ҲАРОМГА ЙЎЛ ҚЎЙМАСЛИК УЧУН ШУБҲАЛИ БЎЛГАН ҲАР НАРСАДАН ТИЙИЛМОҚ

Аллоҳ таолонинг раҳмати чашмасидан бўлган бир ҳолат У юксак зотнинг ҳаром ва ҳалол хусусида бандаларини қоронғуликда қолдирмаслигидир. Ғоятда марҳаматли бўлган У зот ҳалолни баён этиш билан ҳаромни ҳам очиқ билдиргандир:
“Ахир У (Аллоҳ) сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку”(Анъом–119).
Ҳалол эканлиги очиқ бўлган бир ишни қилишда ҳеч бир монеъ ва шубҳа йўқдир. Шунингдек, ҳаром эканлиги билдирилган бир ишни қилиш учун ҳам ҳеч бир рухсат йўқ.
Очиқ ҳалол ва очиқ ҳаром орасида бир чегара борки, у ҳам бўлса ҳалол ё ҳаром бўлгани кўпчилик томонидан билинмаган, ёхуд қориштирилган мубҳам, деб атаганимиз чегарадир. Бу билинмаслик ёхуд қориштиришлик ё бу хусусдаги далилларнинг очиқ эмаслиги, ёки бевосита бу далилларнинг воқеъликда татбиқ этилишида шубҳа пайдо бўлиши билан изоҳланади.
Ислом мусулмонларнинг бу каби шубҳали ҳолатларга тушиб қолишидан тийилишларини тақво деб қабул қилади. Мусулмон бу тариқа очиқ бир ҳаромга йўл қўйишликдан ўзини сақлаган бўлади. Бу эса баҳс этаётганимиз “садди зар” – “зарарлар чегараси”дан бир кўринишдир. Бу эса аслида инсон ва ҳаёт ҳақиқатини билдирган, аммо кўпгина кишилар унчалик эътибор бермайдиган тарбия турларидан биридир.
Бу ҳукмнинг асли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг шу ҳадисларида ўз аксини топган: Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, халол очиқ-ойдиндир. Албатта, харом очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши турган гап. Огоҳ бўлинглар! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир. Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилганларидир. Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлинглар! Ўша қалбдир”.
Имом Ибн Арабий : “Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан барча аҳкомларни чиқариб олиш мумлин” деганлар.
Имом Қуртубий эса: “Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга қайтариб, солиштириб кўриш мумкин”, деганлар.
Афсуски, хозирги даврда, бундай шубҳалардан сақланиш у ёқда турсин, хатто ўсмир-ёшлар, аёллар ўртасида ҳам ичкиликбозликка, гиёҳвандликка, кашандаликка ружу қўйиш ҳоллари учрамоқда. Инсон онадан ичувчи ёки кашанда бўлиб туғилмайди, албатта. Буни келтириб чикарадиган бир қатор сабаблар мавжуд. Туғилган кунларни нишонлаш, чақалоқ дунёга келиши муносабати билан ўтказиладиган турли тадбирлар, фуқаролар ўртасида уюштириладиган гаплар, битирув кечалари, хатна тўйлари, никоҳ тўйлари, қуда чақириқ ва бошқа маросимларда спиртли ичимликларнинг тановул этилиши бу иллатнинг томир отиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Тўй тантаналари, хурсандчилик маросимларида шу шодиёна “гуноҳкорлари” шаънига мақтовлар айтилиб, кадаҳ кўтарилади, ёш-у-қарига, аёл-у эркакка шиша ичида “беозоргина” турган оғуни ичиш таклиф этилади. Бу ҳолни тантанада иштирок этаётган ёш болалар кўриб кузатиб турадилар. Катталарнинг бундай қиликларини кўрган болада аста-секин ундан татиб кўриш иштиёқи уйғонади, Шундай килиб, оз-оздан хурсандчилик, кайф-сафони бошидан кечирган бола ичишга ўргана боради.
