Дуо ва зикрлар фазли  

 Аллоҳ зикрини кўп қилган киши бутун ҳаётида, ҳатто уйқусида ҳам ибодат билан машғул бўлган ҳисобланади:

«Мен инсонлар ва жинларни фақат менга ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт, 56). وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ

Аллоҳни кўп зикр қилган киши ҳар қандай қийинчилик ва машаққатдан нажот топади: Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло имон келтирган, Ўзининг амрларига итоатда бўлиб, қайтарган нарсаларидан сақланиб, парҳез қилган инсонлар ҳақида бундай марҳамат қилади:

«Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлинг, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур» (Раъд, 28).

الَّذِينَ آَمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَ

Қуръони каримнинг ўн учта сураси ўн олтита оятида зикр қилишга буюрилган. “Зикр”нинг луғавий маъноси “Аллоҳни ёдлаш”дир. Аллоҳни кўп зикр этган банданинг қалби покланади, имони мустаҳкамланади, дуолари ижобат бўлади, ихлоси ортади. Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: «Қайси бир қавм (жамоа) Аллоҳнинг зикри учун йиғилса, уларни фаришталар тавоф қиладилар, уларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, уларнинг даврасига сакинат (осойишталик) тушади, Аллоҳ уларни Ўзига яқин фаришталар билан бирга ёд этади» (Имом Муслим). Аллоҳга тасбеҳ, такбир, таҳлил айтиш, ҳамд, шукр келтириш, дуо ва салавотлар айтиш, Қуръон тиловат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот, садақа ва инфоқ қилиш ҳамда ҳаж ва умра қилиш айни зикрдир.Аллоҳ таолонинг зикрини адо этиш учун зокир маънавий ва жисмоний жиҳатдан пок бўлиши шарт. Дил ва тил билан бажариладиган зикрлар, масалан, тасбеҳ, таҳлил, таҳмид, такбир,

Пайғамбаримизга салавотлар ва дуоларни таҳоратсиз, жунуб, ҳайзли, нифосли ҳолда ҳам айтавериш жоиз. Жунуб киши, покланмагунича Қуръон оятларидан хоҳ узун, хоҳ қисқа оят бўлсин, тиловат қилиши ҳаромдир. Йўлда юриб кетаётган ва ҳаммомда ювинаётган ҳолда зикр қилиш мумкин. Зикр Аллоҳга тазарру бўлгани учун, энг гўзал ҳолда, қиблага юзини бурган, ҳақиқий муҳтож кишилардек, ялиниб-ёлворган ҳолда қилинса, савоби улуғ бўлади.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Муфарридлар зафарга эришдилар». Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, “муфарридлар” кимлар?» деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар муфарридлардир», деб жавоб бердилар. Аҳзоб сурасининг 35-ояти каримаси

 إِنَّ الْمُسْلِمِينَ وَالْمُسْلِمَاتِ وَالْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَالْقَانِتِينَ وَالْقَانِتَاتِ وَالصَّادِقِينَ وَالصَّادِقَاتِ وَالصَّابِرِينَ وَالصَّابِرَاتِ وَالْخَاشِعِينَ وَالْخَاشِعَاتِ وَالْمُتَصَدِّقِينَ وَالْمُتَصَدِّقَاتِ وَالصَّائِمِينَ وَالصَّائِمَاتِ وَالْحَافِظِينَ فُرُوجَهُمْ وَالْحَافِظَاتِ وَالذَّاكِرِينَ اللَّهَ كَثِيرًا وَالذَّاكِرَاتِ أَعَدَّ اللَّهُ لَهُمْ مَغْفِرَةً وَأَجْرًا عَظِيمًا

Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир.

 

 Бу оят мадиналик Умму Амора розияллоҳу анҳунинг Расул соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Қуръонда фақат эркаклар тўғрисида аҳкомлар нозил бўлмоқда. Аёллар зикр қилинмаётир”, – деганида нозил қилинган .

«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр қилувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандир» тафсирида уламолар турли фикрлар билдиришган. Яъни, «Аллоҳни кўп зикр қилувчилар» деб кимларни айтилади? Саид ибн Жубайрнинг сўзларига кўра, ҳар бир киши бирор амални бажаришда Аллоҳга итоат, Унинг розилигини топиш ниятида бўлар экан, у одам зокирдир. Абу Саид Худрий ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Эркак киши ярим тунда ўз аёлини уйқудан уйғотса, икковлари ҳам икки ракат намозни ўқисалар, улар «Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр этувчи аёллар» қаторига ёзилади (Имом Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа).

