Фиқҳ фанининг тарихи

Фиқҳ ислом дини вужудга келиши билан дарҳол таркиб топган эмас. Балки босқичма – босқич замонлар ўтиши билан шаклланиб борган. Бир қатор фиқҳ тарихчиларининг фикрича фиқҳ ўз тараққиёти даврида қуйидаги даврларни босиб ўтган.:
Пайғамбар (с.а.в) даврлари .
Саҳобалар (р.а) даврлари.
Тобеинлар ва улардан кейингилар (р.а) даври .
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларига то қиёматга қадар дастурул амал – ҳаётий қонун бўлишини ихтиёр этган илоҳий шариатининг биринчи асоси бўлган Қуръони Каримни пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в)га нозил этди. Расулуллоҳ (с.а.в) ўз даврларида учраган воқеа ва ҳодисаларда Парвардигорлари нозил қилаётган Қуръони Карим асосида ҳукм чиқарар эдилар ва мўминлар ушбу ҳукмга амал қилишлари учун уларга бу ҳукмларни етказиб берар эдилар. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръон Каримда:
“Сиз одамларга нозил қилинган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд улар тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – (Қуръонни)сизга нозил қилдик”, дейди. (“Наҳл” сураси 44- оят).
Шаръий ҳукмларга оид ояти карималар кўпинча жамиятда содир бўлган ҳар хил ҳодисаларга жавоб тарзида нозил бўлар эди. Бундай ҳодисаларни тафсирларда “Сабаби нузул”, яъни “Оятнинг тушишига сабаблар” деб аталади. Бунга мисоллардан бири, Расулуллоҳ (с.а.в) Марсад ал-Ғанавий(р.а) исмли саҳобийни Маккада қолиб кетган ночор, камбағал мусулмонларни олиб келиши учун юборадилар. Марсад(р.а) Маккага келгач, молу дунё соҳиби бўлган бир чиройли мушрика аёл унга турмушга чиқишга рағбати борлигини билдиради. Лекин Марсад (р.а) Аллоҳдан қўрқиб, унга рози бўлмайди. Ва бу масалада Расулуллоҳ (с.а.в) розиликларини олиши лозимлигини айтади. Марсад (р.а) Мадинага қайтиб келгач, ушбу муаммони Расулуллоҳга (с.а.в) баён қилди ва у мушрика аёлга уйланишга ижозат беришларини сўради. Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти карималари нозил бўлди:
“То иймонга келмагунларича мушрика аёлларга уйланмангиз! Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан — гарчи у сизга ёқса-да, – иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича мушрик эрларни (қизларингизга) уйламангиз! Шубҳасиз, озод мушрикдан — гарчи у сизга ёқса-да — иймонли қул яхшироқдир. Улар (мушриклар) дўзахга чақирадилар. Аллох, ўз изни-иродаси билан жаннатга даъват қилади. Ва одамлар эслатма олишлари учун ўз оятларини баён қилади” (“Бақара” сураси 221- оят).
Қуръони Каримда мўъминлардан ёки бошқалардан тушган саволларга жавоб тарзида нозил бўлган ҳукм оятлари кўпдир.
Агарда бирор ҳодиса содир бўлса-ю, унга Аллоҳнинг каломида ҳукм бўлмаса ва бу ҳодисага оид ваҳий ҳам нозил бўлмаса, у ҳолда Расулуллоҳ (с.а.в)га Аллоҳ томонидан илҳом бўларди ва Пайғамбаримиз (с.а.в) ушбу ҳодисага тегишли ҳукм чиқарар эдилар. Ва бу шариатда “суннат” деб аталади. Оёққа масҳ тортиш, намоз тартиблари ва шунга ўхшаш кўпгина шаръий ҳукмлар Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг суннатлари орқали собит бўлган. Шунинг учун ҳам суннат шариатнинг Қуръони Каримдан кейинги иккинчи асоси ҳисобланади. Суннатга Пайгамбаримиз(с.а.в)нинг айтган сўзлари, қилган ишлари ва тақрирлари киради. Ривоят қилинадики: Саҳобалар(р.а)дан икки киши сафарга чиқдилар, сафар давомида намоз вақти бўлиб қолди, аммо таҳорат олиш учун уларда сув йўқ эди. Таяммум қилиб намозни ўқидилар-да, сафарда давом этдилар ва намоз вақти чиқмасдан сувга етдилар, шунда улардан бири таҳорат қилиб, намозни қайта ўқиб олди, иккинчиси ўқимади. Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларига қайтиб келишгач, иккаласи бўлган воқеани Пайғамбаримиз(с.а.в)га айтиб бердилар, Расулуллоҳ (с.а.в) иккаласини ҳам ишини маъқулладилар. Намозни қайта ўқимаган саҳобийга: “Сен суннатга мувофиқ қилибсан, намозинг кифоя қилади”, дедилар. Иккинчи саҳобийга эса: “Сенга икки бароба(р.а) ажру савоб бўлади”, дедилар”.
