Иймоннинг асли

«Иймон»нинг маъноси тасдиқ этиш, ишонишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, уларга тил билан иқрор бўлиш «иймон» дейилади.
Иймон бундай изҳор қилинади:
أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرُسُولُهُ
«Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ». Яъни :«Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқдир ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва Расулидир).
Шу ўринда Ислом ва иймоннинг асл моҳиятини баён этувчи бир машҳур ҳадиси шариф билан танишиб ўтиш лозим.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан олдимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом: «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозини тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.«Тўғри айтдинг», деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди. «Менга иймон ҳақида хабар бер», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва:
«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деди.У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар. «Унинг аломатларидан хабар бер», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чўри ўз хожасини туғмоғлиги, ялангоёқ, ялан­ғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у қайтиб кетди. Шунда мен бирмунча вақт (ўша ердан) ғойиб бўлдим. Кейинроқ у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динларингиздан таълим бергани келибди», дедилар».
Яна бир ривоятда шундай дейилган:«У Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор» оятини тиловат қилдилар. Сўнгра у қайтиб кетди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни қайтаринглар», дедилар. Одамлар ҳеч нарсани кўрмадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Жаброилдир. Одамларга динларини ўргатгани келибди», дедилар». Ушбу ҳадиди шариф инсон васфига ожиз бўлган улкан ҳақиқатларни ўз ичига олган. Чунки унда Ислом, иймон, эҳсон нималиги, Қиёмат куни ҳақида маълумотлар берилмоқда. Ҳадиснинг охирида эса, ушбу нарсаларнинг барчаси “дин” деб аталмоқда. Бу ҳадисда диний таълим беришда амалий-кўргазмали дарс кўриниши баён қилинмоқда. Имом Муслим Аммор инб ал-Қаъқўдан ривоят қилишларича, бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичидан ўтириб: “Мендан сўрайдиган нарсаларингизни сўраб олинглар”, дедилар. Одамларни ҳайбат босиб, бирор нарсани сўрай олмай қолдилар. Шунда, ҳадисда васф қилинган, оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора, ўзида сафарнинг асари йўқ, ҳеч кимга таниш бўлмаган бир одам кириб келган ва васф қилинган ҳайъатда ўтириб олиб, ҳамма учун ўта муҳим бўлган саволларни бера бошлаган.
Аллоҳ таоло бизларга китоб (Қуръон) ни берди ва унда ёшу-қари барчага хитоб мавжуддир. Мўмину-мусулмон Аллоҳ таоло ниманики айтган бўлса уни узвий бажариб, Унинг тоатини жону-тан, чин кўнгил билан бажаришга ҳаракат қилади. Роббимиз айтган ҳар бир нарса борки, уни зарра миқдорида кам қилиш билан, ёки бажармаслик билан фақат биз инсонлар ўз жонимизга ҳадсиз-ҳудудсиз ситам қиламиз. Яъни Аллоҳнинг амр ва наҳийларига амал қилинмаса инсон ўз жисми-жону, руҳиятига катта йўқотишни амалга оширади. Бу ҳақиқат ўз исботини инсоният яратилмишидан буён исботлаб келмоқда. Эрта-ю кеч Расулимизга уммат бўлиб боғланишимиз бизнинг асосий талаб қилувчи феъл ва мақсадларимиздан иборат бўлиши даркор. Зеро, банда иймон ва исломнинг шартларини билмаса, уларнинг рукн ва ҳукмларидан огоҳ бўлмаса бундай бандани ҳеч бир мазҳаб, дийн (Ислом) ва миллат (Иброҳим халилуллоҳ) да мўмину-мусулмон демаслар. Чунки, мўмину-мусулмон бўлишдан мақсад улуғлик эгаси бўлган Аллоҳнинг якка-ю ягоналигини бутун в
ужуд ва руҳоният билан тан олиш ҳамда бу борада маърифат ҳосил қилиш, неъматлар билан тўла жаннатга дохил бўлиш, турли неъмат ва лаззат навларини ҳосил этиш ва унга эришиш, шунингдек, азобдан халос бўлишдир. Аллоҳнинг неъматларини санаб адоғига етиб, уни ҳисоблаб охирига етиб бўлмас. Шунинг билан бирга улуғ Аллоҳнинг даргоҳи илоҳийсига бевасила яқинлик ҳосил қилиб бўлмайди ҳамда Унинг абадий аламли азоби ва уқуботларидан бесабаб нажот топиб бўлмайди. Яқинлик ҳосил қилиш, азоб ва уқуботлардан нажот топиш сабаби иймон ва ислом ҳамда унинг шартларини яхши билмоқ, тўғри эътиқодда оғишмай амал қилмоқ, иймон келтириш вожиб бўлган барча нарсага иймон келтирмоқликдир.
Аҳли сунна вал-жамоа уламолари иймонга қуйидагича таъриф берган эканлар:
1. Иймон – қалб билан тасдиқ қилиш ва тил билан иқрор бўлиш ҳамда аъзолар билан амал қилиш. Мазкур таъриф Ашъария йўналишининг таърифи бўлиб, бунга Моликий, Ҳанбалий ва Шофеъий мазҳаблари эътиқод қиладилар.
2. Иймон – қалб билан тасдиқ қилиш ва тил билан иқрор бўлиш. Мазкур таъриф бизнинг яъни Мотуридия йўналишининг таърифи бўлиб, Ҳанафий мазҳаби эътиқод қилади ва бу кўпчилликни ташкил этади.
