ИСО АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ ҲАҚЛАРИДАГИ БАШОРАТИ

Саф сурасида Исо алайҳиссалом қавмига ўзидан кейин одамларни ҳидоят йўлига даъват қилиш учун бир Пайғамбар келишини башорат қилгани очиқ-ойдин баён этилган. Бу – Пайғамбар Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Аллоҳ таоло шундай хабар қилади:
“Эсланг, Исо ибн Марям: “Эй Бани Исроил, албатта мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган “Аҳмад” исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”, деган эди. Бас, (Исо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: “Бу очиқ сеҳрдир”, дедилар” (Саф сураси, 6-оят).
Яъни, Исо ибн Марям қавмига юзланиб:
– Эй Бани Исроил, Аллоҳ сизларни куфр ва ширк зулматидан имон нури томон олиб чиқиши учун мени пайғамбар қилиб юборди! – деб айтган вақтини эсланг. – Аллоҳ менга Инжилни нозил қилди. Мен Мусога туширилган Тавротни тасдиқловчиман. Шундай экан, сизлар менга имон келтиринглар ва ортимдан эргашинглар! Мен Тавротга хилоф бўлган шариатни олиб келганим йўқ. Менинг келтирганларим ростдир. Шундай экан, қандай қилиб мендан юз ўгириб кетасизлар?!
“Ва ўзимдан кейин келадиган “Аҳмад” исмли бир Пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”.
Башорат қалбга хурсандчилик олиб кирувчи хабардир. “Башаро” инсон териси мазмунини ифодалайди. Башоратни эшитган одам терисида таъсирланиш бўлади. “Башорат” сўзи ҳам асли шундай олинган.
“Аҳмад” исми Пайғамбар алайҳиссалом исмларидан биридир. Бу исм Аллоҳ таолога бошқалардан кўра кўпроқ ҳамду сано айтувчи маъносини англатади. Бундан ташқари, “Аҳмад” исми, гўзал хулқи учун бошқалардан кўра кўпроқ мақталадиган инсон мазмунини ҳам ифодалайди. (Ҳақиқатан, инсоният ичида энг кўп мақталадиган зот, шубҳасиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. – таржимон).
Мана шу оят билан Исо алайҳиссалом Пайғамбар алайҳиссалом ҳақида берган башоратлари қатъий собит бўлган.
Инжилнинг баъзи нусхаларида бу башорат йўқ. Аҳли китоб олимлари Инжилни ўз раъйиларига қараб ўзгартирганлар, ёқмаган жойларини олиб ташлаганлар.
Инжил китобининг айрим нусхаларида, жумладан, Юҳанно Инжилининг 14-бобида бу башорат келган. Унда: “Мен отамдан сизларга Форқлитни ато этишини талаб қиламан. У тоабад сизлар билан бирга бўлади”, дейилган. Форқлит – бу, ҳақиқат ва яқийн руҳидир.
Айрим уламоларга кўра, “Форқлит” сўзи юнонча бўлиб, “Аҳмад” ёки “Муҳаммад” маъносини англатади.
Мана бу оят эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлари Таврот ва Инжилга келганини тасдиқлайди: “Улар шундай кишиларки, уммий (ўқиш ва ёзишни ўрганмаган) Пайғамбарга – номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолда топишадиган – элчимизга (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга) эргашадилар” (Аъроф сураси, 157-оят).
Қуйидаги оятларда Бани Исроил пайғамбарларни инкор этгани баён қилинади:
“Бас, (Исо) уларга (ўзининг ҳақ пайғамбар эканига) аниқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар келтиргач, улар: “Бу очиқ сеҳрдир”, дедилар”.
Исо алайҳиссалом Бани Исроилга ўзининг ростгўйлигини исботловчи очиқ-ойдин мўъжизаларни келтирганида, улар:
– Бу аниқ сеҳр-ку. Унинг сеҳр экани ҳеч кимга сир эмас! – дедилар.
Маълумки, Бани Исроил Исо алайҳиссаломни ёлғончи, деб унга ва онасига туҳмат қилишди. Қолаверса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган таълимотни ҳам рад этишди ва уни сеҳр дейишди. Аслида пайғамбарлар кўрсатган мўъжиза сеҳр эмаслигини яхши билишарди.
Бироқ қалбларида куфр иллати ҳақни айтишдан, ҳақиқат олдида бўйин эгишдан уларни ман қилган эди.

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*