Расулуллоҳ ( сав ) саҳобаларни қандай васфлаганлар

Аллоҳ таоло ўз каломида саҳобаларни сифатларини айтган экан, расулуллоҳ ( сав ) ҳам ўз асҳобларини васфлаганлар.
Жаъфар ибн Абу Толиб. Мен Жаъфарни жаннатда кўрдим. Қанотларининг олд патлари қип-қизил қонга бўялган эди.
Саккизинчи ҳижрий сананинг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шом диёрида қарор топган Рум лашкарига қарши жиҳодга аскар тўпладилар. Қўшинга Зайд ибн Хорисани саркарда қилиб сайладилар. – Агар Зайд ҳалок бўлса ёки жароҳатланса, ўрнига Жаъфар ибн Абу Толиб саркарда бўлур, – дедилар Расуҳлуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар олдидан. – Мабодо Жаъфар қатл килинса ёинки оғир яраланса, қўмондонлик Абдуллоҳ ибн Равоҳага ўтур. Агар унга ҳам бирон кор-ҳол рўй берса, мусулмонлар ўзларига лашкарбоши сайлаб олурлар. Мусулмонлар ҳали Шомга етмасларидан, Урдундаги Мўъта қишлоғида ғанимларига йўлиқишди. Румлик аскарларнинг сони юз мингта бўлиб, уларга Лахм, Жузом, Қузоа ва арабларнинг насроний динига эътиқод қилувчи бошқа қабилаларидан ташкил топган яна юз минглик лашкар қўшилган эди. Мусулмон мужоҳидларининг сони эса бор-йўғи уч мингта эди… Икки лашкар тўқнашиб, жанг энди бошланган пайтдаёқ Зайд кўкрагидан яраланиб, шаҳодат топди. Унинг суворийсиз қолган самани душманлар қўлига ўлжа бўлиб тушмаслиги учун Жаъфар отнинг оёғини қилич билан чопиб ташлади. Байроқни баланд кўтарди-да, ўзини румликлар сафига урди. Мусулмонларнинг руҳини кўтариш учун қичқириб шеър ўқиди: Жаннат ажиб юксакдир, насиб этган инсонга, Шароби жон роҳати болдек ширин маконга. Ирқи ўзга румликлар — шум ниятли ёмонга Дўзах қаъри ланг очиқ, динни инкор этганга. Мард бўлсанг гар биз тайёр, тушгин қани майдонга. (Эмин Усмон таржимаси) Ногаҳон тушган қилич зарбаси душманлар қуршовида жавлон ураётган Жаъфарнинг ўнг қўлини кесиб ташлади. У дарҳол туғни чап қўлига олди. Яна бир зарба унинг чап панжасини узиб юборди. Чекинишни хаёлига ҳам келтирмаган мужоҳид байроқни тирсаги билан кўксига босди. Учинчи зарбадан сўнг Жаъфар ҳалок бўлди. Ундан туғни қабул қилиб олган Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳам уруша уруша охири шаҳид бўлди. Учала саркарда ҳам ҳалок бўлганининг хабарини эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ қайғуга чўмдилар. Амакиваччаси Жаъфар ибн Абу Толибнинг аҳли оиласидан хабар олгани жўнадилар. Асмо жангдан қайтадиган эрини кутиб олишга ҳозирлик кўриб қўйганди. Хамирлар қорилган, болалар чўмилтирилган, ясантирилган, хушбўйликлар сепилган, ҳаммаёқ покиза… Асмо ривоят қилади: – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизникига келганларида юзларидан қайғу асарини сездим. Бирданига кўнглимга ғулғула тушди, лекин Жаъфар ҳақида сўрашга журъат этолмадим. Мудҳиш хабарни эшитсам, кўтаролмайманми деб қўрқдим. У киши “Жаъфарнинг фарзандлари қани?” деб сўрадилар. Мен болаларни чақирдим. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, ниҳоятда қувониб кетишди. Чопиб келиб, бўйинларига осилишди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни галма-галдан қучоқлаб ўпар, бошларини силар, кўзлари эса жиққа ёшга тўла эди. Мен чидаб туролмадим. – Ё Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин, нега йиғлаяпсиз? Жаъфар ҳақида бирон ёмон хабар келдими? – дедим. У киши: – Ҳа, – дедилар,- у бугун шаҳид бўлди. Оналарининг пиқиллаб йиғлаб юборганини кўрган гўдакларнинг дами ичига тушиб кетди. Юзларидаги табассум бир зумда йўқолиб, ҳаммалари турган жойларида қотиб қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрниларидан турдилар. Қўллари билан кўз ёшларини артиб: – Парвардигоро, Жаъфарнинг болаларини зоеъ қилма. Унинг оиласига ўзинг мураббий бўл, – деб дуо қилдилар. Сўнг: – Мен Жаъфарни жаннатда кўрдим, Унинг иккита қаноти бор эди. Олд тарафдаги патлари қип-қизил қонга бўялган эди, – дедилар.

Хадичаи кубро билим юрти битирувчиси Мариям Аббосхўжаева

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*