Уламолар: “Банда нима билан иймонга кирган бўлса, ана шу нарсани инкор қилиш билан иймондан чиққан ҳисобланади” – деганлар. Бирор кишига куфр нисбати берилиши учун у киши диннинг асоси бўлган нарсалардан бирини инкор қилиши ёки бирор қатъий далил билан собит бўлган бирор ҳаромни ҳалол санаши ёки ихтиёрий равишда билиб туриб, атайин бирор куфр сўзни айтиши ёки куфрга далолат қилувчи бирор иш-ҳаракатни амалга ошириши керак. Шунинг учун қалбида иймони борлигини тилида иқрор қилганлар мўмин ҳисобланади. Аммо амалларга бееътибор бўлаётганлиги учун ёки гуноҳи кабираларни содир этаётганлиги учун қаттиқ гуноҳкор бўлади дейилади, иймондан чиқди дейилмайди. Чунки бу нарсалар илмсизлик, бепарволик, ялқовлик, дангасалик, масъулиятсизлик, унутиш каби сабаблар орқали содир бўлиши мумкин. Куфр ниятида эмас. Агар мўмин киши ибодатларни тарк этиш ва гуноҳи кабираларни содир этиш қанчалик оғир гуноҳ бўлишини англаганда эди асло бундай иш тутмаган бўларди. Баъзи уламолар иймонни маънавий ва амалий ҳукмларини қуйидагича келтирган эканлар:
Фарзлари: Ғайбга иймон келтириш, ғайб илмини Аллоҳ таолога хос деб билиш, Жаннат билан Дўзахни кўрмай иймон келтириш, ҳалол нарсаларни ҳалол деб билиш, ҳаром нарсаларни ҳаром деб билиш, Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқиш, Аллоҳнинг раҳматидан умид қилиш..
Вожиблари: Уламолар билан суҳбат тутиш, гуноҳи кўп одамлардан ўзини узоқроқ тутиш, ташналарга сув бериш, беморларни аҳволини сўраш, етимларни бошларини силаш, етимларга шафқат қилиш, бечораларга мурувват қилиш, ўликларни кўмиш, икки уришган одамни яраштириш, йўл устидаги зарарли (тош каби) нарсаларни четга олиш, йўл устидаги нажосатларни устини ёпиб қўйиш, аёли ва фарзандларига шариат илмини таълим бериш.
Амалий ифодаси: Ҳеч бир кишини қонини ноҳақ тўкмаслик, ҳеч бир кишини молини ноҳақ тортиб олмаслик, ҳеч бир кишини айбини ошкор қилмаслик, ҳеч бир кишини ёмонликка нисбат қилмаслик, мўминларни жаннатга киритишини қатъий ишониш. Доимий барқарор бўлиши:
Киши иймонлик бўлганига доимо шод бўлиши, иймоннинг заволи (йўқ бўлиши) дан доимо қўрқиши, иймонни бузадиган нарса (омил) лардан қочиши. Дунёдаги фойдаларидан айримлари: Иймонли одамни шариат ҳукми билан моли ва жони омонда бўлади, агар зино қилса, шариатга кўра жазо (ҳад) ланади. Охиратдаги фойдаларидан баъзилари: Иймонли киши Дўзах оташидан омонда бўлади, Жаннатга киради, Аллоҳ таолонинг дийдорига мушарраф бўлади.
Иймон турлари: Иймони матбуъ (эргашилган иймон) – фаришталарнинг иймони, иймони маъсум (покланган иймон) – пайғамбарларнинг иймони, иймони мақбул (қабул қилинган иймон) – мўминларнинг иймони, иймони мавқуф (тўхтаб турилган, қабуллиги шубҳали иймон) – бидъатчиларнинг иймони, иймони мардуд (рад қилинган иймон) – мунофиқларнинг иймонидир. Иймоннинг камоли дин ва миллатнинг йўлида бошига ҳар қандай машаққат ва ранжу-ситам етса уларга сабр қилишликдир. Ҳаё ҳам иймондан бўлиб, у банданинг юзида бўлади. Танаси беш вақт намоз, дили Қуръони каримни тиловат қилмоқликдир. Иймоннинг нури тўғрисўзлик хиралиги эса ёлғон сўзлашдир. Унинг танглиги бенамозлик, улуғлиги Аллоҳни кўп ёд этиш, пўсти шарм-ҳаё, меваси рўза, тухуми шариат илмларини ўқиб-ўрганиш, томири шариат ҳукмларини ихлос билан бажариш, чироғи ҳалол ейиш ҳаром нарсалардан қочиш ҳисобланади. Ҳар бир нарсани ўраб турувчи нарсаси бўлгани каби иймонинг қўрғони – фарзу вожиб, суннату мустаҳаб ва одобу ахлоқдан иборат.
Билиб туриб тасдиқ қилмаслик яъни ишонмаслик бу иймон эмас. Зеро, лаъин шайтонда ҳам билмоқ бор аммо, тасдиқ йўқ эди. Шу сабаблидан иймонсиз кофир бўлди. Иймон исмда зиёда ҳам кам ҳам бўлмайди. Бироқ, амалда зиёда ва кам бўлади. Чунончи Отни озғинини ҳам семизини ҳам От дейилади. Лекин уни бажарадиган ишига қараб фарқланади.
Уламоларнинг иттифоқлари билан куфр ва иймон бир маконда жам бўлмайди. Зеро, банда бир пайтнинг ўзида ҳам мўмин ҳам кофир бўлмайди. Куфр ва иймон бир-бирига зид бўлиб, бир жойда жамланмайди. Агар банда тил билан иқрор бўлиб дили билан тасдиқ қилмаса у банда шариат ҳукми билан мунофиқдир.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Раҳимжонова Ҳосият

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*