Қуръонда исми зикр этилган ягона саҳоба

Қуръони каримда номи келган ягона саҳобийнинг исми Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудир. Бу қуйидаги оятда ўз исботи топган бўлиб, Унда шундай марҳамат қилинади: “(Эй Муҳаммад!)Эсланг, Аллоҳ ва Сиз (неъматларни) инъом этган кишига (Зайд ибн Ҳорисага): “Жуфтингни ўзингда сақла (талоқ қилишга шошма)! Аллоҳдан қўрққин!”, – деб, Аллоҳ ошкор қилувчи бўлган нарсани ичингизда яширган эдингиз ва Аллоҳдан қўрқишга ҳақлироқ бўлган ҳолингизда, Сиз одамлардан (таъналаридан) қўрққан эдингиз. Бас, Зайд ундан (Зайнабдан) ҳожатини адо этгач (уни талоқ қилгач), Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болалари ўз хотинларидан ҳожатларини адо этишгач (талоқ қилишгач) уларга (уйланишларида) қийинчилик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Аллоҳнинг амри эса бажарилувчидир” (Аҳзоб, 37).
Албатта юқорида келтирилган оятдан маҳлум бўладики, Аллоҳнинг Каломида исми зикр этилишининг ўзи жуда улуғ даража ҳисобланади. Бу ўринда буюк саҳоба Зайд ибн Ҳориса билан батафсил танишсак, У зотнинг тўлиқ исмлари Зайд ибн Ҳориса ибн Шураҳбийл ибн Абдулуззо ибн Имрул-Қайс розияллоҳу анҳу бўлиб, Куняси Абу Асома эди. Макка даврида Зайд ибн Муҳаммад деб чақирилар эдилар. Шунингдек, Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу “Расулуллоҳнинг суюклилари” деб ҳам аталган.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Бани Калб қабиласида ҳижратдан 35 йил олдин (мил. 587 й.) таваллуд топган. Отаси Ҳориса ибн Шураҳбийл ибн Абдулуззо ибн Имрул-Қайс ибн Омир ибн Нўъмон ибн Омир ибн Абдулвудд ибн Авф бўлиб, Калб қабиласидан бўлган. Онаси Суъда бинт Саълаба ибн Абд ибн Омир ибн Афлат ибн Силсила ибн Амр ибн Силсила ибн Ғанм ибн Савб ибн Муъин бўлиб, Тойй қабиласидан эди. Саҳоба Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу кичик бўйли, буғдойранг ва қирра бурунли киши эди. Унинг фарзандлари орасида Усома ибн Зайд юксак шижоати ва ҳарбий салоҳияти билан танилган.
Тарихий манбаларда Зайд розияллоҳу анҳу саккиз ёшида онаси билан зиёратга чиқиши ва йўлда қароқчилар қўлига тушиб қолиши, алалоқибат улар ёш Зайдни сотиб юбориши қайд этилган. Ҳаким ибн Ҳизом Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни Укоз бозоридан сотиб олади ва уни аммаси Хадича бинт Хувайлидга ҳадя қилади. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққач, Хадича розияллоҳу анҳо Зайдни у зотга ҳадя қиладилар. Расулуллоҳ ўша заҳотиёқ Зайд розияллоҳу анҳуни озод қилиб, ўзларига фарзанд қилиб оладилар. Шундан сўнг Маккада у киши Зайд ибн Муҳаммад, деб танилади. Бу воқеа Пайғамбарликдан олдин бўлиб ўтган эди.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг отаси Ҳориса ибн Шураҳбийл фарзанди йўқолиб қолганидан қайғуга ботиб, арабларнинг одатига кўра йўқолган фарзанди тўғрисида шеърлар битади. Орадан йиллар ўтиб, Калб қавмидан бир жамоа ҳажга борганда, Зайд розияллоҳу анҳуни кўриб таниб қолади ва хабарни Ҳорисага етказади у Маккага келиб, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз фарзандининг хабарини сўраб: “….Фарзандимизни олиб кетишимизга омонлик беринг ва бизга яхшилик қилинг”, дейди. Бу ўринда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам танлаш ихтиёрини Зайд розияллоҳу анҳунинг ўзига топширадилар. Уни чақириб, вазиятни тушунтирадилар. Зайд ибн Ҳориса, “Мен сиздан бошқа бирор бир кишини ихтиёр қилмасман, сиз мен учун отам ва онам ўрнидасиз”, – дейди. Бу воқеага шоҳид бўлган ҳамда фарзандининг ишончли қўлларда эканига қаноат ҳосил қилган Зайднинг отаси ортига қайтди.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Хадича онамиз ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳулардан кейин исломга кирган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйганлар.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилмас, яхши-ёмон кунларда бирга бўлган. Жумладан, ҳижратдан аввалги Тоиф даъватида Пайғамбар билан бирга ўша жойда яшайдиган қавм томонидан тошбўрон қилинган.
У киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан Бадр, Уҳуд, Хандақ ва Хайбар каби бир қатор ғазотларда иштирок этган.
Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Мўъта ғазотида шаҳид бўлган. Бу воқеа 8/629 йилга тўғри келади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга у киши билан бирга Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуларнинг ҳам шаҳид кетгани хабари келади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим, Зайдни мағфират қилгин, Эй Аллоҳим, Зайдни мағфират қилгин, Эй Аллоҳим, Зайдни мағфират қилгин. Саҳобийлар: “Ё Расулуллоҳ, сизни шу каби йиғлаётганингизни ҳеч кўрмагандик”, дедилар. Шунда У зот: “Бу дўстнинг ўз дўстига шавқи (фироқи)дир”, деб марҳамат қилдилар”. Албатта юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Зайд ибн Ҳориса ислом тарихида ўз ўрнига эга бўлган жасорат ва садоқат тимсоли бўлган тарихий шахсдир. Бундай барчамиз учун мазмунли ва ибратли ҳаёт мактабини ярата олган зотларнинг ҳаёт йўллари, ёш авлоднинг маънан баркамол ва ўз ақидаси ва қарашларида собит инсон бўлиб камол топишларида, ўрнак ва ибрат намунасидир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 4-курс талабаси
Йўлчиева Машкура

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*