Not Found

The requested URL index.php was not found on this server.


Apache/2.2.22 (Linux) Server at Port 80
1 Қандай яшаш керак? – .:: Xadicha.uz

Қандай яшаш керак?

Инсон феъл-атвори жуда қизиқ: ҳеч нарсага рози бўлмайди, на иссиққа кўнади, на совуққа. Камбағаллигида нуқул бойиб кетишни, қўлига катта пул тушиб қолганда чиройли уйлар қуришни, шоҳона дастурхонлар солиб, катта тўйлар қилишни, сўнгги русумдаги машина олишни орзу қилади. Боласига ҳам тинмай: “Бойиб кетсам, уни обераман, буни совға қиламан”, деб ваъдалар беради. Бир куни келиб бойиб ҳам кетади, аввал орзу қилган ҳамма нарсасига эришади. Ҳатто ўзи кутганидан ҳам кўп мол-дунёга эга бўлади. “Энди у мақсадига эришиб, хотиржам бўлгандир, неъматларга ғарқ ҳолда мазза қилиб яшаётгандир. Пули йўқлигида орзу қилганидай, оиласини етаклаб жаҳон кезгани саёҳатга жўнагандир ёки мол-дунё билан ўралашиб қолганида унутилган севимли машғулотларига қайтгандир?” деб ўйлаётган бўлсангиз, адашасиз. Унинг аввалги ташвишлари ўн баравар ортиб кетган: қўлга киритган бойлигини қандай қилиб кўпайтириш, уни тажовузлардан асраш, фойдани қайси ишларга йўналтириш ҳақидаги режаларга боши билан шўнғиган.

Пулим кўпайса, тинч-хотиржам яшайман, деб ўйлаганди. Қаёқда! Ҳатто овқатини бемалол ея олмайди. Уйқусида ҳаловат йўқ. Қачон одамларга ўхшаб дам олганини эслолмайди ҳам. Ана шундай кунларнинг бирида миясидами, қалбидами, онгидами нимадир “чирс” этиб узилиб кетгандай бўлади, тўплаган, жонидан ҳам азиз қилиб асраган, уни кўпайтириш учун ҳамма нарсадан воз кечиб елиб-югурган мол-дунёси бирданига кўзига хунук кўриниб қолади. Шунча умрини бефойда ўтказиб юборгандай надомат чекади, кўнгли камбағал одамларникига ўхшаган оддийгина уйларни, камтарона турмушни, фақирона ҳаётни қўмсаб қолади.

Мисрлик бир давлатманд киши Қоҳиранинг бойлар яшайдиган маҳалласидаги шоҳона уйи деразасидан ташқарига қараб афсус билан шундай деган экан: “Мен бир нарсага сира тушунолмадим: уйим, жиҳозларим гард юқмаган ҳолатда тоза, энг сара, покиза овқатларни ейман, лекин бошим касалдан чиқмайди. Анави деҳқонлар тупроқ ичида туғилиб, иркит кўчада улғаяди, овқатини чанг-тўзон ичида еб, лойқа сувни ичиб кетаверади, бирортасига балоям урмайди”.

Энди биз камбағал деб ўйлайдиган кишининг аҳволига бир назар ташлайлик: оила бошлиғи эртадан-кечгача тиним билмай ишлайди, аёли ҳам, болалари ҳам унга ёрдамлашади. Улар рўзғорда ҳамма нарсани тежашади: аканинг кийимини ука кияди, каттасининг ўқув қуроллари кичигига қолган, кечаги овқатни бугун иситиб ейишган. Ҳатто битта йўл чиптасидан уч киши фойдаланади. Аммо бирлари ҳеч икки бўлмайди: ейишга пул топилса, кийимга йўқ, кийимга бир илож қилиб жамғаришса, ўқишга маблағ излаб қийналишган. Шунда ҳаммалари баравар фиғон чекишади: “Қайси гуноҳимиз учун биз камбағал қилиб яратилганмиз, қўшнимиз фалончидан қаеримиз кам ахир. Уям ишлайди, биз ҳам ишлаймиз, унинг ҳам олтита боласи бор, биз ҳам шунчамиз. Аммо унинг уйи қаср, чет эл жиҳозларини, гаражидаги машиналарини айтмай қўяқолайлик, шуми адолат?!”

Шу ерда бир савол туғилади: бой бўлиш яхшими ёки камбағаллик? Биров: “Бойликка нима етсин, тилинг бурро, мартабанг улуғ бўлади, ҳамма сени ҳурмат қилади, истаган нарсангга эришасан, бошқага муте бўлмайсан, яна садақа-эҳсонларни кўп қилиб, Худогаям, бандасигаям яхши кўринасан”, дейди.

Яна бошқаси камбағалликни мақтайди: “Камбағалнинг ҳеч қанақа ғам-ташвиши бўлмайди. Бой одам ҳеч қачон иккита нон ея олмаган, иккита костюм кия олмаган, аммо бойлигини қўлга киритгунича соғлиғидан, асабидан, яқинларидан, хотиржамлигидан ажраб бўлган. Камбағалда бунақа ташвишлар йўқ. Қорнини битта тўйдиради-да, мазза қилиб қотиб ухлайди. Бойларга ўхшаб элликка кирмай туриб қанд, қон босими, юрак хуружи каби касалликни орттириб олмайди”.

Хўш, унда ким ҳақ? Ҳаётда бой бўлган маъқулми ёки фақирликка кўниб кун кечиришми? Моддиятга қул бўлган ғарбликлар ҳамма ишда бойликни, мол-дунёни биринчи ўринга қўйишади. Улар наздида тўкин-сочин яшаш, жамиятда катта мавқега эга бўлиш, обрў-эътибор қозониш, ҳатто оила аъзоларига ёқиш учун бадавлат бўлиш, нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлмасин, анча-мунча мол-дунёни қўлга киритиш зарур. Китобларда, газета-журналларда, киноларда бойликни мақташади, бойлар ҳаётининг бор “жозибаси”ни кўз-кўз қилишади, ҳаммани бойлардан ибрат олишга чақиришади.

Бунга қарши ўлароқ Шарқ донишмандлиги инсоннинг бахтли бўлиши учун, энг аввало, ҳалол яшаш, ахлоқий мезонларга риоя этиш, одамлар билан муносабатларда олийжаноблик кўрсатишни асосий шартлардан ҳисоблайди. Бойлик, мол-дунё олий мақсадларга эришишда бир восита, бандани синаш учун берилади, дея талқин қилинади. Олимлар мол-дунёга эътибор қилишмаган, одамларни унга қизиқтиришмаган, бойликни керакли жойларга сарфлашга, саховатни, хайр-эҳсонни кўпайтиришга, бойлик тўпланишига йўл қўймасликка чорлашган. Камбағалларга – уларнинг бу ҳолати Яратганнинг улуғ марҳамати, уларни имтиҳон қилаётгани белгиси экани – тушунтирилган, улар сабр-қаноатга, тақдир ёзуғига чидашга чақирилган.

Хуллас, бойлик ҳам, камбағаллик ҳам инсонга берилган неъмат ҳамда синовдир. Бойлик келганда инсонийликдан чекинмай, мол-дунёга қаттиқ муҳаббат қўймай, уни муносиб жойларга сарфлаш, камбағалликда сабр-қаноат қилиш чин инсоний хислатдир.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси  ахборотресурс маркази раҳбари

 М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*