Қуръони каримнинг бошқа тилларга таржимаси

“Кейин (Қуръонни) равшан баён қилиб бермоқ Бизнинг зиммамиздадир” дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин.
Умматга Қуръонни ўргатган, таълим берган Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломлар бўлсин.
Тафсир илми Муҳаммад алайҳиссалом ҳаётлик пайтларидаёқ пайдо бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Қуръони каримнинг энг биринчи муфассири эдилар. Саҳобаларнинг ҳам орасидан Қуръони каримни тафсир қилишда шуҳрат топганлари озчиликни ташкил қилади. Саҳобалар даврида Макка тафсир мактаби, Мадина тафсир мактаби ва Ироқ тафсир мактаблари вужудга келган. Шундай қилиб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бошлаб берган тафсир илми ҳар томонлама мукаммаллашиб борди ва диний билимлар орасида алоҳида йўналиш бўлиб ажралиб чиқди. Бора-бора исломга араб бўлмаган кўплаб халқларнинг кириши натижасида бошқа тиллардаги тафсирларга, қолаверса Қуръони каримнинг маъно таржималарига эҳтиёж сезила бошлади.
Қуръоннинг бошқа тилларига таржималари борасида олиб борилган тадқиқотларга кўра, энг дастлабки таржима лотин тилига қилинган бўлиб, Петр Достопочтенний (1092 1156) буйруғига кўра, 1143 йилда Петр Толедский, Петр Пуатъе кабилар томонидан ёзиб тугатилган. Бу таржима ўз даври имконият ва талабларига кўра, асосан ислом динига танқидий ёндашув асосида амалга оширилган. Чунки у даврда Ғарб дунёси мусулмонларга нисбатан ҳам адоват, ҳам ҳавас билан қараган эди. Ушбу таржима Европада Қуръонни ўрганиш бўйича дастлабки қадам бўлди.
Балда 1543 йил Библиандр Робеот Кеттонский томонидан амалга оширилган Қуръоннинг лотин тилига таржимаси нашр этилди. ХVII асрда ислом динига қизиқиш янада ортди. 1649 йил Александр Росс томонидан Қуръон биринчи бор инглиз тилига таржима қилинди. Ушбу таржиманинг камчилиги унинг араб тилидан эмас, балки француз тилидан таржима қилинганидадир.
Юқоридагилардан ғарб шарқшунослари мусулмонлар қўлларидаги ишончли манбааларга мурожаат этмаганлари, балки турли асарлардан ишончли ва ишончсиз маълумотларни ишлатиш ва илмий муомалада таҳлилсиз фойдаланиш услуби қўлланилгани намоён бўлади. Бу тадқиқотлар асосан Қуръонга танқидий ёндашув кўпроқ устун бўлган даврда юзага келган бўлиб, шунга кўра ислом дини, унинг манбаалари, Пайғамбар тарихини ўрганиш анча бошланғич босқичда турган дейиш мумкин.
1787 йилга келиб Россияда Петербург шаҳрида Екатерина II буйруғи билан биринчи бора Қуръоннинг арабча, Петербург нусхаси босмадан чиқарилди. Екатерина II фикри билан айтганда бу ҳаракатлар “ислом динига кириш ёки уни тарғиб этиш эмас, балки, мусулмонларни бирлаштириб турадиган Қуръонга қўл солиб кўриш” эди.
Мовароуннаҳрдан ҳам улкан муфассирлар етишиб чиқди. Улар: Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий (ҳ.373 ваф.), Имом Фахриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ибн Ҳусайн Розий (544 727), Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий Ҳанафий (ҳ. 801 ваф.), Шайх Камолиддин Абул Ғаноим Коший Самарқандий (ҳ. 638 ваф.) кабиларни айтиб ўтишимиз мумкин.
Кейинчалик ислом турли мамлакатларга тарқаганлиги, ўша диёрда яшайдиган халқларга етказиб бериш мақсадида Қуръони карим маъноларининг таржималари немис, инглиз, рус, татар, тожик, ўзбек ва бошқа тилларда кенг ёйилди.
Ўзбек (туркий) тилида таржима ёзиш анъанаси Мовароуннаҳрда XX асрнинг бошида вужудга келган. Қуръони каримни ўзбек тилида таржима қилиш анъанаси бунга зарурат жуда кучайган йигирманчи асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ривожланди. Бунга Ҳожи Ҳиндистоний (1892-1989), Олтинхон Тўра Саййид Маҳмуд Тарозий (1896 1991), Муҳаммад Зариф Кошғарий(1872 1959), Абдулазиз Ғолиб Марғилоний (1900-1982), Шамсуддин Эшон Бобохон(1937 2003)ларнинг тафсирларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Қуръони каримнинг ўзбек тилига таржималари масаласида сўз борар экан, бу соҳа ҳақиқий маънода мустақиллик йилларида ўзининг энг яхши натижаларини берди, Қуръони карим маъноларининг қатор таржималари дунё юзини кўрди. Жумладан, Абдулазиз Мансурнинг “Қуръони каримнинг маънолари таржимаси ва тафсири”, Алоуддин Мансурнинг “Қуръони карим. Ўзбекча изоҳли таржима”, Усмонхон Алимовнинг “Тафсири Ирфон: Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Тафсири ҳилол” ларини айтиб ўтиш лозим.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, мазкур маъно таржималарининг барчаси Ўзбекистонда мавжуд анъанавий ҳанафий-мотуридий мазҳаби асосида ёзилган бўлиб, турли ақидапараст, мутаассиб диний фирқа ва гуруҳлар фаолияти тез-тез кузатилиб турган ҳозирги ўта нозик вазиятда бу таржималарнинг аҳамияти беқиёс. Уларни синчиклаб ўрганиш, қўлга киритилган натижа ва хулосаларни кенг илмий жамоатчиликка етказиш исломшунослик соҳасининг айни босқичдаги долзарб вазифасидир.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Жўробоева Моҳигул

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*