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ وَالَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ (21) الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ فِرَاشًا وَالسَّمَاءَ بِنَاءً وَأَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجَ بِهِ مِنَ الثَّمَرَاتِ رِزْقًا لَكُمْ فَلَا تَجْعَلُوا لِلَّهِ أَنْدَادًا وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ (22)
Эй, инсонлар, сизларни ва сизлардан олдингиларни тақволи бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз! 21. У сизлар учун ерни “паяндоз”, осмонни “бино” қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, у сабабли сизларга ризқ сифатида мевалар (мевали дарахтлар) ни ундирди. Бас, билиб туриб, Аллоҳга (ибодатда) бошқаларни (сохта маъбудларни) тенглаштирмангиз!”
Бу оят Қуръони каримда тартиб жиҳатидан дастлабки нидо ояти. Нозил бўлиш жиҳатидан биринчи оят бўлмасада Қуръонни ўқишга тушган киши Фотиҳа сурасидан кейин Бақара сурасини ўқийди, қўлимиздаги Қуръони каримнинг тартиби шундай. Лавҳул Маҳфузда ҳам шундай тартибдир. Ҳудди мана шу тартибда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (охирги) йилларда Жаброил алайҳис саломга ўқиб берганлар.
Ушбу оятда Буюк Тангрининг олдида ибодатга бутун башарият мукаллаф эканлиги баён қилинаяпти. Ер юзида яшовчи барча элатлар учун умумий таклиф, бу ёлғиз Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш, Уни яратувчи сифатида тан олиш, Унга ҳеч кимни шерик қилмаслик, амру-наҳийларига бўйсиниб яшашлари лозимдир. Бу барча ақлли, балоғатга етган кишилар учун умумбашарий бўлган таклифдир. Ибодатнинг маъноси тоат билан Аллоҳга бўйсинишдир. Алқама раҳматуллоҳи алайҳ : يَا أَيُّهَا النَّاسُдеб нидо қилинса Макка мушрикларига, يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا деб нидо қилинса, Мадиналик мусулмонларга нидо қилинган бўлади, дейди.
Оятнинг давомида Бас, билиб туриб, Аллоҳга (ибодатда) бошқаларни (сохта маъбудаларни) тенглаштирмангиз, дея таъкидланаяпти. Бу хитоб китоб берилган тоифалар, яҳуд ва насоролар ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шак келтирган барча мушриклар ҳақидадир, улар китобларидан бор ҳақиқатни биладилар, лекин Аллоҳга ширк келтиришда давомли юрганлари учун бу оят нозил бўлган. وَلَئِنْ سَأَلْتَهُمْ مَنْ خَلَقَهُمْ لَيَقُولُنَّ اللَّهُ (Эй, Муҳаммад!) Қасамки, агар улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта, улар: «Аллоҳ», – дерлар, ояти бунинг тасдиғидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: قال: قلت: يا رسول الله، أي الذنب أعظم؟ قال: “أن تجعل لله ندا، وهو خلقك Мен, Ё Расулаллоҳ қайси гуноҳ оғирроқ ? –дедим. У киши: ”Сени яратган Аллоҳга (бошқаларни) тенг қилмоқлигингдир”дедилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос разиаллоҳу анҳудан ушбу ривоят нақл қилинади: “Тенглаштириладиганлар ширкдир. У қоронғу кечада, қора тош устида қумурсқа ўрмалагандан ҳам махфийроқдир.”
Хулоса шулки, бутун инсоният фақатгина уларни яратган Аллоҳга ибодат қилишлари керак. У яратувчи, ризқ берувчи, бандаларига сон-саноқсиз неъматларни беминнат ато айлаган, ерни барча шароитлари билан жиҳозлаб, устини мовий осмон билан безатиб, қанчалик улкан бўлишига қарамай “қирс” деган овоз чиқармай , ерни ўз ўқи ва қуёш атрофида айланувчи қилиб қўйган, бандаларидан ёрдам ва маблағ талаб қилмасдан осмонларидан барокатли ёмғирлар ёғдирган ва сайёрамизни жаннатига ўхшатиб қўйиб эвазига менгагина ибодат қилинг деган, ибодат қилинишга ҳақли ягона Зотдир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти Собиржонова Муслима

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*