Ушбу ҳодиса ҳукми аниқ бўлмаган масалаларда Пайгамбаримиз (с.а.в) саҳобаларни ижтиҳод қилишга рагбатлантирганларининг яққол далилидир. Яна бошқа ўринларда саҳобаларга баъзи масалаларда ижтиҳод этишга ошкора буюрганлари ҳам ривоят қилинган. Масалан, Расулуллоҳ (с.а.в) Амр ибн Осга баъзи нарсаларда: “Сен бунга ҳукм қилгин”, деб буюрдилар. Шунда Амр: “Сиз ҳозир бўлиб турганингизда ҳам мен ижтиҳод қилайинми?” деди. Расулуллоҳ (с.а.в): “Ҳа, агар тўғри ҳукм қилсанг, икки баробар ажру савобга, мабодо хато ҳукм қилсанг, битта ажру савобга эга бўласан”, дедилар. Шунингдек, Мадинада Бани Қурайза қабиласи мусулмонларга хиёнат қилиб, мушриклар билан тил бириктириб, мусулмонларни йўқотишга келишишган эди. Аллоҳнинг нусрати билан мусулмонлар бу жангда голиб бўлдилар ва хиёнат қилган Бани Қурайза қабиласидан ўч олиш вақти келди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) уларга нисбатан қандай жазо чораси кўришга ҳукм қилишни Саъд(р.а)га топширдилар. Саъд(р.а) ўз ижтиҳоди билан чиқарган жазо ҳукмини Расулуллоҳ (с.а.в) маъқулладилар ва ўша ҳукмни ижро этишга амр қилдилар. Ушбу ривоятлардан маълум бўладики, Расулуллоҳ (с.а.в) саҳобаи киромларни баъзи нарсаларда ҳукм қилишга ўргатар эдилар. Маълумки, Расулуллоҳ (с.а.в) шариатга оид ишларнинг бирортасини ўзлари томонларидан жорий қилмайдилар. Яъни, Расулуллоҳнинг бирор шаръий ишга буюришлари, рухсат беришлари ва маъқуллашлари барчаси бевосита шариат асосчиси бўлган Аллоҳ таоло томонидан эканига шубҳа йўкдир. Шунингдек, Расулуллоҳ (с.а.в) саҳобаларнинг ижтиҳод билан Қуръони Каримдан ҳукм олишларини, ҳам маъқуллар эдилар. Бунга мисол шуки, саккизинчи ҳижрий санада содир бўлган жанглардан бирида саркарда бўлган Амр ибн Ос(р.а) ҳаво совуқ вақтида эҳтилом бўлиб қолади. Совуқ сувга ювинса, касалланиб ҳалок бўлишдан қўрқиб таяммум қилади ва аскарлар билан бомдодни ўқийди. Бу воқеадан хабар топган Расулуллоҳ(с.а.в) унга: “Эй Амр! Жунуб ҳолингда аскарларинг билан бомдодни ўқидингми?” деб сўрадилар. Шунда Амр(р.а) айтди:
“Совуқдан қўрқдим, мен Аллоҳнинг:
“Ўзларингизни ўлдирмангизлар. Албатта, Аллоҳ сизларга меҳрибондир” (“Нисо” сураси 29- оят) деган ояти каримасини эсладим”, деди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) табассум қилдилар-да, бирор нарса демадилар.
Ушбу ҳодисадан маълум бўладики, Амр ибн Ос (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в) даврларида Исломнинг асосларидан бўлган намоз ўқиш борасида Қуръон оятидан ҳукм олишга ижтиҳод қилдилар ва Расулуллоҳ (с.а.в) уни билиб, қилган ишини маъқулладилар. Саҳобаи киромлар ўзлари билмаган нарсанинг ҳукмини бевосита Расулуллоҳнинг(с.а.в) ўзларидан сўрашар, агарда бирор ҳукмни сўрашдан уялишса, бирор киши орқали Расулуллоҳ (с.а.в)дан сўраб билиб олишар эди. Кейинги аср уламолари хам шунга кура Куръон, Суннатдан хукм олганлар. Куръон ва Суннатда хукми келмаган масалаларда ижтиход килганлар. Шу тарика фикх шаклланиб, алохида фан сифатида ривожланди.

Журабоева Мафтуна 4-курс

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*