Имом Абул Ҳасан Воҳидий Ибн Аббосдан эшитиб, айтган фикрларича, улар беш вақт намоздан кейин ҳам, эрталаб ҳам, кечқурун ҳам, ётган жойларида ҳам, уйқудан уйғонган вақтларида ҳам, уйларидан кетаётган ва қайтиб келаётган вақтларида ҳам Аллоҳни зикр этувчилардир. Мужоҳид айтади: «Тик турганида ҳам, ўтирганида ҳам, ётганида ҳам Аллоҳнинг зикрида бўлмаган эркаклар ва аёллар «Аллоҳни кўп зикр этувчилар»дан бўлмайдилар». Ато ибн Рабоҳ айтади: «Беш вақт намознинг ҳақларини мукаммал адо этган кишилар «Аллоҳни кўп зикр этувчилар»дан саналади» (Имом Нававий. “Ал-Азкор”, 10-бет).

«Қасамки, агар сизлар (Менинг берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман» (Иброҳим сураси, 7-оят);

Гарчи ушбу оятда шукр қилиш ва ношукрлик оқибатлари Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, лекин унинг ҳукми умумий бўлиб, то қиёматга қадар келадиган барча инсонларга тегишлидир. Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.

 Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади .

Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса қайтариш айнан олижанобликдир.

«Ҳамду саноАллоҳ учундир, деб айтинг»  (Исро сураси,
111-оят);

 Жаннат аҳли бирор нарса ейишни истаб қолсалар тасбеҳ айтар эканлар. Яъни “Субҳонакаллоҳумма” дейишлари билан кўнгиллари истаган таом ва бошқа ноз-неъматлар муҳайё бўлар экан. Муаккал хизматкорлар уларнинг тасбеҳларини эшитишлари билан дастурхонларда етмиш минг хил бир-бирига ўхшамаган таомларни келтирар эканлар.

Таомдан фориғ бўлиб Аллоҳга ҳамд айтишлари билан хизматкорлар дастурхонларни йиғиштириб олиб кетар эканлар. Оятнинг бошқача тафсири – жаннат аҳли Аллоҳнинг зоту сифатларига лойиқ ҳамду сано ва тасбеҳларни айтишдан роҳатланар эканлар. Демак, бу зикрлари хурсандлик ва мамнуният аломатлари экан. Ҳадисда: “Жаннат аҳли еб ичадилар, лекин улардан ҳеч қандай чиқинди, ахлат каби нарсалар чиқмайди. Балки еган овқатлари мушку анбар ҳиди каби буғ ва ел шаклида чиқиб кетади”, – дейилган.

 Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Исро кечаси Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳузурларига иккита қадаҳ келтирилди. Бирида шароб, иккинчисида сут бор эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уларнинг икковига қараб туриб сутни олдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: «Аллоҳга ҳамд бўлсин. У сизни ҳақ бўлган Ислом фитратига ҳидоят қилди. Агар шаробни олганингизда, умматингиз залолатга кетар эди», дедилар. Имом Муслим ривояти. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Ҳар бир муҳим иш Аллоҳга ҳамд айтиш билан бошланмаса, охири кесикдир», дедилар. Абу Довуд ва бошқалар ривоятлари.

 Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.) «Агар бирор кишининг фарзанди вафот этса, Аллоҳ таоло фаришталарига: «Бандамнинг фарзанди (жони)ни олдингларми?» дейди. Фаришталар: «Ҳа», деб жавоб беришади. Аллоҳ: «Бандам қалбининг мевасини олдингларми?» дейди. Фаришталар яна: «Ҳа», дейишади. Аллоҳ таоло: «Бандам нима деди?» деб сўрайди. Фаришталар: «Сенга ҳамд ва истиржоъ (яъни, «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», деб) айтди», дейишади. Шунда Аллоҳ таоло: «Бандам учун жаннатда бир уй қуринглар ва уни ҳамд уйи, деб атанглар», дейди», дедилар. Имом Термизийривояти. Анасдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в.)   «Агар бир банда ҳар луқма тановул қилаётганида ва ҳар ҳўплам ичимлик ичаётганида Аллоҳга ҳамд айтса, Аллоҳ таоло ўша бандасидан албатта рози бўлади», дедилар. Имом Муслим ривояти.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти Ахборот ресурс маркази раҳбари М. Саиджалолова 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*