Факиҳ Абу Лайс Самарқандий айтди: Ароқ ичишдан сақлангин, чунки унда ўнта ёмонланган хислат бор:
1. Агар уни ичса, мажнунга айланади. Болаларга кулги бўлиб, эрмакка айланади. Ақллилар олдида ёмон отлиқ бўлади.
Абу Дунё айтганидек: Боғдод кўчаларидан бирида бир мастнинг бавл қилаётганини кўрдим. У сийдигини юзига артиб: “Эй Парвардигор, мени тавба қилгувчилардан, покдомонлардан қилгин”, деб айтарди.
2. У молни йўқ қилгувчи, ақлни кетказувчидир. Умар, розияллоҳу анҳу айтганидек: “Эй Аллоҳнинг элчиси, ароқ борасида бизга фикрингизни беринг”. Айтдилар: “Албатта, у молни йўқотгувчи, ақлни кетказувчидир.
3. Уни ичишлик одамлар, дўстлар, оғайнилар орасида адоватга сабаб бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: “Ичишлик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни хоҳлайди” (Моида, 91).
4. Албатта, уни ичишлик Аллоҳнинг зикридан ва намоздан манъ қилади. Аллоҳ айтганидек: “Шайтон сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос. Энди тўхтарсизлар?!” (Моида, 91.) Яъни, ундан тўхтанглар!
5. Уни ичмоқлик зинога олиб боради. Чунки ичган вақтида хотинини талоқ қилади, ўзи сезмай қолади.
6. Ароқ ҳамма ёмонликлар калитидир. Агар уни ичса, унга ҳамма гуноҳлар енгил бўлиб қолади.
7. У фосиқлик мажлисига кириш билан ўзида сассиқ ҳид борлиги учун малоикаларга азият бериб қўядики, озор бермаганга озор беришлик жоиз эмас.
8. Уни ичган кишини саксон дарра уришлик вожиб бўлади. Агар дунёда урилмаса, қиёмат кунида ўтдан бўлган қамчи билан бошига урилади. Ураётган вақтда отаси ва дўстлари қараб туради.
9. Ароқ ичишлик билан ўзи учун осмон эшигини ёпиб қўяди, чунки қирқ кунгача яхши амаллари ва қилган дуолари кабул бўлмайди.
10. Ароқ ичувчи хавотирга тушувчидир, чунки у ўлаётган вақтида иймонсиз ҳолда чиқишидан кўрқилади. Бу азоблар дунёда, охират азобларига етмасдан олдиндир. Аммо охират азобларини санаб бўлмайди, ундаги йиринг, заққум, савобларининг йўқ бўлиши ва бошқалар. Оқил киши озгина лаззатни тарк этиб, катта лаззатни ихтиёр қилиши лозим бўлади.
Болалар ўртасида ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби тузалиши кийин бўлган вабонинг тарқалишига ота-оналарнинг ўз юмушлари билан ўта бандлиги, болаларни назоратсиз қолдиришлари, оилавий низолар, ортиқча бойлик орттиришга ружу қўйиш, боланинг керагидан ортиқ таъминланганлиги ва бошқа омиллар сабаб бўлмокда. Маълумки, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, турли наркотик моддаларни чекиш мамлакат тараққиётига, инсон камолотига салбий таъсир этади. Шунинг учун ичкилик ва нашавандликдан сакланишга даъват этилади.
Инсонларнинг раҳматига эмас, балки “лаънатига” сабаб бўладиган, нафақат ўзи учун, балки ён-атрофидагилар учун ҳам бирдек зарарли бўлган барча нарсалар ва ёмон ишларни қилиб, қиёмат кунида “Ажралинглар”, деб амр қилинганда қаро юзлилар қаторида бўлиб қолишдан Аллоҳ таоло барчамизни ўз паноҳида асрасин!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта-махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Эркинзода Хосиятбону

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*