Мўмин – жамият фойдаси

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мўмин киши манфаатли кишидир. Унинг ҳар бир иши сенга наф келтиради. Агар у билан маслаҳатлашсанг, сенга нафи тегади. Агар у билан ҳамкорлик-шерикчилик қилсанг, бу ҳам сенга фойда келтиради. Мўмин кишининг ҳар бир иши ва хатти-ҳаракати манфаатдир”.
Мўмин киши қанчалик фақир ва заиф бўлмасин, у ҳар қандай ҳолда манфаат устидадир. Яъни бошқаларга ҳар томонлама фойдаси тегадиган, лекин ҳеч кимга зиёни етмайдиган кишидир. У бошқаларнинг фойдасини кўзлайди, бошқаларнинг манфаати учун хизмат қилади. Ҳақиқий мўмин ана шундай бўлиши керак. Бундай кишилар билан сафарга чиқсанг, ундан фақат фойда кўрасан. Сенга асло юк бўлмайди. Ҳақларининг поймол этилишига йўл қўймайди. Агар у билан маслаҳатлашмоқчи бўлсанг, сенга фойдали бўлган фикр айтади. Ўзи қайси ишни тўғри деб билса, сенга ўша ишни ўргатади, сенга фойдали бўлишни хоҳлайди.
Шунингдек, у билан бирор ишда ҳамкорлик қилсанг, тамоман фойда-манфаатга эга бўласан. Ўз ҳаққи билан сенинг манфаатинг учун ҳам ҳаракат қилади. Ҳамкори ёш бўлса, “Унинг пулга эҳтиёжи бор” деб ўз ҳақидан ортиқроқ беради. Агар кекса бўлса, “Бундан буён бу одам ишлай олмайди, унга ёрдам бериш керак”, деб унинг учун ҳам ҳимматини аямайди.
Мўмин киши ҳар жиҳатдан, ҳар нарсада, ҳар соҳада фойда-манфаатдан холи эмас. Мана шундай мўмин бўла олмоқ давлатини Ҳақ барчамизга насиб этсин.
“Инсонларнинг яхшиси бошқаларга фойдалироғидир”, Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифдаги инсонларнинг хайрлиси дегани, етук ва комил бир мўмин деганидир. Шундай бўлгач, албатта фойдали бир инсон бўлади. Аксинча, инсонларнинг ёмони эса, бошқаларга зарари тегадиганидир
Ҳазрат Вожибул вужуднинг шу қадар кўп тажаллиёти борки, санаб етиш имконсиздир.
Шунинг учун ҳар бир инсон Ҳақ таолонинг бошқа-бошқа тажаллийсига муваффақдир. Агар мўминлар ҳар доим бир тажаллийнинг муяссари бўлсалар, дунёнинг мазаси қолмас эди. Аллоҳ бандаларининг ҳар бирига алоҳида-алоҳида касб-ҳунарларни, савдоларни, билимларни, муҳитларни, шаҳарларни севдириш орқали тажаллийни лутф қилган.
Ҳақиқий мусулмонлар яхши-ёмон, осон-қийин, пуллик-пулсиз ишларда ҳам бирдай ўз ишларини севиб-севиб бажарадилар ва истиқомат қилаётган жойлари-ю ишларидан мамнун бўлаверадилар. Ҳатто иссиқ-совуқ муҳитлар, тоғ-адир бўлсин, шу турган жойларига ҳам рози бўлиб, қилаётган ишларида саботли бўладилар. Агар ҳамма бир ҳунар, бир тижорат, бир илмга берилганда эди, доим бир хил иш ёки маслак билан шуғулланганлари учун кўплари бекор қолиб, дунёнинг тараққиёти ва маданияти бугунгидек ҳар соҳада ривожланган бўлмас эди. Демак, барчасида Аллоҳнинг бошқа-бошқа ҳикматлари, тажаллийлари мавжуд, бандасининг вазифаси: ҳар қандай ҳолга рози бўлиб, шукр қилишдир. Яратган Аллоҳ барчамизни Ўзи рози бўлган амалларни бажариш чоғида жон берадиган бандаларидан қилсин!
(Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавийнинг “Мўминнинг сифатлари” асаридан олинди)

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти 4-курс талабаси
Ўктамова Мукаррамхон

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*